Самарқанд шаҳридаги “Ёшлар маркази” саройида Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот маркази ҳамда Дин ишлари бўйича қўмита ва Маънавият ва маърифат марказининг Самарқанд вилояти бўлимлари ҳамкорлигида “Жаҳолатга қарши – маърифат” ғояси асосида кенг қамровли маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди. Унда вилоят шаҳар ва туманларда маънавий-маърифий соҳада фаолият юритаётган мутахассислар, олий таълим муассасаларининг ўқитувчи ва тьюторлари, имом-хатиблар, имом-ноиблар, отинойилар ва бошқа мутасаддилар иштирок этди.
“Ўзбекистонда давлат ва дин муносабатлари: замонавий ёндашувлар” мавзусида ташкил этилган тадбирда диний соҳадаги давлат сиёсатининг ҳуқуқий, институционал ва маърифий асослари ҳақида сўз юритилди.
Тадбир иштирокчиларига Президентимизнинг жорий йил 21 апрелдаги “Фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқи кафолатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони мазмун-моҳияти, шунингдек, унга мувофиқ тасдиқланган “Диний-маърифий соҳа фаолияти ривожланишини қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирлар дастури”нинг аҳамияти ва ижросининг бориши ҳақида батафсил тушунча берилди.
Тадбир давлат ва жамият ҳаётида диннинг ўрнини тўғри англаш, диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш ҳамда жамиятда бағрикенглик ва маънавий барқарорликни мустаҳкамлаш йўлида муҳим қадам бўлиб, соҳа мутахассисларининг билим ва тажрибасини ошириш, ёш авлод онгида соғлом дунёқарашни шакллантиришда амалий аҳамият касб этди.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати