Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Улуғ алломалар мероси — маънавий қудратимиз асоси

Улуғ алломалар мероси — маънавий қудратимиз асоси

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан Ўзбекистон халқаро исломшунослик академиясида буюк алломаларимиз ҳаёти ва илмий меросига бағишлаб “Аждодлар мероси – маънавият ва маърифат манбаи” мавзусида китоблар кўргазмаси ташкил қилинди. Аллома аждодларимиз қолдирган бебаҳо илмий ва ижтимоий меросни кенг жамоатчиликка танитиш, ёш авлод қалбида китобга муҳаббат ва илмга ҳурмат-эътибор туйғусини мустаҳкамлашга қаратилган ушбу тадбирда Академия профессор-ўқитувчилари, талаба-ёшлар, соҳа мутахассислари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Кўргазмада ислом илмлари ривожига улкан ҳисса қўшган мутафаккирларимизнинг нодир қўлёзмалари, илм-фан, ақида ва ахлоқ мавзусидаги асарларининг замонавий илмий таҳрирда қайта чоп этилган турли нашрлари, уларнинг ҳаёти ва ижоди ҳақидаги китоблар намойиш этилди.

Тадбир очилишида аждодларимиз илмий меросининг бугунги кундаги аҳамияти, уни изчил ўрганиш ва кенг жамоатчиликка етказишнинг долзарблиги ҳақида фикрлар билдирилди. Янги Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, илм ва маърифатга давлат томонидан қаратилаётган юксак эътибор тилга олинди.

Шу ўринда маърузачилар Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепциясининг мазмун-моҳияти ҳақида ҳам атрофлича тўхталиб ўтди. Ушбу концепция мамлакатимизда дин ва давлат муносабатлари, жамиятда бағрикенглик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, ёшларни турли ғаразли ғоялардан асрашга қаратилган амалий чора-тадбирларнинг муҳим асоси экани алоҳида таъкидланди.

Мазкур давлат сиёсатининг амалдаги ифодаси сифатида китобхонликни рағбатлантириш, миллий ва диний меросни кенг оммага етказиш, илм ва маърифатга бўлган ҳурматни юксалтириш каби тадбирлар алоҳида ўрин тутади. Зеро, таъкидланганидек, мутолаа инсон тафаккурини чархлайди, қалбни илҳомлантиради, маънавиятни бойитади. Ёш авлоднинг маънан етук, илмга чанқоқ, комил шахс бўлиб вояга етишида китобнинг ўрни беқиёс. Кўргазмада намойиш этилган асарлар эса фақат тарихий мерос сифатида эмас, балки маънавий-маърифий тарбия воситаси сифатида ҳам аҳамият касб этади.

Тадбир иштирокчилари савол-жавоблар жараёнида ўз фикр ва мулоҳазалари билан ўртоқлашди, энг фаол қатнашчилар рағбатлантирилди. Ёшлар кўргазмада тақдим этилган асарлар билан яқиндан танишиб, бу каби маънавий-маърифий тадбирлар жамиятда китобхонлик маданиятини янада юксалтиришини таъкидлади.

Буюк алломалар меросини янада чуқурроқ ўрганиш, китоб ўқишни ҳаёт тарзига айлантириш – тадбирнинг бош ғоясини ташкил этди.

Зиммамизда буюк аждодлар шаънига муносиб бўлиш, улар қолдирган бебаҳо меросни ўрганиш ва келажак авлодларга етказишдек улкан масъулият бор. Мазкур маърифий тадбир ана шу масъулиятни юксак даражада ҳис этиш, ёшлар қалбида илм ва маърифатга муҳаббат уйғотиш йўлида муҳим қадам бўлди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Яссавия тариқати ва маънавий мерос: Тарих, тадқиқот ва истиқбол

11 июнь куни Тошкентда “Турк дунёси ва Пири Туркистон: Яссавий йўли ва мероси” мавзусида халқаро …