Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Ўзбекистон – диний бағрикенглик ва маърифий тараққиёт намунаси

Ўзбекистон – диний бағрикенглик ва маърифий тараққиёт намунаси

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида “Диний бағрикенглик ва ижтимоий тотувлик: Ўзбекистон тажрибаси” мавзусида халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда Марказ ходимлари, диний соҳа ва жамоатчилик вакиллари, Кувайтдан тарихчи олимлар иштирок этди.

Анжуманда мамлакатимизда виждон эркинлигини таъминлаш, турли дин ва миллат вакиллари ўртасида ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш йўлида олиб борилаётган ислоҳотлар кенг муҳокама этилди.

Марказ илмий ходими Баёзхон Маҳмудов Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқи кафолатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони мазмун-моҳиятини сўзлаб берди.

Фармонда белгилаб берилган вазифалар ижроси юзасидан мамлакатимизда диний бағрикенгликни таъминлаш, диний билимлар асосида маърифатли жамиятни барпо этиш, ислом динининг ҳақиқий инсонпарварлик ва тинчликпарварлик моҳиятини кенг тарғиб қилишга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Шу жумладан, давлат ва дин ўртасидаги муносабатларда ўзаро ҳамкорлик тамойиллари мустаҳкамланмоқда, диний муассасалар фаолиятини қонуний асосда қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Қайд этилганидек, Ўзбекистонда виждон эркинлиги фақат қонун билан кафолатланибгина қолмай, балки амалиётда ҳам ўзининг кенг тасдиғини топмоқда. Бу халқаро миқёсда ҳам эътироф этиляпти. Хусусан, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази каби муассасалар фаолияти, уларнинг ташқи ҳамкорлик алоқалари кенгайиб бораётгани, ислом цивилизациясига оид билимларни илмий асосда ёритиш бўйича ишлар бу йўналишдаги фаол саъй-ҳаракатлар самарасидир.

Тадбир доирасида таниқли уламо Искандар Халилов ўзи нашрга тайёрлаган “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларидан таралувчи нурли жилолар” номли 2 жилдлик китоби тақдимотини ўтказди. Муаллиф тўпламни тартиблаш ва тайёрлаш жараёнлари, ундаги манбаларнинг илмий асослари ва матн таҳрирининг услубий ечимлари ҳақида батафсил маълумот берди.

Китобда олти саҳиҳ ҳадис тўпламидан одоб-ахлоқ ва маънавиятга оид 3550 та ҳадис саралаб олиниб, икки жилдда тартибли равишда жамланган, мавзуларга ажратилиб, мураккаб ифодаларига муфассал шарҳ берилган.

Бу билан муаллиф ҳадисларнинг фақат матнини эмас, балки улар орқали тарқалувчи маърифий ва маънавий зиёни, инсон тарбиясидаги ўрнини очиб беришга ҳаракат қилган. Китобни диний таълим муассасалари, илм аҳли ва кенг жамоатчилик учун мўлжалланган қимматли манба дейиш мумкин.

Кувайт адиблар уюшмаси аъзоси, тарихчи Нодир Васир Ўзбекистонда диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш ва маънавий ҳаётни янада юксалтириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолади. Хусусан, Марказ ўз фаолияти, илм ва маърифатни тарғиб этишдаги ташаббуслари билан нафақат минтақада, балки бутун ислом оламида алоҳида эътибор қозонаётганини таъкидлади.

Нодир Васир, шунингдек, Искандар Халиловнинг “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларидан таралувчи нурли жилолар” китобини Кувайтдаги илмий-адабий доиралар учун ҳам муҳим манба сифатида тавсия этиш ниятини билдирди. Унинг сўзларига кўра, бундай асарлар ислом таълимоти ва ахлоқий қадриятларни ёйиш орқали турли жамиятлар ўртасида англашувни мустаҳкамлашда, маънавий алоқаларни кучайтиришда муҳим ўрин тутади.

Кувайтлик ижодкор иштирокчиларни ўзининг тарихий тадқиқотлар асосида ёзилган “Мовароуннаҳр диёри: Фатҳлар ва истилолар” номли китоби билан таништирди. У мазкур асар орқали Марказий Осиё тарихи, хусусан, Ўзбекистоннинг бой илмий ва маданий мероси ҳақида халқаро жамоатчиликда янада тўлиқ ва холис тасаввур шаклланишига ҳисса қўшишни мақсад қилганини таъкидлади. Китоб Қатар давлатининг Тарих ва ёдгорликлар соҳасидаги мукофотига сазовор бўлгани қайд этилди.

– Мовароуннаҳрнинг энг ажралиб турадиган жиҳати – бу диёрдан ўнлаб эмас, балки юзлаб, балки минглаб буюк уламолар етишиб чиққан. Улар қолдирган бой илмий ва маънавий меросни теран ўрганиш, халқаро миқёсда кенг тарғиб қилиш барча мусулмон жамиятлари учун муҳим вазифалардан бири ҳисобланади, – деди Нодир Васир.

Тадбир якунида Ўзбекистон тажрибаси диний бағрикенглик ва ижтимоий тотувликни таъминлашда муҳим намуна бўлишга лойиқлиги, бу йўналишдаги илмий ва амалий тажрибани халқаро миқёсда ўрганиш ва татбиқ этиш зарурлиги таъкидланди. Тақдим этилган китоблар эса диний-маърифий соҳадаги билимларни бойитиш, маънавий тарбияни юксалтириш ва халқлар ўртасидаги маданий-маърифий алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

“КАТТА КИТОБ” – НАЗАРИЙ МАНБА ёхуд маънавий изланиш рамзи

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Германиянинг Гамбург университети ҳузуридаги Осиё-Африка тадқиқотлари институти билан ҳамкорликда “Зарафшон …