Home / ЯНГИЛИКЛАР / ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОНДАГИ ДИНИЙ-МАЪРИФИЙ ИСЛОҲОТЛАР МИСРНИНГ НУФУЗЛИ НАШРИ НИГОҲИДА

ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОНДАГИ ДИНИЙ-МАЪРИФИЙ ИСЛОҲОТЛАР МИСРНИНГ НУФУЗЛИ НАШРИ НИГОҲИДА

Куни кеча Мисрнинг етакчи нашрларидан бири “Савтул-Азҳар” (Ал-Азҳар овози) газетаси “Янги Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муваффақиятли формуласи” номли мақолани эълон қилди.

Мақолада Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори ўринбосари Ш.Исломовнинг уламолар юрти бўлмиш Ўзбекистонда Президент ташаббуслари билан диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларга бағишланган фикрлари батафсил ёритилган.

Жумладан, унда Янги Ўзбекистонда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш ҳамда диний вазият барқарорлигини таъминлаш борасида эришилаётган муваффақиятнинг асосий омиллари ҳақида сўз боради. “Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги концепциянинг қабул қилингани ушбу соҳадаги ислоҳотларнинг янги сифат босқичини бошлаб бергани кўрсатиб ўтилган.

Ўзбекистон Президентининг диний соҳада қабул қилинадиган ҳар қандай норматив-ҳуқуқий ҳужжатни шошма-шошарликка берилмасдан, ўзбек халқининг манфаатларидан келиб чиқиб қабул қилиш бўйича ташаббусларига юқори баҳо берилган.

Муаллифнинг фикрича, диний соҳада барқарор сиёсатнинг тайёр моделини четдан импорт қилиб бўлмайди. Албатта, бу борада халқаро тажриба муҳим аҳамиятга эга. Лекин ҳар қандай тажриба миллий-диний қадриятларни ҳурмат қиладиган, Ўзбекистоннинг кўп миллатли ва кўп конфессияли шароитини ҳисобга оладиган, энг асосийси, миллий манфаатларга мос бўлиши ўта муҳим.

Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Президен­та халқаро майдонда исломнинг эзгулик, илм-маърифат ва бағрикенгликка асосланган таълимотини очиб бериш, экстремизм, терроризм ва исломофобияга қарши курашишга қаратилган глобал ғоя ва ташаббусларни илгари сурмоқда. Жумладан, 2016 йилнинг 18 октябрида Тошкентда Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгаши 43-сессияси йиғилишида Ўзбекистон Президенти томонидан Самарқандда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш таклифи билдирилди.

2017 йилда Бирлашган Миллатлар Ташки­лоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида иштирок этиб, давлатимиз раҳбари халқаро майдонда ислом динига нисбатан кузатилаётган бир ёқлама салбий муносабатга “Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз. Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади”, дея ўзининг қатъий позициясини ифода этди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотида Ўзбекистон Президенти жаҳон ҳамжамиятига Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини ташкил этиш лойиҳаси ҳақида сўзлади. Дарҳақиқат, Ислом цивилизацияси маркази ўз ғояси ва аҳамиятига кўра бетакрор лойиҳа бўлиб, ислом динининг илмий-маънавий бойлиги, бунёдкорлик салоҳиятини намойиш этишга қаратилган.

Бугунги мураккаб ва таҳликали даврда замонавий таҳдидларга қарши тура оладиган, чуқур билим ва кенг дунёқарашга эга мутахассисларни тайёрлаш вазифаси долзарб аҳамият касб этмоқда. Ана шу мақсадда Ўзбекистонда диний таълим муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштиришга эътибор қаратилмоқда. 2025 йилда Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси қайта таъсис этилди, Диний-маърифий соҳада малака ошириш ва қайта тайёрлаш институти ташкил этилди, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази Вазирлар Маҳкамаси бўйсунувига ўтказилди. Буюк аждодимиз Баҳоуддин Нақшбанд ва нақшбандийлик тариқати алломаларининг юксак инсонпарварлик ғояларини илмий асосда ўрганиш мақсадида Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот маркази иш бошлади. Мақолада бундай бунёдкорлик ва маърифий ўзгаришлардан кўзланган асосий мақсад буюк ўтмишни ҳозирги кун билан боғлаш орқали халқимизнинг маънавий салоҳиятини ошириш, ёшларни замонавий фикрлайдиган, буюк аждодларига ҳар жиҳатдан муносиб авлод этиб тарбиялаш экани қайд этилган.

Шунингдек, мақолада 2025 йил 29-30 апрель кунлари Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан қадимий Самарқанд шаҳрида мотуридийлик ақидавий мактаби асосчиси Имом Мотуридийнинг илмий меросини ўрганишга бағишлаб ўтказилган халқаро конференция дунё уламолари эътирофига сазовор бўлгани таъкидланган. “Мотуридийлик — бағрикенглик, мўътадиллик ва маърифат таълимоти” мавзусидаги ушбу халқаро конференцияда дунёнинг 26 мамлакатидан 70 дан зиёд уламо, халқаро ислом ташкилотлари раҳбарлари, мотуридийшунос олимлар қатнашди. Анжуманда Миср вақф ишлари вазири Шайх Усома Азҳарий, Миср диёри муфтийси Шайх Назир Айяд ва “Ал-Азҳар” нуфузли уламолар ҳайъати аъзоси Шайх Али Жуманинг иштирок этгани конференция нуфузини янада кўтаришга хизмат қилди.

Хулосавий фикр сифатида мақолада диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар Ўзбекистон фуқароларининг виждон эркинлиги ҳуқуқини таъминлаш, ёшларни ёт ғоялар таъсиридан ҳимоя қилиш, дин асосларини чуқур тушунадиган малакали кадрлар тайёрлашга замин яратиб, жамиятда тинчлик-осойишталикни таъминлаш, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини сақлашга хизмат қилаётгани қайд этилган.

ЎзА
Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси 2025 йил 23 май, №104(1430)

Check Also

“КАТТА КИТОБ” – НАЗАРИЙ МАНБА ёхуд маънавий изланиш рамзи

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Германиянинг Гамбург университети ҳузуридаги Осиё-Африка тадқиқотлари институти билан ҳамкорликда “Зарафшон …