Аллоҳ таолога бандани яқинлаштирувчи, Унинг розилигини топиш йўлидаги молиявий ибодатлардан бири қурбонликдир. Кимга қурбонлик вожиб бўлса, у зиммасидаги ишни қилиши зарур. Аммо моли нисобга етмаса ҳам қурбонлик қилишга қурби етса ва у сабабли бўйнида вожиб бўлган бошқа ҳақлар кетиб қолмаса, бундай кишиларга ҳам қурбонлик қилиш яхшидир. Чунки қурбонликда шундай фазилатлар борки, уни тарк қилган одам жуда кўп фойдалардан маҳрум бўлади. Кимнинг шароити бўлмаса, у одам узрли ҳисобланади.
Қурбонлик қилишда кишининг ўзи ва оила аъзоларига байрам кунида кенгчилик яратиш, ночор мусулмонлар орасига раҳм-шафқат ва муҳаббат уруғларини экиш, қалбларга сурур ва шодлик олиб кириш каби эзгу ишлар мужассамдир. Қурбонлик қилиш Аллоҳ таолонинг берган неъматларига шукрона, нафсни иллатлардан поклаш ҳамда банданинг Яратувчи амрига итоати ва тақвосининг кўринишидир. Шу сабабли Қуръони каримда: “Аллоҳга (қурбонлик) гўштлари ҳам, қонлари ҳам етиб бормас. Лекин У зотга сизлардан тақво етар. Аллоҳ сизларни ҳидоят қилгани сабабли – У зотни улуғлашларингиз учун – уларни сизларга бўйсундириб қўйди. Эзгу иш қилувчиларга хушхабар беринг!” (Ҳаж сураси, 37-оят), деган кўрсатма бордир.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда мусулмонларга: “Сиз парвардигорингизга намоз ўқинг ва қурбонлик қилинг”, деб амр қилган (Кавсар сураси, 2-оят). Мақсад банданинг Аллоҳ амрига итоати ва тақвосини намоён этишдир.
Ҳусайн ибн Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки қурбонликни хурсанд бўлиб ва савоб умидида қилса, қилган қурбонлиги у учун дўзахдан (ҳимояловчи) парда бўлади”, дедилар” (Имом Табароний ривояти).
Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Биз Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Қурбонликнинг ҳақиқати нима?” деб сўрадик. У зот: “Сизларнинг отангиз Иброҳим алайҳиссаломнинг суннатидир”, дедилар. Биз: “Ундан бизга нима фойда бор?” дедик. У зот: “Ҳар бир тук эвазига битта яхшилик”, дедилар. Биз: “Эй Расулуллоҳ, юнги-чи?” дедик. У зот: “Юнглардан ҳар бирига битта яхшилик”, дедилар”. Қурбонлик Аллоҳ таолога яқинлик ҳосил қилиш учунгина қилинади.
Аллоҳ таоло банданинг қурбонлигига муҳтож эмас, аксинча банданинг ўзи қурбонлик сабабидан бериладиган ажрга муҳтож.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қурбонлик куни Одам боласи қурбонлик қилишидан кўра Аллоҳга маҳбуброқ бирор бир амал қилган эмас. Қурбонликка сўйилган жонивор қиёмат куни ўз шохи, туёғи ва юнглари билан келади. Қурбонлик қони ерга тушишидан аввал Аллоҳ таолонинг ҳузурида хос мақомга эга бўлади. Шунинг учун мамнуният ила қурбонлик қилинглар”, дедилар” (Ибн Можа ва Имом Термизий ривояти).
Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фотима розияллоҳу анҳога: “Қурбонлигингни олдида туриб гувоҳ бўлгин. Чунки қурбонлик қонининг биринчи қатраси билан ўтган гуноҳларинг мағфират қилинади”, дедилар. Шунда Фотима розияллоҳу анҳо: “Эй Расулуллоҳ! Бу фақат бизнинг оиламиз учунми ёки биз ва барча мусулмонлар учунми?” деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Биз ва барча мусулмонлар учун”, дедилар”.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Зулҳижжанинг ўнинчи куни қурбонлик қилиш кунидир. Бу кунда ҳар ким қурбонлик қилса, Аллоҳ таоло қурбонлик қонининг ҳар қатраси баробарига унинг ва аҳли оиласининг гуноҳларини мағфират этади. Қурбонликнинг гўштидан таом тайёрлаб мусулмонларга берса ёки гўштини садақа қилса, унинг савоб тарозисини Уҳуд тоғидан ҳам оғирроқ қилади”, деганлар”.
Биз кўпроқ савобли амалларни ахтариб топиб, унга амал қилишимиз керак. Чунки гуноҳлар атрофимизда сочилиб ётибди. Ҳар қадамда гуноҳ, шу сабабли гуноҳлардан савобларимизни сақлай билайлик.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадиси шарифда бундай дейилган: “Ёш, навқирон, бақувват жониворларни қурбонлик қилинглар. Чунки улар (қиёмат куни) сирот кўприги устидаги уловларингиздир”. Бошқа бир ҳадисда: “Қурбонликни катта қилинглар, чунки Сирот кўпригидан ўтаётганингизда у сизларга уловлик вазифасини бажаради”, дейилган.
Али розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бундай ривоят қилади: “Кимки қурбонлик қилиш учун бозорга борса, Аллоҳ таоло унинг ҳар бир қадамига ўнта савоб беради ва гуноҳларини кечиради. Қурбонликни савдо қилаётган вақтида, унинг ҳар бир айтган сўзини тасбеҳ ўрнида қабул қилади. Қурбонлик учун берган ҳар бир дирҳамига етти юз дирҳам савобини беради. Қурбонликнинг ҳар қатра қонидан ўнта фариштани яратади ва улар қиёматгача шу банда учун истиғфор айтади. Қурбонлик гўштининг ҳар луқмаси учун Исмоил алайҳиссалом фарзандларидан бир қулни озод қилгандек савоб беради”.
Қурбонликнинг кўплаб фазилатлари бор. Инсонлар ўртасида меҳр ва муҳаббатни пайдо қилади, адоватни кетказади, гуноҳлар тўкилишига сабаб бўлади. Камбағал киши учун ҳам қурбонлик қилиш муносиб ва мустаҳаб бўлган амаллардан ҳисобланади.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, қурбонликнинг ҳикмати ва фазилатлари қуйидагиларда ўз аксини топади:
- Қурбонлик қилиш билан Аллоҳнинг раҳматига яқин бўлиш мақсад қилинади.
- Қурбонлик Аллоҳнинг шиорлари ва диний маросимларни улуғлаш, ҳурматлаш демакдир. Қурбонлик қилиш қалблардаги тақво аломати.
- Байрам куни қурбонлик сўйиш хурсандчилик устига яна бир хурсандчиликдир. Бу инсоннинг ўзи ва аҳли оиласига кенгчилик бўлиши учун василадир. Қўшнилар, қариндошлар, дўстлар, фақирлар ва мискинларнинг кўнгилларига шодлик олиб кириш учун энг яхши фурсатдир.
- Тақвога эришиш. Аллоҳ таолога қурбонликнинг гўштлари ҳам, қонлари ҳам етиб бормайди. Лекин тақводор бандаларнинг тақвоси ва ихлоси етиб боради.
- Қурбонлик Аллоҳ таолога ҳисобсиз неъматлари учун шукур қилишнинг бир кўринишидир. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло инсонга санаб бўлмайдиган даражада кўп неъматлар ато этди. Жумладан, соғлик, бойлик, онг ва имон. Қурбонлик шу неъматларнинг ожизона бир шукронаси ўлароқ банда томонидан амалга ошириладиган ишдир. Аллоҳ таолонинг розилиги учун қурбонлик қилиш ислом таълимотидаги буюк амаллардан саналади.
Аллоҳ таоло барчамизни Ўз ҳифзу ҳимоясида асрасин. Қалбимиздаги тақво ва ихлосни ҳамда имонимиз нурини зиёда қилсин!