Home / МАҚОЛА / ҚУРИЛИШЛАРДА ИШТИРОК ЭТИШНИНГ ҲУКМИ

ҚУРИЛИШЛАРДА ИШТИРОК ЭТИШНИНГ ҲУКМИ

Одамларнинг меҳнат фаолияти ислом қайтарган ишлар жумласидан бўлмаса, ҳалоллигига шубҳа йўқ. Қурувчилар касби тақозоси билан бино қуришда иштирок этиши ҳам шаръан жоиз. У бинодан нима мақсадда фойдаланилишининг аҳамияти йўқ. Бино қурилишига ҳисса қўшиш зулм эмас, балки ҳалол меҳнат билан кун кечиришдир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Киши еган таомининг энг ҳалоли икки қўли билан меҳнат қилиб топганидир”, деганлар.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг мавжудлиги динимиз буюрган ишлардан ҳисобланади. Уларнинг ходимлари Ватан, халқ ва жамоатчилик ҳимоясига камарбаста бўлган фидоий инсонлардир. Эл-юрт тинчлигини, шу орқали фаровонлигини таъминлашда уларнинг ҳиссаси жуда катта. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ йўлида бир кун қўриқчилик қилиш, ундан бошқа манзилларда минг йил туришдан яхшироқдир”, деганлар. Аҳолисининг катта қисми мусулмон бўлган юртни ҳимоя қилиш, унда тартиб сақлаш Аллоҳ йўлида қўриқчилик қилишдан бошқа нарса эмас.

Имом Бухорий ўз “Саҳиҳ”ида бундай келтирган: “Анасдан ривоят қилинади: “Қайс ибн Саъд Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида амирнинг ҳузуридаги миршаббошидек эди”. Демак, бундай вазифани бажарувчилар Пайғамбаримиз алайҳиссалом даврларида ҳам бўлган.

Соқчилик тизимини биринчи бўлиб Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу жорий қилган. У шаҳарни тунда сайр қилиб, шубҳали одамларни фош қилар эди.

Али ибн Абу Толиб биринчи ҳибсхонани қурдирган шахс сифатида ислом тарихига муҳрлаган.

Ҳар бир жамиятда жиноятчилар бор экан, ҳибсхона ҳам бўлиши табиий. Чунки жиноятчига жазо тайинлангунга қадар уни қаердадир сақлаб туриш керак бўлади. Аммо баъзилар: “Милицияхонада аксар ҳолларда яхшига ҳам, ёмонга ҳам зулм қилинади. Адолат билан ҳукм қилинмайди. Буни ходимларнинг ўзлари ҳам яхши билади. Шу сабабли милицияхона биноси қурилишида қатнашиш зулмга ёрдам бериш бўлиб қолади”, дейди. Бу жуда катта жоҳиллик бўлиб, мавҳум ижтимоий фикрлар пайдо бўлишига олиб келиши мумкин. Бу гап “светофорнинг нима кераги бор, у шариатда йўқ” деганга ўхшайди. Ҳолбуки, инсониятнинг фойдасига хизмат қиладиган ҳар қандай янгилик шариат нуқтаи назаридан хайрли ҳисобланади.

Қодирхон МАҲМУДОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

МИСРДАГИ ИККИНЧИ ТУРКИЙ СУЛОЛА – ИХШИДИЙЛАР ҲАҚИДА

Бир неча аср давом этган халифалик тузумига оид маълумотлар ичида  туркий сулолалар ҳақида қатор маълумотлар …