Home / МАҚОЛА / ИЛМ ОЛИШ УЧУН ВАТАННИ ТАРК ҚИЛИШ ҲИЖРАТМИ?

ИЛМ ОЛИШ УЧУН ВАТАННИ ТАРК ҚИЛИШ ҲИЖРАТМИ?

Ижтимоий тармоқда йўлдан адашиб, чет элда диний таълим олаётган айрим кимсалар ўзларини ҳижратда санаётганларини ва юртга қайтиб яқинларини ислоҳ қилмоқчи эканини гувоҳи бўлдик.  Улар ҳақиқатда ҳижратдами? Ё илм олиш учун Ватанни тарк қилиш ҳижратми? Қирқ фарзнинг бири бўлган амру маъруф ишини ҳамма ҳам қила оладими?  Шу ҳақда тўхталсак.

Аввало, ҳижратнинг шаръий таърифига тўхталамиз. Фиқҳ китобларида ҳижрат шундай таърифланади: “Куфр диёридан ислом диёрига динини сақлаб қолиш ва динига эркин амал қилиш учун кўчиш ҳижратдир.”

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам даврида бу Маккадан Мадинага кўчиш билан боғлиқ бўлган. Макканинг фатҳидан кейин эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фатҳдан кейин ҳижрат йўқ,” деб айтдилар. (Имом Бухорий ривояти).

Ислом динида Ватанини тарк этган ҳар қандай кимса муҳожир саналмаганидек, чет элга кетиш ислом аҳкомлари бўйича ҳар доим ҳам ҳижрат саналмайди. Илм олиш учун Ватанни тарк қилиш ҳижрат эмас. Жумладан, шаръий жиҳатдан илм олиш учун Ватанни тарк қилиш ҳам “ҳижрат” ҳисобланмайди, лекин бу амал “илмий сафар” ёки “талабул илм йўлида сафар қилиш” деб аталади.

Исломда илм олиш учун сафар қилиш жуда улуғ ишлардан бири ҳисобланади, қачоники киши ўзи ва жамият учун манфаатли илмни олиб ўз юртида бу илм билан ўзи ва жамиятига манфаат олиб келса. Аммо илмни, хусусан диний илмни олиб, у билан жамиятда турли парокандалик ва ихтилофлар келтириб чиқарса, ёки шунга ҳаракат қилса,  ундай одам олим эмас, балки фитначи саналади.

Шунингдек, агар киши диний амалларини эркин бажариб турган Ватанидан илм олиш учун хорижга чиқса, бу сафар ҳижрат эмас, балки савобли илм сафаридир.

Илм талабида сафарга чиқишнинг ҳам бир неча шартлари мавжуд:

  1. Ўз юртидаги уламолардан таълимни олиш ва ундан сўнг илмини янада мукаммал қилиш учун талаби илм ниятида ўзга юртга сафар қилса бўлади. Бу сўзимизга Имом Бухорий ҳазратлари мисол бўла олади. Яъни, Имом Бухорий Бухоро уламоларидан уларда мавжуд илмни олиб бўлгандан кейин ўзидаги илмни янада мукаммал қилиш ва бу илм билан умматга хизмат қилиш мақсадида сафарга чиқди.
  2. Илмни холис ният билан олинади. Хусусан шаръий билимларни ўрганишда мақсад дин ва жамиятга хизмат бўлмоғи зарур. Агар бу соҳиби илм жамиятда фитна ва парокандалик тарқалишига сабаб бўлса, унинг илмидан на дунёда ва на охиратда ўзи ва одамлар учун манфаат бўлмайди.
  3. Ислом аҳкомларига кўра диний илм дуч келган кишидан олинмайди ва диний таълимни ҳам ҳар қандай киши беришга ҳақли эмас. Диндан сабоқ бериш учун аввало маҳаллий уламолар томонидан имтиҳон қилиниб, кейин унга агар бу ишга салоҳиятли бўлсагина рухсат этилган. Тарихга қарайдиган бўлсак, ҳатто Имом Бухорийдек уламолар ҳам диндан таълим бериш учун, олдин Боғдод, Нишопур, Самарқандда маҳаллий уламолар томонидан имтиҳон қилинган. Шу сабабли, диний таълимни қаерда олганидан қатъий назар диндан сабоқ бермоқчи бўлган ҳар бир киши уламолар кенгашида имтиҳондан ўтмоғи шарт қилинади.
  4. Ватандан ташқарида олинган илм агар Ватанда турли тушунмовчиликлар ва ихтилофлар келтириб чиқаришга сабаб бўлса, ундай илм оммага тақдим этилмайди. Тарихда замондошлари Ҳазрати Имом деб улуғлаган фақиҳ Абу Бакр Қаффол Шоший шофеъий уламолардан бўлишига ва узоқ йиллар шу мазҳабдан талабаларга дарс берган бўлишига қарамасдан, Шошга келганида ҳанафий мазҳабидан таълим бердилар. Чунки, алломанинг мақсади халқ орасида фитна чиқариш эмас, аксинча илм-маърифатни тарқатиш эди. Аллома вафот этганда унинг ҳанафий шогирдлари устозни ҳурмати учун уни шофеъ мазҳабига кўра дафн этишади. Илм олишда нияти холис бўлган бундай зотларни кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Аммо “Ниятим холис” деб, ўзидаги исломий илм билан жамиятда фитна ва ихтилофлар тарқатишга сабаб бўлганлар ҳам афсуски тарихда ҳам, гувоҳи бўлиб турганимиздек ҳозир ҳам, кўплаб топилади.

Шаръий манбаларда таъкидланганидек, илм олиш учун сафар – ҳижратдан фарқ қилади. Талабул илм сафари –динини асраб қолиш учун эмас, балки илм излаш ниятида юртдан чиқишдир. Бу сафар узоқ вақтга ҳам чўзилиши мумкин, лекин мақсад, юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, илм олиш, кейин уни юртига қайтиб хизмат қилиш бўлмоғи зарур.

Уламолар илм сафарига жуда катта аҳамият беришган. Имом Бухорий, Имом Аҳмад, Имом Моликлар илм йўлида юртдан юртга сафар қилганлар. Имом Нававий айтадилар: “Илм олиш йўлида қилинган сафар – улуғ ибодатлардан бири.” (Ал-Мажмуъ, 1/20).

Юқорида келтирилганлардан маълум бўладики, илм олиш учун туғилиб ўсган жойидан чиқиш ҳижрат эмас, балки сафар ва у жуда савобли амал. Илм сафаридан мақсад  ўрганганини юртига қайтиб, халқ манфаатига хизмат қилиш бўлмоғи зарур. 

Демак, илм олиш, хусусан диний таълим олиш дунёвий манфаатлар учун эмас, балки абадий савоб ва халқнинг бахти учун қилинса, энг улуғ ибодатга айланади. Ният тўғри бўлса, ҳатто кичик илм ҳам катта барака келтиради.

Нодир ҚОБИЛОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

УСТОЗ КИМ?

Аллоҳ  Таоло оламларни  бунёд этгандан сўнг унга сарвар қилиб Инсонни – Ҳазрати Одам Ато алайҳиссаломни …