Home / МАҚОЛА / ҲАНАФИЙ МАЗҲАБИДА ВИТР НАМОЗИНИНГ ҲУКМИ

ҲАНАФИЙ МАЗҲАБИДА ВИТР НАМОЗИНИНГ ҲУКМИ

Баъзилар: “Витр намози фарз эмас, мустаҳаб амаллардандир. Ҳанафий мазҳабининг уламолари уни вожиб деган. Лекин жумҳур уламолар уни мустаҳаб деган. Демак, биз жумҳур уламоларга эргашмоғимиз керак”, деган нотўғри даъвони қилади. Улар ўзларининг бу нотўғри даъволари билан витр намозининг вожиб эканини инкор қилмоқчи бўлади. Ваҳоланки, ҳанафий мазҳабида витр намозининг вожиблиги далиллар асосида исботланган-ку. Энди, ўша далил-ҳужжатларни бирма-бир кўриб чиқамиз.  

Витрнинг луғавий маъноси тоқ деганидир. Аммо витр ҳукмида мазҳаб имомлари ихтилоф қилган. Бизнинг ҳанафий мазҳабимизда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Албатта, Аллоҳ сизларга бир намозни зиёда қилди, ўша намоз витрдир” деган сўзларига асосланиб вожиб, дейилган. Яъни ҳанафий мазҳаби витр намозини, вожиб деган. Бошқа мазҳаблар эса вожиб эмас, деган. Чунки ҳанафий мазҳабидан бошқа мазҳабларда фарз ва вожиб тушунчалари бир маънони, яъни ҳанафий мазҳабидаги фарз маъносини англатади. Шунинг учун уч мазҳаб вакиллари беш вақт намоз фарз экани ҳақидаги далил ва ҳужжатларни келтириб, витрни ҳам вожиб десак, олти вақт намоз бўлиб қолади, деган тўхтамга келган.

Ҳанафий мазҳабимизда эса, фарз билан суннат орасида вожиб борлиги, витр намози ҳақидаги далиллар фарздан кучсиз, суннатдан кучли экани айтилади. Витр бир салом билан уч ракат ўқиладиган вожиб намоздир. Барча ракатларида Фотиҳа ва зам сура ўқилади.

“Мухтасарул Виқоя”да витр борасида бундай дейилган:

“Витр уч ракат бўлиб, бир салом билан вожиб бўлади. Учинчи рукудан олдин икки қўлни кўтарган ҳолда такбир айтилади, сўнгра бошқасида эмас, фақат унда доимо қунут ўқилади” (Убайдуллоҳ ибн Масъуд Бухорий. Мухтасарул Виқоя. – Қозон, 1911. – Б. 20.).

Бу ерда “бир салом” дегани витрнинг орасини ажратиб, аввал икки ракат ўқиб салом бериб, сўнг бир ракат ўқиб салом бериш ҳанафийлик мазҳабига мувофиқ эмаслигини билдиришдир. “Бошқасида эмас”, деган сўзнинг маъноси эса мазҳабга кўра хуфтондан кейин ўқиладиган витрдагина “қунут дуоси” ўқилади, бомдодда ёки бошқа намозларда “қунут дуоси” йўқлигини билдиришдир.

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:Эй Қуръон аҳли, витр намозини ўқинг. Аллоҳ тоқдир, тоқни яхши кўрур”, дедилар” (“Сунан” эгалари ривоят қилган).

Аллоҳ тоқдир жумласи шериги йўқ, жуфт эмас деган маънони билдиради. Шу маънода олиб қараганда Аллоҳ таоло витр (тоқ) намозини яхши кўриши аён бўлади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўмин-мусулмонларга “Эй Қуръон аҳли”, деб мурожаат қилишлари, “Витр намозини ўқинг”, деб амр қилишлари бу намознинг вожиб эканини, ўқимаса бўлмаслигини кўрсатади. Ортидан “Аллоҳ тоқдир, тоқни яхши кўрур!” дейишлари ҳам шу маънони билдиради.

Хорижа ибн Ҳузофа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бизнинг олдимизга чиқиб:
“Албатта, Аллоҳ таоло сизларга бир намозни зиёда қилди. У сизлар учун қизғиш туялардан ҳам яхшидир. У ҳам бўлса, витрдир. У зот сизларга уни хуфтондан то тонг отгунча қилди”,
дедилар” (Абу Довуд, Термизий ва Ҳоким ривоят қилган).

Бу ерда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, Аллоҳ таоло сизларга бир намозни зиёда қилди”, демоқдалар. Агар у суннат ёки нафл бўлганида, Аллоҳ таоло алоҳида буюрмаган бўлар эди. Демак, витрнинг вожиблиги шундан ҳам аён бўлмоқда.

Ўша пайтда қизғиш туялар арабларнинг энг обрўли мулки бўлган. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “У сизлар учун қизғиш туялардан ҳам яхшидир”, деганлари витр намози қанчалар фазлга эга эканига яна бир далилдир. 

Мазкур ҳадис ушбу намознинг вожиб экани тўғрисида ҳанафийлар томонидан билдирилган фикрни қувватловчи кучли далилдир. Ушбу ривоятдаги “У зот сизларга уни хуфтондан то тонг отгунча қилди”, деган жумладан витр намозининг аввалги ва охирги вақтлари ҳам билинади.

Ҳанафийликда витрни вожиб деб белгиланишининг ўзи ушбу мазҳабнинг афзаллигини исботлайди. Мазкур мазҳаб вакиллари витрни вожиб деб адо қилар экан, бошқа мазҳаб вакилларидан кўра обидроқ эканини ҳам исботлаган бўлади.

Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:

“Витр ҳар бир мусулмонга ҳақ вожибдир” (Дорақутний, 2/1659).

“Витр ҳар бир мусулмонга ҳақ (мажбурий)дир” (Абу Довуд, 1/1424).

Бошқа ҳадисда витрнинг вожиблиги янада кескинроқ ифодаланган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу гапларини уч марта такрор-такрор айтганлар: “Витр ҳақ вожибдир. Кимки витр ўқимаса, биздан эмас!” (Абу Довуд, 1/1421; Ҳоким, 1/1146; Байҳақий, 2/4251; Аҳмад, 5/23069).

Хулафои рошидинлардан бири Умар розияллоҳу анҳу: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ёдлаб олган уч нарсамни сен ҳам ёдингда сақла!” деб, “Витрни ўқиб бўлмагунча ухлай кўрма!” деган (Ҳоким, 4/175).

Ҳанафийлик мазҳабида витр намозининг қазоси ҳам ўқилиши ушбу мазҳабнинг тақвога, шаръий амалга катта эътибор берганини, ҳадисларга амал қилишда диққатли эканини билдиради. Суннат ёки нафлнинг қазоси ўқилмаслиги ўз-ўзидан маълум. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Ким витрни ўқимасдан ухлаб қолган ёки унутган бўлса, уни эслаган заҳоти ўқиб олсин!” (Абу Довуд, 1/1431; Ҳоким, 1/302; Байҳақий, 2/480; Дорақутний, 2/22).

Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳудан бундай ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Витр ҳар бир мусулмон зиммасидаги ҳақдир. Ким беш ракатли витр қилмоқчи бўлса, қилсин. Ким уч ракатли витр қилмоқчи бўлса, қилсин. Ким бир ракатли витр қилмоқчи бўлса, қилсин”, дедилар(Абу Довуд ва Насоий ривояти).

Ушбу ҳадисдаги Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Витр ҳар бир мусулмон зиммасидаги ҳақдир” деганлари вожиб маъносидадир. 

Шунинг учун ҳам ушбу ҳадис ҳанафий мазҳабининг энг кучли далилларидан бири ҳисобланади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам витр ҳар бир мусулмон зиммасидаги ҳақ эканини таъкидлаш билан бирга, уни неча ракат бўлишига кенг йўл очиб, бир, уч ёки беш ракат бўлиши мумкинлигини айтмоқдалар. Шулардан бир ракатини шофий мазҳаби, уч ракатини ҳанафий мазҳаби танлаган.

Ҳанафийларда витр намози вожиб амал бўлиб, ўқилмай қолса, қазоси ўқилади. Витр намози уч ракатдир. Бу уч ракат бир ният билан ўқилади ва намоз охирида икки томонга салом берилади. У шу жиҳатдан шом намозига ўхшайди. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Шом кундузнинг витри, тунда ҳам витр ўқинглар!” деган маънода гапирганлар.

Абдувоси ШОНАЗАРОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ЎЗБЕКИСТОН ЗИЁРАТГОҲЛАРИ ТАРИХИГА НАЗАР: “ШОҲ МАНСУР ВА ШОҲ НОСИР” ЗИЁРАТГОҲЛАРИ

Қадимий тарихимиз ва маданиятимиз, аждодларимизнинг жаҳон маданияти ривожига қўшган ҳиссаси ҳозирги кунда ҳам турмушимизнинг барча …