Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ҳадис илми мактаби ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепциясига бағишланган тарғибот тадбири ўтказилди.
Марказ илмий ходими Жонибек Жумаев кўп миллатли ва кўп конфессияли Ўзбекистон жамиятидаги миллатлараро ва динлараро бағрикенглик, ҳамжиҳатлик ва ўзаро ҳурмат тамойиллари ҳақида сўз юритиб, Концепциянинг ҳуқуқий асослари, тарихий ва замонавий аҳамияти, ижтимоий муносабатларда тутган ўрни ҳақида сўзлади.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепцияси мамлакатимизда дин ва давлат муносабатларини ҳуқуқий асосда тартибга солувчи муҳим ҳужжат бўлиб, фуқароларнинг эътиқод эркинлигини кафолатлаш, экстремизм ва радикализмнинг олдини олиш, ёш авлодни соф ислом бағрикенглиги ва маърифатпарварлик анъаналари руҳида тарбиялашда муҳим ўрин тутади.
Тадбир давомида иштирокчилар бугунги кунда дунёда кечаётган жараёнлар, мафкуравий таҳдидлар, дин ниқоби остида амалга оширилаётган турли фитна ва ёвузликлар, шунингдек, диний бағрикенгликнинг аҳамияти ҳақида фикр алмашди. Концепция доирасида кўзда тутилган устувор йўналишлар ва амалий чора-тадбирлар хусусида ҳам мулоҳазалар билдирилди.
Талабалар диний соҳадаги давлат сиёсатига оид билим ва тушунчаларини янада мустаҳкамлаб, ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар олди.