Самарқанд шаҳридаги “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университетида Туркиянинг Памуккале университети ҳамда “Science and Innovation” халқаро илмий журнали ҳамкорлигида “Ипак йўли ва Турк дунёси: Маданиятлар алмашувида тил, адабиёт, таржима ва гастрономик туризм интеграцияси” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Унда маҳаллий ва хорижлик олимлар, профессор-ўқитувчилар ҳамда илмий тадқиқотчилар иштирок этди.
Шўъба йиғилишларида соҳа мутахассислари томонидан Марказий Осиё мутафаккирлари фаолияти, ислом цивилизацияси арбобларининг динлараро ва миллатлараро бағрикенгликни таъминлашдаги ўрни ва аҳамияти каби мавзуларда маърузалар тингланди.
Конференцияда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими Йўлдошхон Исаев “Абу Ҳафс Бужайрийнинг тафсир илми ривожига қўшган ҳиссаси” мавзусида маъруза қилди. Тадқиқотчи алломанинг Шарқ ренессансида тутган ўрни, шунингдек, унинг қаламига мансуб “Жомиул муснад” асарининг ислом дини моҳиятини чуқур англаш, тафсир ва ҳадис илмидаги аҳамияти ҳақида сўзлади. Шу билан бирга, Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан бошқа буюк мутафаккирларнинг ислом цивилизацияси равнақига қўшган улкан ҳиссаси ҳақида алоҳида маълумот берди.
Й.Исаев маъруза якунида ёш авлоднинг имон-эътиқоди мустаҳкам бўлиб улғайиши, шунингдек, фарзандларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда аждодларимизнинг бой маънавий мероси беқиёс аҳамиятга эга эканини қайд этди. Шунингдек, мамлакатимизда фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар, хусусан, Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепцияси аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтди. Ушбу концепция жамиятда динлараро тотувликни, бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш, шу билан бирга, диний эътиқод эркинлигини кафолатлаш орқали фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилишини таъкидлади.
Ўзбекистонда ўтказилаётган бундай халқаро илмий-амалий конференциялар маданиятлар алмашувига хизмат қилиб, мамлакатимизда истиқомат қилаётган турли миллат ва элат вакиллари ўртасидаги ҳамжиҳатликни, шунингдек, миллатлараро ва конфессиялараро тинчлик ва тотувликни таъминлашда муҳим ўрин тутади.