Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / “КАТТА КИТОБ” – НАЗАРИЙ МАНБА ёхуд маънавий изланиш рамзи

“КАТТА КИТОБ” – НАЗАРИЙ МАНБА ёхуд маънавий изланиш рамзи

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Германиянинг Гамбург университети ҳузуридаги Осиё-Африка тадқиқотлари институти билан ҳамкорликда “Зарафшон воҳаси маданий бойликлари” туркумида навбатдаги онлайн семинар бўлиб ўтди. Унда Марказ ходимлари, юртимиз ва хориждаги илмий муассасалар тадқиқотчилари, шунингдек, Германия, Туркия ва АҚШдан олимлар иштирок этди.

Семинарда Гумбольдт номидаги Берлин университети профессори др. Ясемин Гўкпинар “Форобийнинг “Мусиқа ҳақидаги Катта китоби”да Ватанга яқинлашув ва ундан узоқлашув тамойиллари” мавзусида маъруза қилди.

Олима машҳур мутафаккир ва файласуф Абу Наср Форобийнинг “Мусиқа ҳақидаги Катта китоб” асарини, фақат назарий манба эмас, балки муаллифнинг шахсий келиб чиқиши, географик илдизлари ва фикрий масофаларини ифода этувчи рамз сифатида таҳлил қилиб берди.

– Форобий бу асарида нафақат мусиқанинг назарий асосларини ёритади, балки мусиқа асбоблари воситасида Ватанга маънавий яқинлашишга интилади, – деди Гўкпинар хоним.

Унинг фикрича, муаллиф асарнинг баъзи қисмларида онгли равишда юнон манбаларидан узоқлашиб, маҳаллий, яъни Марказий Осиёга хос унсурларга мурожаат қилган. Бу орқали мусиқа назарияси орқали Ватан билан маънавий алоқа ўрнатган бўлиши мумкин.

Маърузада иштирокчилар эътиборини тортган асосий жиҳатлардан бири танбур ва шаҳруд каби минтақамиз халқлари маданиятига хос мусиқа асбобларининг таҳлили бўлди. Асарда, айниқса, сўғдийлар ихтироси бўлмиш шаҳрудга кенг ўрин берилгани, унинг Бағдод, Шом ва Мисрда тарқалиши, илмий тушунчаларни англатишдаги аҳамияти таъкидлангани – бу Форобийнинг ўз юрти маданиятига чексиз ҳурмат-эҳтиромини кўрсатувчи муҳим ишора сифатида талқин этилди.

Маърузачининг фикрига кўра, Форобий асарининг баъзи қисмларида араб ҳукмдорларига нисбатан муайян фикрий масофа кузатилади. Бу, эҳтимол, у ўзини бошқа маданиятга мансуб деб ҳис қилгани билан боғлиқ.

– У ўзини ҳукмрон синфга насабдош ё тобе эмас, балки мукаммаллик ва илмга содиқ олим деб билган, – деб таъкидлади Гўкпинар хоним.

Маъруза давомида грек ва ислом олами ўртасидаги юнонча-арабча таржимонлик анъаналари, Бағдоддаги космополитик руҳият (турли миллат, маданият, тил ва дин вакиллари биргаликда тинч ва ҳамжиҳат яшайдиган, очиқ, хилма-хиллик ва ранг-барангликни қўллаб-қувватловчи муҳит) ва мусиқа назариясида амалий ечимларнинг ўрни ҳам алоҳида ёритилди.

Маъруза қуйидаги хулоса билан якун топди: “Мусиқа ҳақидаги Катта китоб” – бу фақат назарий асар эмас. У – фикрий сафар, Ватанга ботиний қайтиш, маънавий изланиш ва ўзликни қайтадан кашф этиш инъикоси. Форобий мусиқани нафақат ақл билан тинглаш, балки қалб ва руҳ орқали ҳис этишга чорлайди.

Тадбир иштирокчилари маърузани замонавий илм-фан ва маданий меросни уйғунлаштирган илмий таҳлил сифатида юксак баҳолади.

Семинар қизғин савол-жавоблар билан давом этди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Туркистонда Ўзбекистоннинг бағрикенглик сиёсати намойиши

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан Қозоғистон Республикасининг Туркистон шаҳрида жойлашган “Азрет Султан” (“Ҳазрати Султон”) …