Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Бағрикенглик ранг-барангликдаги бирдамликдир

Бағрикенглик ранг-барангликдаги бирдамликдир

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Самарқанд давлат чет тиллар институти ҳамкорлигида “Диний бағрикенглик ва ижтимоий тотувлик” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.

Халқаро алоқаларни янада мустаҳкамлаётган Ўзбекистонда келажак бунёдкорлари бўлмиш ёшлар чет тилларни ҳам пухта ўрганмоқда. Бу қувонарли ҳолат, албатта. Тил билган элни ҳам билади. Яъни, бошқа миллат ё элатнинг тили ўрганилганда, киши ўз-ўзидан унинг маданияти, урф-одатлари, турмуш тарзи, эътиқоди билан ҳам танишиб боради.

Ҳозирги кунда Ўзбекистон миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик борасида жаҳон аҳли учун ўрнак бўладиган мамлакатлардан саналиши хорижлик давлат ва сиёсат арбоблари, уламо ва экспертлар томонидан кўп эътироф этилади. Юртимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат, турли диний конфессиялар вакиллари тинч-омон, аҳил-иноқ яшаб келаётгани ижтимоий барқарорликнинг асосий омили бағрикенглик эканига бир тасдиқдир.

Тадбирда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари Жонибек Жумаев ва Баёзхон Маҳмудов миллатлараро тотувлик ва конфессиялараро толерантлик тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, бунёдкорлик ва тараққиётнинг энг муҳим шартларидан эканини таъкидлади.

– “Бағрикенглик тамойиллари декларацияси”да “Бағрикенглик – ранг-барангликдаги бирдамлик. Бу фақат маънавий бурчгина эмас, балки сиёсий ва ҳуқуқий эҳтиёж ҳамдир. Бағрикенглик – тинчликка эришишни таъминловчи ва уруш деб номланган маданиятсизликдан тинчлик деб номланган маданиятга элтувчи йўлдир”, – деб ёзиб қўйилган деди Ж.Жумаев. – Дарҳақиқат, Ватанимиз тарихига назар ташласак, энг мураккаб, зиддиятли, оғир даврларда ҳам юртимизда диний асосда бирор низо ё можаро содир бўлмаган. Чунки халқимиз диний бағрикенглик борасида кўп асрлик анъаналарга таянувчи тажрибага эга. Биз ҳам аждодларимиз каби бағрикенглик тамойилларига таянсак, мақсадга мувофиқ бўлади.

Юртимизда миллатлараро тотувликни, давлатлараро бирдамлик ва ҳамкорлик руҳини мустаҳкамлашга қаратилган тадбирлар нафақат Ўзбекистоннинг ўзида, балки халқаро миқёсда дўстлик ва ҳамжиҳатлик қўрғони янада мустаҳкам бўлишига хизмат қилмоқда.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

ДИНИЙ БАҒРИКЕНГЛИК ВА ИЖТИМОИЙ ТОТУВЛИК – ҲАР ҚАНДАЙ ЖАМИЯТДА ДОИМО МУҲИМ ВА ДОЛЗАРБ

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Туркиянинг 19 май университети ҳамкорлигида “Диний бағрикенглик ва ижтимоий тотувлик” …