Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетида филология фанлари доктори, профессор Муслиҳиддин Муҳиддинов таваллудининг 80 йиллигига бағишлаб, “Алишер Навоий ва адабий таъсир масалалари: Бадиий ижод, компаративистика ва ренессанс” мавзуида халқаро илмий-назарий анжуман ўтказилди.
Мамлакатимиз ва хориждаги навоийшунос олимлар, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ва тадқиқотчилар қатнашган бу тадбирга Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий котиби Бахтиёр Турсунов ҳам иштирок этди.
Конференция аввалида Самарқанд давлат университети ректори Р.Холмуродов, Самарқанд вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи А.Бобоев, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Қ.Ғуломов, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори, академик Ш.Сирожиддинов, Анқара университети профессори Сема Барутжу хоним ва бошқалар Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби М.Муҳиддиновнинг ўзбек адабиёти тарихини, хусусан, Навоий ижодий меросини ўрганиш борасидаги улкан хизматларини тилга олиб, олимни қутлуғ ёши билан табриклади.
Ялпи мажлисдан сўнг анжуман “Алишер Навоий ва Риёзий Самарқандий”, “Навоий қитъалари: Образ, маъно ва тасвирдаги янгиланишлар”, “Алишер Навоий ижодига издошлик ва ижодий ўзига хослик”, “Навоий қофиясининг тақтиъ имкониятлари”, “Навоийнинг ҳамд ва наът қитъалари поэтикаси”, “Қутбий ижодида Навоий анъаналари” каби шуъбаларда давом этди. Бу мажлисларда саксонга яқин олимнинг илмий мақолалари тингланиб, муҳокама қилинди.
Марказ вакили Б.Турсунов устоз Муслиҳиддин Муҳиддиновнинг ўзбек адабиётини ўрганиш йўлидаги саъй-ҳаракатлари янги авлод тадқиқотчилари учун бой йўриқнома бўлиб хизмат қилаётганини таъкидлади. Алишер Навоийнинг “Хамса” асарига оид ноёб қўлёзма ҳақида сўзлаб, у шаҳрисабзлик котиб Ниёз Муҳаммад бин Ғавс Муҳаммад Кеший томонидан 1822-1830 йиллар оралиғида настаълиқ хатида кўчирилганини, адабиётшунослик учун қимматли манбалардан бири саналишини қайд этди. Таъкидланганидек, бундай қўлёзмалар бўйича изланишлар нафақат илмий, балки маънавий-маърифий жиҳатдан ҳам катта аҳамиятга эга бўлиб, келгусида айнан шу битик асосида олиб бориладиган тадқиқотлар ҳам Алишер Навоийнинг бадиий анъаналарини чуқурроқ англаш ва унинг ижодий меросини янги авлодга етказишда муҳим ўрин тутади.

Бу каби илмий анжуманлар нафақат Ҳазрат Навоий хазинасини янада теран ўрганиш, балки Сўз мулкининг султонига хос ижодий анъаналарни кенгроқ тарғиб этишда алоҳида аҳамият касб этади. Муслиҳиддин Муҳиддинов каби фидоий олимларимизнинг ҳаёт йўли ва илмий фаолияти эса бугунги ва эртанги авлод учун ҳамиша ўрнак бўлиб хизмат қилади.