Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / “ЎЗБЕКИСТОН – БАҒРИКЕНГЛИК ДИЁРИ”

“ЎЗБЕКИСТОН – БАҒРИКЕНГЛИК ДИЁРИ”

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида шу мавзуда маърифий тадбир бўлиб ўтди. Унда нуфузли турк олими, Памуккале университети ректори, профессор Маҳмуд Гунгўр ва университет вакиллари, Марказ илмий жамоаси иштирок этди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази билан ислом уламолари меросини тадқиқ этиш, асраб-авайлаш ва келгуси авлодларга етказишга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келаётган Памуккале университети ўртасидаги илмий алоқалар кенг қамровли Ўзбекистон-Туркия ҳамкорлигининг ёрқин намуналаридан биридир.

Икки томонлама алоқаларни янада мустаҳкамлаш масалалари, қўшма лойиҳалар салмоғини ошириш истиқболлари муҳокама этилган мазкур тадбирда кўп миллатли ва кўп конфессияли Ўзбекистонда турли миллат ва элатлар ўртасидаги бирдамликни, бир-бирининг урф-одатларига ҳурмат-эҳтиром руҳини мустаҳкамлашни, аҳил-иноқлик, ҳамжиҳатликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар, тинчлик-осойишталик, ижтимоий барқарорликни сақлаш йўлида олиб борилаётган оқилона ислоҳотлар, амалий чора-тадбирлар ҳақида сўз юритилди.

– Бугунги кунда бағрикенглик инсоният эришган энг катта ютуқлардан биридир, бундан кейинги тараққиёт учун ҳам у муҳим омиллардан бўлиб қолаверади, – деди доктор Маҳмуд Гунгўр. – Ўзбекистонда турли дин ва конфессия вакиллари ўртасида мустаҳкам дўстлик, ўзаро ҳамжиҳатлик ва бағрикенглик муҳити таъминланган. Айниқса, ушбу муҳитда қўлёзма манбалар каби ноёб илмий хазиналарга бўлган эътибор, уларни сақлаш ва тадқиқ этишга қаратилаётган чора-тадбирлар юқори баҳога лойиқ. Биз бундай тотув диёрдаги муҳташам муассаса билан, ана шу бебаҳо манбаларни ўрганиш йўналишида ҳамкорлик қилаётганимиздан ғоят мамнунмиз.

Учрашув дўстона кайфиятда, савол-жавобларга бой, қизғин илмий руҳда ўтди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

“Самимият, муҳаббат ва маърифат….”

Италиянинг CORIES исломий диний жамияти вице-президенти, Милан шаҳридаги Ал-Воҳид масжиди имоми Яҳё Сержио Паллавичини COREISнинг …