Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Илмий мулоқот ва ҳамкорликни ривожлантириш йўлида

Илмий мулоқот ва ҳамкорликни ривожлантириш йўлида

Жазоир Ислом фанлари ва цивилизацияси тадқиқотлари маркази раҳбари Др. Аҳмад Сағир таклифига биноан айни кунларда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов ва катта илмий ходим Шукурилло Умаров мамлакатимиз делегацияси таркибида Жазоир Халқ Демократик Республикасида илмий сафарда бўлиб турибди.

Имом Бухорий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари вакилларидан иборат делегацияни Жазоир Олий Ислом Кенгаши Раиси шайх Зайдулхайр Мабрук қабул қилди. Учрашувда ислом меросини ўрганиш, қадимий қўлёзмаларни тадқиқ этиш, илмий-амалий анжуманлар ташкил этиш, илмий алмашув ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш борасида икки томонлама ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди ва муайян келишувларга эришилди.

Шайх Мабрук Ўзбекистонда олиб борилаётган диний-маърифий ислоҳотларни юқори баҳолар экан, мамлакатимизнинг бой исломий илмий меросни тиклаш ва дунё миқёсида тарғиб этишдаги саъй-ҳаракатлари Жазоирда катта қизиқиш билан кузатилаётганини таъкидлади. Мовароуннаҳр заминидан етишиб чиққан буюк уламо ва мутафаккирлар, муҳаддис ва фақиҳ олимлар меросини ўрганиш ва кенг тарғиб этиш борасида яқин ҳамкорликка тайёр эканини билдирди.

Учрашувда халқаро илмий-тадқиқот марказларининг мақсад ва вазифалари, олиб борилаётган илмий изланишлар, нашр этилаётган асарлар ва амалга оширилаётган халқаро лойиҳалар ҳақида кенг маълумот берилди. Шайх Мабрук ушбу муассасаларнинг фаолияти билан таниш эканини ва уларнинг халқаро миқёсдаги нуфузини юқори баҳолашини қайд этди.

Мулоқот якунида икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш, илмий тадқиқот ва тадқиқотчилар алмашувини йўлга қўйиш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантириш, ислом цивилизациясига оид тарихий меросни ўрганиш ва халқаро миқёсда тарғиб этиш йўлида узвий ҳамкорликни йўлга қўйишга келишиб олинди.

Сафар давомида Ўзбекистон делегацияси аъзолари Ағвот шаҳрида “Тасаввуф наволари: ўтмиш мероси, бугуннинг садоси ва келажак овози” мавзусида ўтказиладиган халқаро анжуманда фахрий меҳмон сифатида иштирок этиши режалаштирилган. Тадбир доирасида маърузалар қилиш, тажриба алмашиш ва янги илмий алоқалар ўрнатиш назарда тутилган.

Илмий сафар давом этмоқда.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Олимларимиз “Ал-Иршод”да чиқиш қилди

Малайзиядаги Селангор ислом университетининг илмий нашри бўлган “Ал-Иршод” журналида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директорининг …