Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси ҳамкорлигида ўтказилаётган “Ўрта Осиё қўлёзмалари кодикологияси элементлари” мавзусидаги халқаро семинар-тренингнинг тўртинчи босқичи 2 май куни қизғин давом этди.
Машғулотнинг сўнгги кунида қўлёзмаларнинг муҳим қисми ҳисобланган колофонлар мавзуси кенгроқ қамровда таҳлил этилди. Хусусан, колофонларда акс этган ижтимоий, сиёсий ва диний муҳитни очиб берувчи ишоралар, шифрлаш усуллари, алоҳида рамзий ифода ва иборалар, қўлёзма муаллифи ёки хаттот ҳақидаги яширин маълумотлар ва уларнинг таҳлилий аҳамияти хусусида фикр билдирилди. Бу маълумотлар орқали муайян даврдаги илмий муҳит, китобат анъаналари ва ҳатто ижтимоий муносабатлар ҳақида хулоса чиқариш мумкинлиги таъкидланди.
Бундан ташқари, Қўқон қоғози тарихи ва технологиясига бағишланган мавзулар муҳокама этилди. Бу борада тадқиқотчилар Қўқон хонлиги даврида қоғоз ишлаб чиқаришдаги маҳаллий хусусиятлар, табиий хомашё – ипак, тут барги, зиравор ўсимликлардан фойдаланиш, қоғознинг мустаҳкамлиги, ёғ тортмаслиги ва рангларни аниқ акс эттириш қобилияти каби жиҳатлар ҳақида маълумот берди. Шунингдек, Қўқон қоғозининг манбашуносликдаги аҳамияти, унга битилган айрим қўлёзмалар ҳамон сақланаётгани ва бошқа минтақалар қоғозидан фарқли томонлари таҳлил қилинди.
Куннинг энг қизиқарли мавзуларидан бири сифатида Шайбонийлар даври китобат санъати муҳокама марказида бўлди. Тарихнинг бу палласида китоб кўчириш ва безаш санъатида юз берган юксалиш, хаттотлик мактаблари, безак ва миниатюралар, ранг танлаш маданияти, ҳуснихат услубларининг мукаммаллашуви, китоб муқоваларидаги зеб-зийнат ва нақшлар борасида атрофлича фикр юритилди. Айниқса, китоблар фақат маълумот манбаи эмас, балки эстетик қадрият сифатида ҳам юксак баҳолангани қайд этилди.
Маърузалар давомида билдирилган савол-жавоблар, очиқ мулоҳазалар, холис фикрлар семинар муҳитини янада жонлантирди. Ҳар бир иштирокчи фаолият давомида қўллаш мумкин бўлган амалий билимлар, янги қарашлар ва таҳлил усулларини ўзига хос таассурот билан қабул қилди.
Таъкидлаш жоизки, семинарнинг ҳар бир куни минтақа қўлёзма меросининг бетакрор жиҳатларини очиб бериб, тадқиқотчиларни нафақат қўшимча фойдали билим билан, балки завқ ва масъулият билан ҳам тўлқинлантирди.
Шу билан “Ўрта Осиё қўлёзмалари кодикологияси элементлари” мавзусидаги халқаро семинар-тренинг ниҳоясига етди.
Иштирокчиларга тегишли сертификатлар топширилди.