Home / МАҚОЛАЛАР / Қуръони каримга доир ақидавий қарашлар

Қуръони каримга доир ақидавий қарашлар

Қуръон – улуғларнинг улуғига ва инсоният зийнатига даражама-даража, такрор-такрор қилиб, ҳар-хил ҳолатларда нозил қилинган, “Фурқон” деб сифатланган, қўлларимиз билан нақшли ҳарфлар ва шаклли сўзлар воситасида Мусҳафда ёзилган, хаёлларимизда Қуръон лафзлари билан кўринмайдиган(номаълумликлар олами) нарсаларни тасаввур қилаётганимизда қалбларимизда сақланган, эшитиладиган лафзлар билан тилларда ўқилган ва фақатгина инсониятни беллашувга чақириб, ожиз қолдирган илоҳий Каломдир. Қуръонни талаффуз қилишдаги лафзларимиз, уни саҳифаларга ёзишимиз ва тилларимиз билан уни ўқишимиз махлуқдир, яъни бандаларнинг феъллари Аллоҳ таоло тарафидан яратилган. Қуръон Аллоҳ таолонинг нафсий каломи ва муқаддас сифати бўлиб, ғойру махлуқдир, яъни мусҳафга ёки бошқа нарсаларга ўрнашиб қолгувчи эмас.

Имом Абу Ҳанифа ўзларининг “Ал-васийя” деган китобларида шундай деганлар: “Албатта, Қуръон Аллоҳ таолонинг каломи эканлигига, унинг ваҳий қилиниб нозил қилинганига ва Аллоҳ таолонинг сифатлари ўзи ҳам эмас, ўзидан бошқа ҳам эмаслигига иқрор бўламиз. Ҳақиқатга кўра, Қуръон Аллоҳ таолонинг сифати бўлиб, Мусҳафда ёзилган, тилларда ўқилган, қалбларда сақланган ва бирор нарсага ўрнашиб қолгувчи эмас. Ҳарфлар, харакатлар, қоғозлар ва ёзишлар бандаларнинг феъллари бўлгани сабабли, ҳаммаси махлуқдир, ваҳоланки, Аллоҳ таолонинг каломи ғойри махлуқдир. Чунки ҳусни-хат, ҳарфлар, сўзлар ва оятлардаги белгиларнинг ҳаммаси бандаларнинг уларга бўлган хожатлари учун, Қуръон асбоблари деб эътироф этилган. Аллоҳ таолонинг каломи ўз зотида қоим бўлиб, унинг маъноси мана шу нарсалар билан тушунилади. Бинобарин, кимки “Аллоҳ таолонинг каломи махлуқдир” деса, Буюк Аллоҳга куфр келтирибди. Аллоҳ таоло ибодат қилинадиган, қандай бўлса, шундайлигича ўзгармайдиган зот бўлиб, унинг каломи ўзидан зойил бўлмаган ҳолда, ўқилган, ёзилган ва ёдланган каломдир”.

Қуръон луғавий жиҳатдан “ўқиш”, “жамлаш”, “бир-бирига қўшиш” каби маъноларни англатади. Улумул Қуръон истилоҳида: “Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилинган ҳамда тиловати ибодат саналадиган Аллоҳ таолонинг каломи – Қуръон деб аталади”.[1] Аҳли сунна вал-жамоанинг эътиқодини баён қилувчи барча китобларда Қуръони каримнинг махлуқ эмаслиги, яъни бир пайтлар йўқ бўлиб кейин яратилган эмаслиги, балки Аллоҳ таолонинг калом сифати экани алоҳида таъкидланади. Чунки адашган тоифалар Қуръони карим тўғрисидаги эътиқодларига бошқаларни ҳам тортиш учун кўплаб фитналарни келтириб чиқарганлар. Ана шу маънода Ўший раҳматуллоҳи алайҳ Қуръони карим ҳақидаги Аҳли сунна вал-жамоа эътиқодини баён қилган. Бу масала деярли барча ақоид китобларида келтирилиб, атрофлича баҳс юритилган. Жумладан, Умар Насафий раҳматуллоҳи алайҳ “Ақоидун Насафий” китобида Қуръон ҳақида қуйидагиларни ёзган: “Қуръон Аллоҳ таолонинг каломи бўлиб, у махлуқ (йўқдан бор қилинган) эмасдир. У мусҳафда ёзилган, қалбларимизда ёдланган, тилларимиз воситасида ўқилган, қулоқларимиз воситасида эшитилган, уларга (мазкур нарсаларнинг бирортасига ҳам) ўрнашувчи эмасдир”. Ушбу матндаги “уларга ўрнашувчи эмасдир” сўзларини аллома Тафтазоний шундай шарҳлаган: Қуръон мусҳафга ҳам, қалбларга ҳам, тилларга ҳам, қулоқларга ҳам ўрнашувчи эмас, балки у Аллоҳ таолонинг зотида азалдан бор бўлган маъносидадир. Унга далолат қиладиган назм воситасида талаффуз қилинади, эшитилади, ҳифз қилинган лафзлар билан ёддан айтилади. Унга далолат қиладиган ҳарфларнинг шакллари билан ёзилади. Тушунтириш маъносида айтиладики, олов ёндирувчи модда бўлиб лафзда зикр қилинади, қалам билан ёзилади, лекин бундан оловнинг ҳақиқати овоз ва ҳарф эканлиги лозим бўлиб қолмайди”.[2]

Абу Аҳмад ибн Адий айтади: “Машойихлардан бир жамоат менга айтиб берди: Муҳаммад ибн Исмоил Найсобурга келгач, одамлар у кишининг атрофида тўпланиб, ҳадис эшитадиган бўлишди. Мана шу вақтда Найсобур машойихлари Имом Бухорийнинг атрофига одамлар келиб,катта жамоат бўлганликларини кўриб, у кишига ҳасад қилиб, ҳадис соҳибларига шу гапни айтдилар: “Муҳаммад ибн Исмоил, Қуръон ўқигандаги лафз махлуқдир, деб айтяпти, уни бир имтиҳон қилиб кўринглар”. Шу сабабли Имом Бухорийнинг мажлисига одамлар тўплангач, бир киши туриб: “Ё Абу Абдуллоҳ,    Қуръоннинг лафзи тўғрисида нима дейсан, У махлуқми ёки Ғойру махлуқми? деди. Имом Бухорий ундан юзини ўгириб, унга жавоб бермади. Бояги киши саволини уч марта такроллади. Учинчи марта Имом Бухорий унга қайрилиб: “Қуръон Аллоҳнинг каломи бўлиб, ғойру махлуқдир. Бандаларнинг феъллари махлуқдир.[3] Бу тўғрисида имтиҳон қилишлик бидъатдир” деди. Шунда бояги одам бақириб ғалаён уруғини сепди. Одамлар ҳам Имом Бухорийдан бақириб, қичқириб ҳар томонга тарқадилар. Имом Бухорий шу ўринда ўтириб қолди.

Аҳли сунна вал жамоа ва мўътазилий фирқаси ўртасидаги фарқли қарашлардан бири Аллоҳ таолонинг каломи масаласидадир. Аҳли сунна вал жамоанинг эътиқоди: “Аллоҳ таолонинг каломи Унинг зотида ҳамиша бор бўлган азалий бир сифатдир. Аммо ҳарфлардан таркиб топган Қуръони карим Аллоҳ таолонинг азалий сифати эмас, балки унга далолат қилувчи нарсадир. Аллоҳ таолонинг зотидаги азалий сифати нафсий калом дейилади, унга далолат қилувчи ушбу ҳарфлар эса лафзий калом дейилади.

Мўътазилийлар нафсий калом борлигини инкор қилганлар ва Аллоҳ таолонинг каломи лафзийдир, лафзий калом эса ҳодисдир деганлар. Аллоҳ таолонинг калом сифатига далолат қилувчи оятларни ўзларининг эътиқодларига мослаб таъвил қилганлар.

Хулосаи калом шулки, Аллоҳ таолонинг каломи унинг сифатларидан бири бўлиб, Аллоҳнинг каломи унинг зотида ва сифатларида қадимдир. Қадимийлик боқийликни лозим тутади. Чунки қадимлиги аниқ бўлган нарсанинг йўқ бўлиши мумкин эмас.

О. Бахриев
Қуръоншунослик шўъбаси илмий ходими
[1]Манноъ Қаттон. Мабаҳис фи улумил Қуръон. – Байрут: “муассасату кутубис сиқофия”, 1980. – Б. 21.
[2]Саъдуддин Тафтазоний. Шарҳу ақоид. – Миср: “Мактабатул Азҳарий”, 2000. – Б. 65
[3]Махлуқ- Аллоҳ тарафидан яратилган

Check Also

ЎРТА ОСИЁДА «ТУРК» ГУРУҲИ ВАКИЛЛАРИ ЯШАЙДИГАН ҲУДУДЛАР ВА УЛАРНИНГ ИЧКИ ЭТНИК ТАРКИБИ

XIX аср охири – XX аср бошларида Ўрта Осиё халқлари орасида миллий мансублик тушунчаси яхлит …