Бутун жаҳонда рўй бераётган глобаллашув жараёнлари ёш авлод тарбиясига ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмайди. Ҳар бир ижтимоий ҳодисанинг ижобий ва салбий томони бўлгани сингари, глобаллашув жараёни ҳам бундан мустасно эмас. Шу нуқтаи-назардан, ҳар бир фуқаронинг олдига Янги Ўзбекистонни барпо этишда ёшларни Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаш, миллий ва умуминсоний қадриятларга содиқлик, турли зарарли таъсирлар ва оқимларга қарши тура оладиган, мустақил фикрга эга, баркамол шахс қилиб тарбиялаш вазифаси қўйилмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “Янги Ўзбекистан – катталарга ҳурмат, кичикларга иззат, мададга муҳтож инсонлар ва оилаларга чинакам кўмак ва ёрдам бериш, меҳр-оқибат кўрсатиш ҳаётимиз қоидасига айланиб бораётган ижтимоий макондир. [1:27].
Таъкидлаш жоизки, этноанъана ва этноқадриятларнинг ижтимоий тараққиётга таъсири кенг қамровли универсал ҳодиса бўлиб, шахс шаклланиши, оила мустаҳкамлиги ва давлат барқарорлигини таъминлашда катта аҳамиятга эгадир. Зеро, оила жамият ва давлат асоси бўлиб, этноанъана ва этноқадриятларни асраб-авайлаш ҳамда келажак авлодларга етказиш функциясини ҳам бажаради. Оила миллий давлатимиз асосини ташкил этиб, этнос маданий бирлигини мустаҳкамлаб боради. Миллий урф-одатлар этник гуруҳнинг, шунингдек, давлатнинг барқарор ривожланиш асосидир [2:6-7].
Оилавий анъаналар бирлик ва этник гуруҳга тааллуқли бўлган ягона яхлитлик туйғусини таъминлайди. Оила аъзолари ўртасидаги ўзаро ёрдам, меҳр-муҳаббат, бир-бирини қўллаб-қувватлаш каби фазилатлар одатий ҳолга айланиб, оилавий ришталарни янада мустаҳкамлайди.
Бундай анъаналар диний ёки маданий тадбирлар билан уйғунлашганда ёшларда ишонч ва ғурур туйғусини уйғотиб, уларни турли хил ёт, зарарли ижтимоий таъсирлар домига тушиб қолишдан ҳимоя қилдаи. Миллий анъаналар фарзандларга нафақат ўзига хослик ва ғурур туйғусини беради, балки келажак авлодларда ворисийлик ҳиссини ҳам шакллантиришга хизмат қилади.
Этноанъаналар ва қадриятларнинг энг муҳим жиҳати шундан иборат-ки, улар ёш авлодда ўзини-ўзи идентификация қилишнинг энг кучли хиссини шакллантиради. Шунингдек, оила аъзоларини янада ишончли ва мустаҳкам ришталар билан бирлаштириб, ўзининг этник ва оилавий гуруҳга мансублигини тўла ҳис қилиш имкониятини яратади.
Оилавий этноанъаналарнинг афзалликларидан яна бири хавфсизлик ва осойишталикни таъминлашдир. Бу, айниқса, замонавий ахборотлашган жамиятда, глобаллашув ва космополитизм тараққий этаётган бир даврда янада муҳим аҳамият касб этади. Оилавий анъаналар бузғунчи ва зарарли ташқи таъсирларга қарши ўзига хос “иммунитет” вазифасини бажаради. Асрлардан бери аждодларимиздан қолиб келаётган оилавий маросим ва урф-одатлар фарзандлар ҳаётида муҳим жараён бўлиб, улар ёшларни ташқи таҳдидлар, турли ғаразли кучлар ва виртуал воқеликнинг салбий таъсирларидан маълум даражада йироқлаштиради. Шунингдек, ёшларни реал ҳаётнинг моҳиятини янада теранроқ англаб етишида ҳам ғоят аҳамиятлидир. Шу сабаб оилавий анъаналар тезкор ўзгараётган дунё таҳликалари ва хуружларидан маълум даражада ҳимоя воситасини ҳам бажаради.
Бу жараёнларнинг барчаси этноанъаналар билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, аввал мавжуд бўлган нормалар, урф-одатлар, қоидалар ва бошқа шу каби ҳодисаларни қайта баҳолаш заруриятини англатади. Анъаналар ижтимоий-маданий мероснинг асосий элементи сифатида авлоддан авлодга ўтади ва муайян жамиятлар, синфлар ва ижтимоий гуруҳларда узоқ вақт сақланиб қолади. “Ворисийлик аньаналари бузилса, ҳар қандай жамият ҳам ичдан нурай бошлайди”. [3:29]
Оиланинг этник йўналтирилган ижтимоий-маданий тавсифи шахсни шакллантиришга, унинг маданий ривожланиши ва маънавий қиёфасига маълум даражада таъсир кўрсатади. Бу таъсирлашув жараёнлари турли омил ва воситалар орқали, масалан, шахснинг шахсий ҳаётига тегишли никоҳ муносабатларида, шахснинг ота-онаси билан шахсий муносабатида, фарзандлар ва қариндошлар ўртасидаги ўзаро алоқаларида, шунингдек, руҳий ва индивидуал кечинмаларида амалга ошади.
Оиланинг этномаданий қадриятлари ижтимоий тараққиётни ўзига хос тарзда акс эттиради ва воқеа-ҳодисларнинг ўзга қирраларини ҳам намоён қилишга ёрдам беради. Оила маданият, этноанъана ва урф-одатларнинг барқарор амал қилиши ва ривожланишига бевосита таъсир қилади ва умумлаштиради. Шу тариқа халқ ва жамият ўз эҳтиёжларидан келиб чиқиб, гўзаллик, улуғворлик қонуниятларига ва тамойилларига амал қилган ҳолда, нафақат миллий урф-одат ва анъаналарни, балки ўрнатилган оилавий маросим ва урф-одатларни ҳам ярата боради. Оилавий маросимлар барқарор ва мустаҳкам бўлишига қарамай, улар вақт ўтиши билан маълум даражада ўзгаради, янги шароит ва эҳтиёжлар тизимига мослаша боради. Шундай қилиб, миллий урф-одатлар ва маросимлар, оилавий анъаналар уйғунлашуви ҳалқ маънавий ҳаётининг ажралмас қисмига айланади. Ўз мазмуни ва моҳияти ила улар замонавий даврга мослашади ва ёшлар тарбиясига жуда катта таъсирни ўтказади.
Оилавий этноанъаналарни асраб-аввайлаш миллий ўз-ўзини англашни шакллантириш ва миллий ўзликни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Оилавий маросимлар ва муносабатлар, ўзаро алоқалар, шажара ва қон-қариндошликни келиб чиқиши, аждодларимиз ким бўлган ва биз кимнинг авлодларимиз каби тушунчаларни шакллантиришга ёрдам беради. Бу эса оила тарихини билишга ва унга ҳурмат билан муносабатда бўлишга хизмат қилади.
Шу билан бирга, маданият ўзининг барча умуминсоний кўрсаткичлари билан маълум бир халқнинг, этник гуруҳлар манфаатларини ҳам акс эттиради. Бу жараён оилавий тарбия воситасида самарали амалга оширилади.[4:104-105] Оила турмуш тарзи шахснинг шаклланиш жараёнига бевосита таъсир этади. Оиланинг миллий маданият ва шахс ўртасидаги воситачилик вазифасини қай даражада амалга оширилиши шахсга ҳам, этник гуруҳнинг даражасига ҳам бевосита боғлиқдир. Оила ва миллий маданият тушунчалари ажралмас тушунчалар бўлиб, улар доимо бир-бирини тўлдириб келади. Оилавий турмуш тарзи миллий маданият характерини белгилайди. Шу билан бирга, миллий маданият ҳамиша оилавий анъаналар посбони вазифасини бажариб келган.
Миллий маданият кўп жиҳатдан оилавий миллий қадриятларга, эртаклар, ҳикоялар, турли хил асори-атиқалар, урф-одатлар, маросимлар, анъаналар каби кўплаб воситалар ёрдамида асраб-авайланадиган ва авлоддан-авлодга ўтадиган бирламчи муҳитга асосланади. Айнан мана шу тушунчалар асосида миллат менталитети мустаҳкамланади ва ривожланади, унинг маънавий бирлиги ва давомийлиги сақлана боради.
Марказий Осиё халқларининг миллий маданияти илм-фанга ташналиги, билимга интилиши, меҳнатеварлиги, бурч ва масъулиятни хис эта олиши, оиласеварлиги, меҳмондўстлиги, ватанпарварлиги, ота-она ва катталарни ҳурмат қилиши, етим-есир ва ногиронларни қўллаб-қувватлаш каби гўзал фазилатлари билан алоҳида ажралиб туради.
Этноанъана ва этномаданиятни асраб-авайлаш оилада миллий тилга бўлган эътибор билан бевосита боғлиқдир. Бола дастлаб тил кўникмаларини оила даврасида эгаллайди. Aгар ушбу жараёнлар миллий тилда содир бўлса, демак, бу омил оиланинг миллий маданиятини сақлаш ва ворисийликни амалга оширишда ҳал қилувчи роль ўйнайди.
Aгар халқ ўтмишнинг бой тажрибаси, меҳр-оқибат, тинчлик-осойишталик, раҳм-шавқат, бағрикенглик каби қадриятларини ҳисобга олган ҳолда замонавий воқеликни яхшироқ акс эттиришга қаратилган миллий ғоянинг янги концепциясини излаётган бўлса, оилавий тарбия вазифалари янада мураккаблашади. [5:84]
Этномаданиятнинг кейинги тақдири, этник гуруҳнинг замонавий дунёда тутган ўрни, оилада пайдо бўлган муаммоларни қанчалик муваффақиятли ҳал қила олишига боғлиқ. Бундай пайтда маданий ҳаёт ўзига хос хусусиятга эга бўлиши мумкин. Аввалло, албатта тарихий мерос, диний анъаналар ва маросимларга эътибор қаратиш керак бўлади.
Шундай қилиб, ҳар бир этнос ўз халқининг анъаналари, ўзига хос хусусиятлари, маданияти ва этноқадриятларини ҳимоя этиши этник гуруҳлар шаклланишига бевосита боғлиқдир. Шунингдек, этноанъаналар ва этноқадриятлар, маълум бир давлатда миллатнинг шаклланиши, унинг мустаҳкамлана бориши, ривожланиши мамлакат мустақиллиги ва суверенитетини сақлаб қолишда ҳам жуда муҳимдир. Зеро, оила доимо давлатнинг диққат марказида ва ҳимоясида бўлган. Оилани асраб-авайлаш, уни қўллаб-қувватлаш миллий маданиятни сақлаш ва ривожлантириш давлат сиёсатининг устувор вазифасидир.
Юқорида баён этилган фикрлар оилавий тарбияда этноанъана ва этноқадриятларнинг роли қанчалик муҳим эканлигини яна бир бора исботлайди. Зеро, глобаллашув даврида, кўп маданиятли жамиятда оилавий тарбия орқали этномаданий анъаналарни сақлаб қолиш, маданий хилма-хилликни сақлашнинг асосий омилига айланмоқда.
Этноанъана ва урф-одатлар ёш авлод тарбиясида улкан аҳамият касб этиб, уларда маълум бир ижтимоий-маданият ва этник гуруҳга мансублигини, ўз халқи маданиятига ҳурмат руҳини шакллантириш ҳиссини шакллантиришга ёрдам беради. Этник анъаналар оилавий ришталарни мустаҳкамлашда самарали восита бўлиб, у оила аъзоларида ўзаро тушуниш ва тотувлик муҳитини яратади.
Оилавий тарбияда этноанъаналарни сақлаш бугунги кунда тобора тарқалиб бораётган ассимиляция жараёнларига қарши тура олиш ва ҳар бир этник гуруҳ маданиятининг ўзига хослигини сақлаб қолишга ёрдам беради. Этномаданий қадриятлар фаол бўлган оилаларда тарбияланган болалар кўпинча руҳан кучли, ўзига ишонган бўлиб вояга етади.
Хулоса қилиб айтганда, оилада ёш авлодни этноанъана ҳамда этноқадриятлар асосида тарбиялаш бугунги кунда янада долзарб ва баркамол авлодни шакллантиришнинг муҳим омили ҳисобланади.
-
Мирзиёев Ш.М. Янги Ўзбекистон стратегияси [Матн] / Ш.М. Мирзиёев. – Т.: Ўзбекистон, 2021. – Б. 464.
-
Алимасов В. Маданият фалсафаси. – Т.: Донишманд зиёси, 2023. – Б. 6-7.
-
Зоҳиров Р. Оила институтини мустахкамлашда маънавий-ахлоқий тарбиянинг аҳамияти. – Қарши. Насаф, 2022. – Б. 188.
-
Уразалиева Г. Некоторые аспекты изменения социальных ценностей в современной узбекской семье. Том. 4 № 2 (2024): Международный журнал философских исследований и социальных наук. / https://ijpsss.iscience.uz/index.php/ijpsss. – С. 103-106
-
Философский энциклопедический словарь / Гл. ред.: Л.Ф.Ильичёв, П.Н.Федосеев, С.М.Ковалёв, В.Г.Панов – М., 1983. – С.840.