Home / МАҚОЛАЛАР / Яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтариш мўминлик сифатидандир

Яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтариш мўминлик сифатидандир

Мўмин деб – Аллоҳ таолога, Унинг фаришталарига, китобларига, Пайғамбарларига, охират кунига, тақдирга, яхшилик ва ёмонлик Аллоҳдан эканига ҳамда вафотидан сўнг қайта тирилишга имон келтирган кишига айтилади.

Ҳақ таоло ўз каломида мўминларни бир қанча сифатлар билан васф қилиб, бундай инсонларнинг охиратдаги даражаси юқори ва гўзал бўлиши хабарини берган. Шундай экан, мўмин кишида ушбу хислатлар бўлса, уни янада сайқаллаши, аксинча бундай сифатлар топилмаса, унга ҳаракат қилиши керак. Қуръони каримда ҳам мўминлар ҳақида алоҳида “Муъминун” сураси нозил қилинган бўлиб, улардан бир қанчасини келтириб ўтамиз.  

  • Қаерда Аллоҳ зикр қилинса, мўмин банданинг қалби титрайди;

Роббимизга севимли амаллардан бири – Уни кўп зикр қилишдир. Аллоҳни кўп эслаш тасбеҳу таҳлил, истиғфор ва албатта Қуръон тиловати орқали ҳосил бўлади. Ҳақ таоло айтади: “Албатта Аллоҳ зикр қилинса, қалблари титрагувчи, оятлари тиловат этилса, имонларини зиёда қилгувчи ва Роббига таваккул қилгувчиларгина мўминлардир” (Анфол сураси, 2-оят).

Демак, қайси бир масканда Унинг оятлари тиловат қилинса, мазмун-моҳияти етказилса, мўминнинг қалби титрайди, гуноҳига тавба қилиб, дуо-ю истиғфор айтади. Шу орқали унинг дилига сокинлик кириб, кўнгли хотиржам бўлади. Оят давомида Роббига таваккул қилгувчи мўминлардир дейилмоқда. Мўмин одам ҳақиқатда ҳар бир хайрли ишда Унга таваккул қилиб, Аллоҳ розилигини истаб, иш бошлайди. Натижада, Аллоҳ таоло ўша банданинг йўлини очиб, ишининг охирини чиройли қилади.

  • Мўмин одам омонатдор ва аҳдига вафо қилувчи бўлади;

Мўмин киши ишончли, омонатдор ва аҳдига содиқ бўлади. Унга ҳеч иккиланмасдан муҳим сирингизни айтишингиз, сафарга чиқсангиз уй-жойингизни омонат қилиб қолдиришингиз мумкин. Мўмин одам ёлғон гапирмайди, ваъда берса бажаради, омонатга хиёнат қилмайди. Омонатга хиёнат қилмаслик ва аҳдга вафо қилиш аввало банда билан Яратган Зотнинг ўртасида бўлади. Аллоҳ таоло бундай дейди: “Улар омонатларига ва аҳдларига риоя қилгувчилардир”, (Муъминун сураси, 7-оят). Бандага Аллоҳ таоло кўпдан кўп неъмат берган. Ана шундай неъматлардан бири – бу инсоннинг бутун тана аъзоларидир. Аслида,  инсонга берилган умр, вақт, молу давлат, бола-чақаларнинг ҳаммаси омонатдир. Мўмин киши буни яхши тафаккур қилган ҳолда ушбу неъматларга шукр қилади. Кўзини зинодан, тилини ғийбату бўҳтондан, қалбини ҳасад, гина, ёмон гумонлардан, қўл-оёқларини эса гуноҳ ишлар содир этишдан эҳтиёт қилади. Ҳақ таоло инсон аъзоларининг қиёматда гувоҳлик бериши тўғрисида бундай марҳамат қилган: “Бугунги кунда уларнинг оғизларига муҳр урамиз. Нима касб қилганларини Бизга қўллари сўзлар ва оёқлари гувоҳлик берур” (Ясин сураси, 65-оят).

Демак, мўмин киши Аллоҳ таоло омонат қилиб берган аъзолари билан фақат яхши амалларни бажаришга ҳаракат қилиши лозим.

 

  • Мўмин киши ўзгаларни яхшиликка чорлаб, ёмонликдан қайтаради;

Ҳақ таоло айтади: “Мўмин ва мўминалар бир-бирига дўстдир. Улар яхшиликка буюради, ёмонликдан қайтаради…”, (Тавба сураси, 71-оят).

Мазкур оятдан мўминлар ўзаро аҳл-иноқ, самимий ва биродар экани ҳамда бир-бирини яхшиликка даъват этиб, ёмонликдан қайтаришини билиш мумкин.

Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалоту вассалом ҳам мўмин киши бирор ёмон ишни кўрса, уни тўхтатиш кераклиги ҳақида бундай деганлар: “Сиздан ким бир мункар ишни кўрса, қўли билан қайтарсин, агар қодир бўлмаса, тили билан қайтарсин, агар қодир бўлмаса, дили билан қайтарсин, ана ўша энг заиф имондир” (Имом Муслим ривоят қилган).

Демак, мусулмон киши бирор мункар ишга гувоҳ бўлса, уни қўли билан қайтариши ёки тили билан бу ишнинг оқибати яхши бўлмаслигини тушунтириши керак. Унга ҳам қодир бўлмаса, ҳеч бўлмаганда тили билан афсус қилиб қўйиши ўша одамда мўминлик белгиси борлигининг аломатидир.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, ҳар бир мўмин банданинг Аллоҳ зикрида қоим бўлиб, хайрли ишларда бардавом бўлиши, унинг бахтли ҳаёт кечиришига сабаб бўлади.

Машраб ХИДИРОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ҲАКИМ ТЕРМИЗИЙНИНГ ҲАДИС ИЛМИДА ТУТГАН ЎРНИ ВА БУ СОҲАГА ОИД АСАРЛАРИ ТАҲЛИЛИ

Ўрта асрларда илм-фан ва ислом маданияти ривожида Мовароуннаҳр ва Хуросондан етишиб чиққан уламолар илмий мероси …