Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Манбаларни ўрганиш – доимий илмий эҳтиёж

Манбаларни ўрганиш – доимий илмий эҳтиёж

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида 29 май куни Ўзбекистон Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти, Самарқанд Давлат университети ва Австрия Фанлар академияси ҳузуридаги Эроншунослик институти ҳамкорлигида “Мўғуллар ва темурийлар даврига оид Ўрта Осиё қўлёзмалари (XIII-XV асрлар)” мавзусида халқаро конференция бошланди.

Анжуман ишида Ўзбекистон ва Австрия, шунингдек, АҚШ, Россия, Франция, Германия, Туркия, Эрон ва Тожикистон олимлари, қўлёзмалар соҳасининг етук мутахассислари, тадқиқотчилар иштирок этмоқда.

Конференциянинг биринчи куни иштирокчилар “Марказий Осиё қўлёзмалари ҳошияларида сўфийлик аломатлари”, “Марказий Осиё қўлёзмаларининг кутубхоналари ва коллекциялари”, “Марказий Осиё қўлёзмаларида ҳуқуқ ва таълим”, “Марказий Осиё қўлёзмалари моддияти” каби шўъбаларда иш олиб бориб, мавзулар доирасидаги долзарб масалалар юзасидан фикр алмашди.

Мутахассисларнинг фикрича, айниқса мўғуллар даврига оид қўлёзмалар нисбатан кам ўрганилган бўлиб, ҳозирги вақтда уларни тарихнинг навбатдаги тадрижий босқичларига тааллуқли манбалар билан қиёслаган ҳолда тадқиқ этишга кучли эҳтиёж сезилмоқда. Минтақамизда кўчирилган қўлёзмалар ўзига хослиги, бошқа ўлкаларга оид манбалардан фарқли жиҳатлари билан анчадан буён нафақат маҳаллий, балки хорижлик мутахассислар эътиборини ҳам жалб этиб келмоқда.

Конференцияда ушбу соҳа бўйича Ўзбекистондаги ва хориждаги илмий муассасаларда, халқаро тузилмаларда олиб борилаётган тадқиқотлар юзасидан ҳам муҳим мулоҳазалар билдирилиб, бу борада келажакда ҳамкорликда бажарилиши мумкин бўлган ишлар муҳокама қилинди.

Анжуман 30 май куни ишини давом эттиради.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

«МАРКАЗ – ИЛМИЙ МАНБАЛАР ХАЗИНАСИ»

Мариан КАЦ – Нью-Йорк университети профессори – Тадқиқотларимнинг асосий йўналиши ислом ҳуқуқи ва унинг эски …