Home / МАҚОЛАЛАР / ИМОН ҲАЛОВАТИ

ИМОН ҲАЛОВАТИ

 (бир ҳадис шарҳи)

عَنْ عن أَنَس رَضي الله عَنْه، عَنِ النَّبِي صَلَّى الله عَلَيْه وَسَلَّمَ قَالَ: ثلاثٌ مَنْ كُنَّ فيه وجَدَ حَلَاوَةَ الْإيمانِ: أنْ يكونَ اللهُ وَرَسُولُهُ أَحَبَّ إلَيْه مِمَّا سِوَاهُما، وَأنْ يُحِبَّ المرْءَ لا يُحبُّهُ إلَّا للهِ، وَأنْ يَكْرَهَ أنْ يَعُودَ في الكُفرِ كَمَا يَكرَهُ أنْ يُقذَفَ في النَّارِ

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уч нарса бор. Кимда улар бўлса, имоннинг ҳаловатини топибди: Аллоҳ ва унинг Расули унга бошқалардан кўра суюклироқ бўлиши; Инсон (бировни) яхши кўрса фақат Аллоҳ учун яхши кўриши; Куфрга қайтишни эса худди оловга ташланишни ёмон кўргандек ёмон кўриши”, дедилар”.

* * *

“Ҳаловат” сўзи луғатда “ширинлик” деган маънода келади. Шакар ёки асалнинг ширин чиқишига “ҳаловат” дейилади.

Ҳадиси шарифда ширинлик ва маза назарда тутилмаган. Балки имоннинг тақозосига ва талабига амал қилгани сабабидан, ундаги ўзига хос машаққатларга сабр қилиш натижасида ана шу машаққатларнинг мусулмон кимсага тотли ва мазали туюлиши назарда тутилган.

Аллоҳ йўлида машаққатларга сабр-бардош бериш оқибатида инсонда лутф пайдо бўлади, қанақадир лаззат сезилади. Бу лаззат Аллоҳга бўлган муҳаббат сабабли инсонга бошқа ҳар қандай лаззат ва ҳаловатлардан кўра тотлироқ туюлади. Бироқ бу даражани Аллоҳ таоло ҳаммага ҳам беравермайди. Балки ўзининг хос бандаларига ато қилади. Ана шу нарса имоннинг лаззати бўлади ва уни “имон ҳаловати” деб аталади.

Мазкур ҳадисда уч нарса кимда бўлса, имоннинг ҳаловатини тотади, деб марҳамат қилинган.

Улардан биринчиси, Аллоҳ ва унинг Расули унга бошқалардан кўра севимлироқ бўлишидир. Яъни, Аллоҳ ва унинг Расули ҳақиқий мўминга ҳамма нарсадан ва ҳамма кимсадан кўра маҳбуброқ бўлади. Бу ердаги муҳаббатдан мурод табиий муҳаббатдир. Кимда ана шу табиий муҳаббат пайдо бўлса, унга имоннинг ҳаловати насиб этади. Чунки муҳаббат бор бўлса, машаққатлар унга ҳаловат бўлиб туюлади. Бу йўлда у ўзининг барча орзу-истакларини Аллоҳ ва унинг Расули хоҳишига боғлаб қўяди. Дунёда бўлаётган барча нарсалар, ҳамма ҳодисалар, мудҳиш воқеалар Аллоҳ таолонинг хоҳиш-иродаси билан бўлаётганини чин дилдан ҳис қиладиган бўлиб қолади. Бу мусибатлар қаршисида қалби сиқилса ҳам, асло тушкунликка тушмайди. Ҳаммасини Аллоҳга ҳавола қилиб қўяди.

Имоннинг ҳаловатини топишда иккинчи нарса – инсон кимни севса, фақат Аллоҳ учун севиши, Аллоҳ учун яхши кўриши экан. Бировга муҳаббат қўйса, Аллоҳнинг ризолиги учун муҳаббат қилсин. Бу ҳам олдинги шартга боғлиқ табиий муҳаббатдир. Инсон дунёдаги нарсаларга – ота-онага, бола-чақага, қариндош-уруғларга, Ватанга муҳаббат қўйиши Аллоҳ учун бўлиши керак. Аллоҳдан бошқага муҳаббат қўяётганининг сабаби – Аллоҳнинг ўзи шунга буюргани учундир. Аллоҳ ва унинг Расулига муҳаббат бўлиши бошқаларга умуман муҳаббат қилмасликни тақозо этмайди. Уларга нисбатан муҳаббат ҳам Аллоҳ ва унинг Расули буюргани сабабидан, суннатга эргашиш сабабидан бўлиши лозим. Демак, Аллоҳнинг розилиги учун, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз аёллари ва фарзандларига муҳаббат кўрсатганларига эргашгани учун инсон ота-онасига ёки фарзандларига муҳаббат қўйиши суннатга эргашиш саналади. Демак, бу муҳаббат ҳам Аллоҳга муҳаббат сабабидан бўлади. Бу мақом аслида Пайғамбарларнинг мақомидир. Сўнг Аллоҳнинг дўстларига мерос бўлади. Бу муҳаббат табиий бўлгани билан, у ҳаракат ва интилиш сабабидан юзага келади. Бундай муҳаббат фақат унга интилган кимсага берилади, холос.

Имон ҳаловатини топишнинг учинчи шарти – худди оловга ташланишни ёмон кўргани каби куфрга қайтишни ёмон кўриши. Яъни, инсон тириклайин ўтга ташланишни ёмон кўргани каби, куфрга қайтишни ҳам шундай ёмон кўриши лозим. Мана шу охирги ҳолат юқоридаги иккита шартнинг натижаси ҳисобланади. Аллоҳ ва Унинг Расулини яхши кўрса, у куфрни асло ёқтирмайди. Унинг қалбида куфрга қайтишга истак ҳам, хоҳиш ҳам қолмайди.

“Саҳиҳи Бухорий” шарҳи (2-жилд) китоби асосида тайёрланди

 

Равшан ЭЛМУРОДОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот
маркази илмий ходими

Check Also

АБУ ҲУРАЙРА РОЗИЯЛЛОҲУ АНҲУГА ҚИЛИНГАН ТУҲМАТЛАРНИ БАРТАРАФ ҚИЛИШДА ТАРИХИЙ МАНБАЛАР АСОСИДА ЗАМОНАВИЙ ТАДҚИҚОТЛАР ҚИЁСИЙ ТАҲЛИЛИ

Маҳмуд Абу Раййа (1889-1970) “Маҳмуд Абу Раййа 1889 йили 15 декабрда Мисрнинг Дақҳалия муҳофазасида туғилган. …