Home / МАҚОЛАЛАР / МАВЛОНО МУҲАММАД ҚОЗИНИНГ «СИЛСИЛАТУЛ-ОРИФИН ВА ТАЗКИРАТУС-СИДДИҚИН» АСАРИДАГИ ТАРИХИЙ-ТАСАВВУФИЙ ҒОЯЛАР

МАВЛОНО МУҲАММАД ҚОЗИНИНГ «СИЛСИЛАТУЛ-ОРИФИН ВА ТАЗКИРАТУС-СИДДИҚИН» АСАРИДАГИ ТАРИХИЙ-ТАСАВВУФИЙ ҒОЯЛАР

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида дунёга машҳур алломаларимиз маънавий меросини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Биз аждодларимизнинг донишмандлик анъаналарига амал қилиб, уларнинг ғояларини теран англаган ҳолда ислоҳотларни амалга оширмоқдамиз. Бу йўлда улар яратган маънавий мерос  биз учун дастуруламал бўлиб хизмат қилиши шубҳасиздир. Зеро, Янги Ўзбекистон тараққиётининг бугунги босқичида улуғ аллома ва мутафаккирларимизнинг кўплаб бебаҳо асарларини сақлаш, ўрганиш ва келажак авлодга етказиш борасидаги ишларни янада жадаллаштириш муҳим аҳамият касб этади»[4].

Қомусий олим Саййид Шариф Журжоний томонидан «ҳақиқий билимга интилиш, ҳаммага ибрат» деб тушунтирган тасаввуф таълимотида Нақшбандия муҳим ўрин тутади. Бу таълимотнинг тараққиёти ва юксалишида Мавлоно Муҳаммад Қози муҳим ўрин тутади. Унинг қаламига мансуб нодир қўлёзма «Силсилат ул-орифин ва тазкиратус сиддиқин» асари Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида сақланмоқда.

Мавлоно Муҳаммад Қози маънавий меросини бугунги кунда Шарқшунослик институти қўлёзмалар хазинасида сақланаётган нусхаси мисолида кўриб чиқамиз. Асарда тасаввуф намояндалари Зуннуни Мисрий, Боязид Бастомий, Шайх Шиблий, Аҳмад Ҳанбал, Имом Абу Қосим Қушайрий, Имом Ғаззолий, Фахр Розий, Абу Юсуф  Ҳамадоний, Абдулхолиқ Ғиждувоний, Ориф  Ревгарий, Жалолиддин Румий, Шайх Маслаҳат Хўжандий, Баҳоуддин Нақишбанд, Алоуддин Аттор, Муҳаммад Порсо, Алоуддин Ғиждувоний, Баҳоуддин Умар, Шайх Сирож Пирмастий, Мавлоно Сайфиддин Манорий, Яъқиб Чархий, Низомиддин Хомуш, Саъдуддин Ҳамавий, Аҳмад Яссавий, Ҳасан Андоқий кабилар ҳақида сўз юритилган. Алломанинг исми қўлёзмада қуйидагича келтирилган: «Муҳаммад ибн Бурҳониддин бўлиб, Муҳаммад Қози билан машҳур»дир. У ХВ асрда Самарқанд шаҳрида маърифатли фозил инсон Бурҳониддин Самарқандий (тахаллуси – Мискиний) оиласида дунёга келган.

Унинг туғилган йили манбаларда аниқ кўрсатилмаган. Манбада Муҳаммаднинг отаси Бурҳониддин Мискиний Самарқандий машҳур Имодиддин Қозига яқинлиги сабаб унинг ўғлини Муҳаммад Қози деб атаган, дейилади. Юқоридаги маълумотни Мирзо Муҳаммад Ҳайдар ўзининг «Тарихи Рашидий» асарида «Уларнинг исмлари Мавлоно Муҳаммад Бурҳониддиндур. Оталари қози Имодиддин Самарқандийнинг махсусларидин эрди. Ушбу жиҳатдан Мавлоно Муҳаммад Қози деб шуҳрат топибдурлар», деб ёзади[3]. Унинг «Силсилатул орифин ва  тазкиратус сиддиқин» асари 885/1480 йилда ёзилган [2.:3а варақ].

Қўлёзмада ушбу асар тариқат саййиди, ҳақиқат дарёси, иршод маснади садри, ҳидоятга етакловчи хассос, қалблар табиби Хожа Убайдуллоҳ Аҳрорга бағишлаб тасниф этилгани қайд қилинган. Муаллиф 12 йил Хожа Аҳрор ҳузурида хизмат қилиб, тариқат сир-асрорларни қунт билан ўрганади. Бу ҳақда Фахриддин Али Сафий ўзининг «Рашаҳоту айнул ҳаёт» асрида «Ҳазрати Эшоннинг  асъҳоблари ва мақбулларининг ажиллаларидин турур ва ул Ҳазратнинг маноқиблари, шамойилу хасойис ва фазойилларида китобе тасниф  этибдурлар. «Силсилатул орифин ва тазкиратус сиддиқин» била мусаммодур. Ул жойда келтирибдурким, сананинг таърихи саккиз юз саксон бешда (1480) эрдиким, Ҳазрати Эшоннинг мулозаматлариға етушулди. Ва ўн икки йилға қариб ул Ҳазратнинг мулозаматларида бўлди» [1]. «Силсилатул орифин ва тазкиратус сиддиқин» асари сиддиқ ва орифлар ҳақида ёзилган китоб бўлиб, муқаддима, уч фасл ва хотимадан иборат.

Биринчи фаслида Ҳазрат Эшон (Хожа Аҳрор Вали) ва Хожаган силсиласи [2.7 а варақ] азизлари ҳақида сўз юритилган бўса, иккинчи фасли латиф хабарлар ва гўзал мажлислар тўғрисида. Учинчи фаслида эса (Хожа) Эшондан зуҳур бўлган одат ва кароматлар ҳақида баён қилинган. Асарнинг хотимасида ахлоқ сифатлари ва бу тоифа (хожагон) ҳақида турли ҳикоятлар зикр этилган. «Ҳазрат Эшон (Хожа Аҳрор Валий)нинг насабалари ва ҳасабалари баён қилинади. Ҳазрат Хожа Калон (қ.с.) Ҳазрат Хожамнинг ўғлидур. У киши Хожа Маҳмуднинг ўғлидур. У киши эса Хожа Шаҳобиддиннинг ўғли. У киши уч ёки тўрт восита билан Хожа Муҳаммад Номийга етади. Хабар берилдики, Муҳаммад Номий Бағдоддан. Унинг устози  шайх Абу Бакр Муҳаммад ибн Али ибн Исмоил Қаффол Шошийдир. Қаффол Шоший шофеий мазҳаби уламоларидан эди. Зоҳирий ва ботиний илмда замонасининг пешво имомларидан эди. Абу Бакр Қаффол Шоший ўз ҳаётларини уч қисмга бўлган эканлар. Бир вақт Рум тарафга ғазотга борганлари, (У пайтда Румда ҳануз Ислом муяссар бўлмаган экан), бир вақт ҳажга борганлари, бир вақт ўз вилоятларида ўтириб, халқни Ҳаққа даъват қилганлари»[2:35а-б варақ].

Қўлёзманинг 36а-37б варағида: «Абу Бакр Муҳаммад ибн Али Қаффол Шоший замонасининг машҳур уломаларидан бўлиб, Шош (Тошкент) шаҳрида истиқомат қилар эдилар. У зот кўп маротаба ҳажга сафар қилиб, боришда ва қайтишда аксар илмларни олган Бағдодга кириб ўтар эдилар. Бир галги сафарларида Бағдодга келсалар, уламоларнинг ниҳоятда саросимада қолганини кўрдилар. Чунки Рум подшоҳи – қайсари ибрий тилида халифага бир қасида юбориб, ё ушбу қасидага муносиб жавоб ёзасизлар, ё ҳар йили ўлпон тўлайсизлар, ёки урушга тайёрланаверинглар, деб талаб қилган эди. Ўша пайтда уларнинг Рум билан урушишга имкони йўқлиги,  талаб қилинган ўлпонни ҳам тўлаш учун етарли маблағи бўлмаганидан қасидага жавоб ёзишга мажбур эди. Бағдоднинг жами уламо ва фозиллари йиғилди. Лекин қасидага мос жавоб ёзишга барчаси ожиз қолди. Рум элчиси эса уларни шошилтирар эди. Шайх Бағдодга кириб келганларида, Туркистон юртидан Бағдодга бир забардаст донишманд келибди, деган хабар тарқалади. Халифа одам юбориб, у киши жавоб қасидасини ёзса, эвазига хоҳлаган нарсасини беришини айтади». «…Нақл қилинишича, Ҳазрати Шайх ғазотга бориб, румликлар билан жанг қилган йили аҳли Исломга шикаст етиб, кўпгина мусулмонлар билан бирга асирга тушади. Ҳазрати Шайхни Рум подшосининг олдига олиб келганида подшоҳ Шайхга боқиб: «Сен бу вилоятнинг одамига ўхшамайсан, ростини айт, қаердансан?» деб сўрайди. Ҳазрати Шайх: «Шош вилоятиданман», деб жавоб беради. Подшоҳ: «Сен биз учун Тавротни араб тилига ўгир, сен ва асир мусулмонларнинг гуноҳидан ўтаман ва кўп неъматларни инъом қиламан!» дейди. Шайх унга: «Майли, розиман, аммо шартим шуки, Таврот қандай нозил қилинган бўлса, араб тилига худди ўшандай таржима қиламан. Аммо ҳозир сизларнинг қўлингиздаги Таврот ўзгартирилгандир!» деб жавоб қилади.

Подшоҳ дарғазаб бўлиб: «Агар бу ишни қилмасанг, сени асир мусулмонлар билан бирга қатл эттираман!» деб дағдаға қилади. Шайх эса: «Нимани хоҳласанг, шуни қил! Мен Ҳақдан нозил бўлган Тавротдан бошқа Тавротни таржима қилмайман!» дейди.

Подшоҳ уламолар ва улуғлар билан маслаҳат қилган ҳолда охири рози бўлиб: «Майли, сен арабча қил, аммо биз Муҳаммаднинг шарҳларига келганда кўзимизини юмамиз ва уни ўқимаймиз!» дейди. Алқисса, Ҳазрати Шайх ишга киришади. Озгина фурсатда шундай катта ишнинг уддасидан чиқиб, Тавротни бошдан оёқ таржима қиладилар. …Рум подшоҳи Ҳазрати Шайхга инъомлар бериб, аҳли Исломнинг барчасини озод қилади. Ўн минг асир халос бўлгани билан Ҳазрати Имом Бағдод халифасининг ҳузурига келади ва кўп ҳурматли бўлиб, «Мендан тиланг», деганда бир нома тиладиларким, Тошкент шаҳрининг волийи (ҳокими)нинг номигаким, қадимги подшолардан қолган ариғлар ботил бўлиб (кўмилиб кетиб), Тошкент шаҳрига сув келиши машаққат бўлибдир. Имкони бўлса, вилоят ҳокими буйруғингиз бўйича бош бўлиб, сувни жорий қилиб берса, дедилар. Халифа нома ёзиб, аббосий хазинасидан бир юз олтмиш танга берди. Ҳазрати Имом мазкур танга билан номани келтириб, вилоят ҳокимига берадилар». Натижада халқ кўп ариқ қазиб, банд боғлаб, сув чиқарилади.

Асарнинг 66б-67а варағида Хоразм волийси Қутлуқ Темур, Мирзо Шоҳруҳ, Абу Саид Мирзолар ҳақидаги воқеалар баён қилинган. Тарихий манбаларда Мирзо Улуғбек шаҳид этилган мавзе Самарқанд шаҳрининг чеккасида жойлашгани ҳақида баъзи маълумотлар келтирилган. Лекин бу мавзенинг аниқ ўрни ҳозиргача номаълум эди. Мирзо Улуғбек – Боғи Майдондаги Боғи Чиннида вафот этгани ҳақида Муҳаммад Қози бундай дейди: «Мирзо Улуғбекнинг умри Боғи Майдон-Чиннихонада тамом бўлди», [2:68 а] деган маълумотни беради.

Зикр талқини Ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак дилларидан Абу Бакр Сиддиққа ўтади. Кейин бу саодат Салмон Форсийга ўтади. У кишидан Жаъфар Содиққа, кейин Боязид Бистомийга ўтади. Ундан кейин Абул Ҳасан Ҳарақонийга, ундан шайх Абул Қосим Гургоний Тусийга, ундан шайх абу Али Фармадий Тусийга, ундан шайх Абу Юсуф Ҳамадонийга ўтди. У кишидан зикр талқини янада қуввати ошиб, тўрт бузруквор (халифа-шогирд)ни тарбия қилдилар. Тўртовига ҳам тариқат даъватига ижозат бердилар. Биринчиси Абдуллоҳ Баррақий, кейин Хожа Ҳасан Андоқий, учинчиси Аҳмад Яссавий ва охиргиси Хожа Абдулхолиқ Ғиждувонийдир [2:58а варақ].  Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний эса Хожа Аҳмад Сиддиқ, Хожа Ориф Ревгарий ва Авлиёи Калонга ижозат берди. Хожа Ориф Ревгарийдан Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавийга ўтди. Ундан Ҳожа Али Ромитанийга [2:58б -59а варақ], ундан Хожа Муҳаммад Бобо Саммосийга ўтди. Ундан Амир Кулолга, ундан Хожа  Баҳоуддинга ўтди. Баҳоуддин Хуфия зикрга машғул бўлди. «Мен сени қандай тарбият этган бўлсам, фарзандим Баҳоуддинни ҳам худди шундай парвариш қилгин ва шафқатни дариғ тутмагайсан». Шу тариқа Амир Кулолдан зикр таълимини олди.  Хожагон силсилани шу ерга қадар Муҳаммад Ҳофиз Муҳаммад Порсо ёзишмалари орқали нақл қилди [61б варақ].

Асарда турли байт, ғазал, маснавийлар ҳам бериб борилган.

 Жумладан:
«Дафтар сарфи савод ва ҳуруф нест,
Чиз дил сафид меҳавон бараф нест»,

Яъни:

«Номаъи аъмол дафтарида ёзувлар кўп, аммо савод (эътиқод) билан ёзилмаган, гўёки дилим пок деб ёзгани билан, дил оқ (пок) бўлиб қолмайдику» [2:9а варақ].

Мавлоно Муҳаммад Қози маънавий меросидаги «Силсилатул орифин ва тазкиратус сиддиқин» асари асл тарихимизни келажак авлодга етказишда, шунингдек, Учинчи Ренессанс пойдевори бўлган сифатли кадрларни тайёрлашда нодир манба бўлиб хизмат қилади. Зеро, Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан таъкидланганидек: «…Энг катта бойлик – бу ақл заковат ва илм, энг катта мерос – бу яхши тарбия, энг катта қашшоқлик – бу илмсизликдир! Шу сабабли ҳаммамиз учун замонавий билимларни ўзлаштириш, чинакам маърифат ва юксак маданият эгаси бўлиш узлуксиз ҳаётий эҳтиёжга айланиши керак»[5].

Фойдаланилган адабиётлар:

  1. Фахриддин Али Сафий. Рашаҳоту айнил ҳаёт. www.ziyouz.com кутубхонаси. 467
  2. Муҳаммад ибн Бурҳонуддин ибн Хожа Муҳаммад Ризо Муҳаммад ал-Қози. Силсилатул орифин ва тазкиратус сиддиқин. ЎзР ФА ШИ қўлёзмалар хазинаси. №11413. – Б.276.
  3. Мирзо Муҳаммад Ҳайдар. Тарихи Рашидий. –Т.: 2011. – Б.308.
  4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Қадимий манбаларни сақлаш ва тадқиқ этиш тизимини такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарори// Халқ сўзи, 2022 йил 11 февраль.
  5. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси. 24.01.2020.http://www.press-service.uz.

 

МАНСУР АЛИМОВ,
СамДЧТИ мустақил тадқиқотчиси

Check Also

АБУ ҲУРАЙРА РОЗИЯЛЛОҲУ АНҲУГА ҚИЛИНГАН ТУҲМАТЛАРНИ БАРТАРАФ ҚИЛИШДА ТАРИХИЙ МАНБАЛАР АСОСИДА ЗАМОНАВИЙ ТАДҚИҚОТЛАР ҚИЁСИЙ ТАҲЛИЛИ

Маҳмуд Абу Раййа (1889-1970) “Маҳмуд Абу Раййа 1889 йили 15 декабрда Мисрнинг Дақҳалия муҳофазасида туғилган. …