Home / МАҚОЛАЛАР / КЎЧИРИШ АМАЛИЁТИНИНГ ТУБ АҲОЛИ ИЖТИМОИЙ-ИҚТИСОДИЙ ВА МАДАНИЙ ҲАЁТИГА ТАЪСИРИ

КЎЧИРИШ АМАЛИЁТИНИНГ ТУБ АҲОЛИ ИЖТИМОИЙ-ИҚТИСОДИЙ ВА МАДАНИЙ ҲАЁТИГА ТАЪСИРИ

Мустамлакачилик истило этилган мамлакат аҳолисига нисбатан зўрлик ҳисобланади. Бинобарин, зўравонлик мустамлакачилик сиёсати сифатида барча метрополияларга хос. Шунингдек,  моддий бойликларни талон-тарож қилиш, ҳудуд захираларидан фойдаланиш ва асосийси мустамлака бошқарув тизимини яратишдан иборат эди. Бу пайтда Туркистонга кўчириб келтирилган казак ва русларни жойлаштириш, ҳайдаладиган ер, яйлов ва бошқа воситалар билангина эмас, балки солиқ, фуқаролик имтиёзлари ва сиёсий устунликларни намоён қилиши зарур эди. Буларнинг барчаси аста-секинлик билан туб аҳоли ҳисобига амалга оширилди.

Рус деҳқонлари ва казакларни имкон қадар кўпроқ ер-мулк билан таъминлаш учун кўчманчи ҳаёт тарзига эга аҳоли яшовчи минтақаларнинг катта қисми мусодара этилди. Шунингдек, Сирдарё ва Еттисув областлари кўчманчи, асосан, қозоқ ва қирғиз аҳолисини ўтроқ ҳаётга мажбурлаш чоралари қўлланарди. Натижада ўзларининг имкони янада кенгаярди.

Туркистон маъмуриятининг туб аҳолига нисбатан шовинистик муносабати кейинчалик солиқни мунтазам ошириб боришга қаратилди.  Бу турли-туман йиғимларни жорий этишдан, кейинчалик қишлоқ аҳолисидан қорамол, арава, озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечак, ўтовни ҳам зўрлик билан тортиб олишда намоён бўлди. Масалан, биринчи жаҳон уруши йилларида Ғарбий фронтдаги рус армияси эҳтиёжлари учун 300 минг пуд гўшт, 70 минг от, деярли 13 минг туя, 270 арава ва 13441 ўтов олиб кетилган [9:524].

Империя ҳукмрон доиралари Туркистоннинг қишлоқ аҳолисини паст нархда сотиб олинадиган пахта етиштиришга мажбур қилишни кўзлади. Хусусан, 1867-1916 йиллар оралиғида Россия саноати қайта ишлайдиган пахтанинг умумий ҳажмида Туркистон ҳиссаси 6,6 фоиздан 70 фоизга ортди [8:31]. Бу йиллар ичида Туркистондан метрополияга ташиб  кетиладиган пахта натурал ифодада 639193 пуддан [5:18] 20 миллион пудга [7:33], яъни деярли 30 баравар кўпайди. Туркистонда пахта етиштириш учун ажратилган ерларнинг майдони 1870-1916 йилларда 54 минг десятинадан деярли 681 минг десятинагача ошди [7:29].  Шу муносабат билан ўлкада ғалла етиштириш йил сайин камайди.

Еттисув области Ҳарбий губернатори Туркистон генерал-губернаторига  мурожаат қилади.  Ҳудуддаги вазият мураккаблиги сабаб рус фуқароларнинг  фаровонлиги бошқалар ерларининг зўрлик билан босиб олиниши  ҳисобига бўлмаслиги кераклигини уқтиради. Шунингдек, «қирғизлардан суғорма ерларни сотиб олиш йўли билан областда яшовчи кўчиб келганлар аҳволини тезда яхшилаш» чораларини кўришни илтимос қилганди [14:111,114]. Лекин қишлоқ аҳолисини уларнинг ерларидан шафқатсизларча сиқиб чиқариш тарафдори бўлган Велецкий империя ҳокимияти томонидан қўллаб-қувватланди. Област ҳарбий губернатори Ионов ҳамда ўлка генерал-губернатори Гродеков эгаллаб турган лавозимларидан бўшатилди. Умуман, Туркистон қишлоқ хўжалигини Россия саноати эҳтиёжларига бўйсундириш қатъият билан амалга оширилди. Таассуфки, ўлкада ичимлик сотувчи дўконлар очилиши, вино-ароқ заводлари қурилиши, ичкиликбозлик иллатларининг ёйилиши мусулмон аҳолиси қаҳр-ғазабини қўзғатди. Хўжанддаги вино-ароқ заводларидан бири у ерга бостириб борган Қўқон хонлиги қўшини томонидан ёқиб юборилгани тасодиф эмас [13:5].  Бу давр ўлка ижтимоий ҳаётида вазият, биринчидан, маҳаллий меҳнаткашлар асосий кўпчилиги саноат ва қурилишда ёрдамчи ва малакасиз меҳнат билан банд эди; иккинчидан, умуман олганда, ҳар бир ишчининг ўртача йиллик иш ҳақи Россия империяси бўйича ўртача кўрсаткичдан 60 фоиз кам эди [6:21]. Лекин шунда ҳам туб аҳоли ҳажман ва мазмунан тенг меҳнат учун Россиядан кўчириб келтирилган ишчиларга нисбатан икки–уч баробар кам ҳақ олишарди (масалан, рус кон ишчиси бир кунлик иши учун ўртача 90 тийин, ўзбек, тожик миллатларига мансуб бўлган кон ишчиси эса бор-йўғи 30-60 тийин ҳақ оларди)[16:19]; учинчидан, Россия ва чет эл капиталистларига тегишли кўплаб завод ва фабрикаларда маҳаллий ишчиларга меҳнат ҳақи тўлаш ойлаб тўхтатиб қўйилар, рус ишчиларига нисбатан эса ўлка  маъмурияти бундай ҳолга йўл қўймасди [17:130]; тўртинчидан, саноат корхоналарида ишлаб чиқаришда  жароҳатланиш ҳоллари кўплаб содир бўлиб турарди (масалан, «Чимён» нефть конларида ишчилар умумий сони 500 киши бўлгани ҳолда 1910 йилда 328 бахтсиз ҳодиса содир бўлганди [15:1-91]); бешинчидан, саноат корхоналарининг бор-йўғи 22 фоизида 8-9 соат, 17 фоизидан ортиғида эса 12 соатлик иш куни жорий этилганди. Айни чоғда кўпчилик хусусий акциядорлик корхоналари ишчилари «кундалик ишларига боғлиқ бўлмаган ҳолда, ҳафта давомида энг яқин бошлиқлари буйруғига кўра, якшанба ва байрам кунлари, кундузги ва тунги пайтда иш вақтидан ташқари ишлашга» мажбур бўлган [12:56]. Шу муносабат билан мустамлаканинг туб аҳолисига аслида хайрихоҳ бўлмаган тадқиқотчилар В.Заорская ҳамда К.Александер: «Ишчилар учун чинакам казармалар умуман йўқ, ишчилар завод яқинида ёки унинг ўзида, ёхуд шу ерда жойлашган катта бўлмаган бостирмаларда яшашади; учинчи ҳолатда улар Туркистон иқлими йилнинг катта қисмида қулай бўлгани учун бутунлай очиқ ҳавода истиқомат қилади. Кўпинча туб аҳолининг шундай яшаши кузатилади»[4:57], деб холис ёзган.

Туркистоннинг Россия учун даромадли минтақа бўлганини Муваққат ҳукуматнинг аҳолини кўчириш ва мустамлакачилик масалалари бўйича Комиссия тузганидан ҳам кўришимиз мумкин. Бу комиссия, асосан, Туркистонни Россия таркибида сақлаб қолиш чораларини таклиф этиши даркор эди. Лекин 1917 йил сентябрда комиссия ўз ишини тўхтатди [2:136-167]. 

Шунинг учун ҳам ушбу масалани Туркистонга шарқий славян аҳолини кўчириш сиёсатини тадқиқ этишимизнинг сабабларини қуйидагича деб изоҳлаш мумкин:

– биринчидан, Туркистоннинг кўп сонли туб аҳолиси, чуқур тарихий илдизларга, юксак маданиятга эга бўлгани империяга ўз ҳукмронлигини барқарорлаштиришга тўсқинлик қилиши аниқ эди;

– иккинчидан, империянинг ҳукмрон доираларига ва православ руҳонийларига Сибир, Волгабўйи ва бошқа айрим ҳудудларда амалга оширилган сиёсат, яъни маҳаллий аҳолини руслаштириш маъқул кўринган ва уни Туркистонда ҳам қўллаш бўйича режа тузилган.

– учинчидан, ўлкада кўплаб рус аҳолини имтиёзли шароитларда жойлаштириш ва туб аҳолига нисбатан шовинистик сиёсатни амалга ошириш туб аҳолининг мустамлакачиликка қарши кураш борасида сиёсий ва ижтимоий фаоллигини оширди. Шунинг учун янги усул мактаблари, миллий матбуот ва сиёсий ташкилотлар пайдо бўлди. Мустамлакачилик йилларида Туркистонда шундай маъмурий ва мафкуравий шароит яратилдики, маданият, фан ва таълим соҳасидаги Россия мутахассислари сони ортди. Туб аҳоли учун бу соҳалар ривожланишини тўхтатиш бўйича тарихий моддий ва маънавий бойликлар, археологик топилмалар минтақадан осонлик билан олиб чиқиб кетилди.

Чоризм ва мустамлака зулмига қарши фақат фаол курашгина халқ оммасини янада оғир истибдоддан халос қилиши мумкин эди. Чунки барон А.Вревский ўрнига келган генерал-губернатор С.Духовский Андижон қўзғолонидан кейин бир неча ой ўтмасдан империя Ҳарбий вазирига қуйидаги таклифларни баён қилган:

  1. Маҳаллий аҳолининг маънавий-ахлоқий мавқейига жуда кучли таъсир кўрсатаётган барча мусулмон муассасалари ҳаётига фаол аралашиш;
  2. Туркистон ўлкасида мусулмонлар диний бошқармаси тузилишига йўл қўймаслик;
  3. Барча маҳаллий мусулмон мактабларини маъмурият ихтиёрига бериш, умуман, барча маҳаллий мусулмон ўқув юртлари ҳамда диний муассасаларини тўлиқ рўйхатга олиш;
  4. Ҳукумат томонидан Туркистондаги мусулмонларга яҳудийларга нисбатан юритилган сиёсатни татбиқ қилиш.

Шу сабабли ўлкадаги барча мусулмон мактабларига нисбатан яҳудийларнинг хедерлари тўғрисидаги 1893 йил 1 март қонунини татбиқ этиш.

Мазкур қонунга асосан мусулмон мактаблари домлалари ҳар йили алоҳида гувоҳнома олиши ва бунинг учун мактаб, қорихона, далойилхона домласи – 3 рубл 50 тийин, мадраса домлалари 7 рублдан тўлаши керак эди.  Генерал-губернатор, шунингдек, сиёсий жиҳатдан зарарли деб топилган маҳаллий мусулмон мактабларини ёпиш ҳуқуқи берилишини ҳам сўраган [11:2-3]. Чунки бундай мактаблар, айниқса, мадрасалар ўлкада жуда кўп эди. Мустамлака маъмурияти рус-тузем мактаблар тармоғини кенгайтириш, ўқувчилар контингентини туб аҳоли жумласидан кўпайтириш мақсадида бутун аҳолидан маблағ йиғишни амалга киритди.

Ўша маҳалда рус-тузем мактабларини моддий ва ўқув-методик жиҳатдан таъминлаш мақсадида миллий зодагонлар мактабларга нозир васий этиб тайинланди. Шунинг билан бирга (бу ҳам мадрасалар, анъанавий, кейинчалик эса янги усул мактаблари ролини пасайтиришга хизмат қилмоғи лозим эди) болаларни она тилида (ҳужжатда «тил» сўзи ўрнига «лаҳжа» ишлатилган [10:30-31]) ўқитишни жорий этишга, улар учун махсус дарслик яратишга   рози бўлди. Ўзбек тили ва уни ўқитиш услуби билимдони Саидрасул Саидазизов маъмурият топшириғига биноан «Устоди аввал» дарслигини ёзди. Бу дарслик 1900-1922 йилларда 17 марта қайта нашр этилди [1:220].  Туркистондагина эмас, балки Бухоро ва Хивада ҳам янги усул мактаблари очиш, уларни такомиллаштириш ҳамда тармоғини кенгайтириш ишига Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдулла Авлоний, Мунавварқори Абдурашидхонов, Абдувоҳид Бурҳонов, Мўмин Аминов, Олимхонтўра ва бошқа таниқли жадидлар бебаҳо ҳисса қўшди.

Туркистон областлари бўйича маълумотлар 1917 йил бошида мавжуд бўлган янги усул мактаблари тармоғини нисбатан тўлалигича кўрсатади. Чунончи, Фарғона областида 55 дан зиёд (фақат Андижон ва Қўқоннинг ўзида 33 мактаб), Самарқандда – 5, Сирдарёда – 40, Еттисувда – 18, Каспийортида – 4 та шундай мактаб бўлган [3: 260-261].

Хуллас, Туркистон зиёлилари ўлкани ҳар томонлама эксплуатация қилинишига, умуминсоний қадриятларни сақлаб қолишга ҳаракат қилди. Ҳарбий-сиёсий тазйиққа зид ўлароқ, шаҳар ва қишлоқларда янги усул мактаблари очиш, мадраса ва эски усул мактабларини замонавийлаштириш йўлидан борди. Кўплаб илмий-тарихий, фалсафий, тиббий, педагогик асарлар, диний ва дунёвий фанлар бўйича дарсликлар, миллий санъат намуналарини яратиш, маҳаллий халқлар тилида газета ва журналлар чоп этиш амалда кўрина бошлади. Бу эса халқларни мустамлакачиликка қарши, озодлик шиорлари остида бирлаштириш, ниҳоят миллий демократик ҳукумат – Туркистон (Қўқон) Мухториятини тузиш каби жадид ҳаракатининг юзага келиши ва ривожланишига сабаб бўлди.

Фойдаланилган адабиётлар:
  1. Бендриков К.Е. Очерки по истории народного образования в Туркестане. – С. 220.
  2. Вопросы колонизации (Петроград). 1917. №20. – С. 136-167.
  3. Журнал “Наука и просвещение”. – Т.: 1922, №2. – С. 31-33.; Бендриков К.Е. Кўрсатилган асар. – С. 260-261.
  4. Заорская В.В., Александер К.А. Промышленные заведения Туркестанского края. – Пгр. 115. – С. 57.
  5. Зияев Ҳ. Ўзбекистон пахтачилиги тарихидан. – Т.: 1980. – Б. 18.
  6. Мельникова Т.С. Формирование промышленных кадров в Узбекистане. – Т.: 1956. – С. 21.
  7. Социально-экономическое и политическое положение Узбекистана. – С. 33.
  8. Социально-экономическое и политическое положение Узбекистана накануне Октября. – С. 31.
  9. Ўзбекистон ССР тарихи. 4 томли. II том. – Т.: 1968. – Б. 524.
  10. ЎзР МА, И-1-жамғарма, 4-рўйхат, 136-иш, 30-варақнинг орқа томони ва 31-варақлар.
  11. ЎзР МА, И-1-жамғарма, 11-рўйхат, 161-иш, 2-3-варағлар.
  12. ЎзР МА, И-1-жамғарма, 15-рўйхат, 354-иш, 56-варақ.
  13. ЎзР МА, И-1-жамғарма, 16-рўйхат, 637-иш, 5-варақ.
  14. ЎзР МА, 7-Фонд, 1-рўйхат, 5020-иш, 111, 114 варақлар.
  15. ЎзР МА, И-41-жамғарма, 1-рўйхат, 115-иш, 1-91-варақлар.
  16. ЎзР МА. И-41-жамғарма, 1-рўйхат, 219-иш, 19-варақ
  17. ЎзР МА. И-41-жамғарма, 1-рўйхат, 219-иш, 130-варақ.
УМИРИЛЛО ОРТИҚОВ,
СамДЧТИ академик лицейи ўқитувчиси

Check Also

ЁШЛАРДА ВАТАНПАРВАРЛИК ТУЙҒУСИНИ РИВОЖЛАНТИРИШДА ДИНШУНОСЛИККА ОИД ФАНЛАРНИ ЎҚИТИШНИНГ АҲАМИЯТИ

Жаҳонда содир бўлаётган глобаллашув жараёнлари­да дин омилининг ўрни тобора ортиб бормоқда. Дунёга хавф солаётган экстремистик …