Home / МАҚОЛАЛАР / СИЗГА МАЛОЛ КЕЛМАГУНЧА АЛЛОҲГА МАЛОЛ КЕЛМАЙДИ

СИЗГА МАЛОЛ КЕЛМАГУНЧА АЛЛОҲГА МАЛОЛ КЕЛМАЙДИ

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهَا قَالَتْ: قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «يَا أَيُّهَا النَّاسُ خُذُوا مِنْ الْأَعْمَالِ مَا تُطِيقُونَ فَإِنَّ اللَّهَ لَا يَمَلُّ حَتَّى تَمَلُّوا وَإِنَّ أَحَبَّ الْأَعْمَالِ إِلَى اللَّهِ مَا دَامَ وَإِنْ قَلَّ».

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй одамлар! Амаллардан тоқатингизга ярашасини олинг. Зеро, сизга малол келмагунича Аллоҳга малол келмайди. Албатта, амаллар орасида Аллоҳ учун энг суюклиси оз бўлса-да давомли бўлганидир», дедилар» (Имом Бухорий ривояти).

Мусулмон киши Аллоҳ таоло яхши кўрган амалларни бажариш ва бу орқали Унинг розилигига эришиш мақсади билан ҳаёт кечиради. Парвардигорига муҳаббати кучайган сари Унинг розилигини топиш учун кўпроқ эзгу амаллар қилишга интилади. Шунинг учун илм аҳлининг ҳузурига бориб, Аллоҳ таоло қандай амалларни кўпроқ яхши кўришини суриштиради. Бу анъанани саҳобалар бошлаб берган. Улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб, шу масалада мурожаат қилиб турган. Бири энг яхши одам қандай бўлиши, бошқаси Аллоҳ учун энг суюкли амал қайсилиги ҳақида сўрар, яна бири эса Аллоҳ таолонинг муҳаббатига сазовор қиладиган бирор амални айтишларини илтимос қилар эди.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган мазкур ҳадиснинг ворид бўлиш сабаби қуйидагича. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам тунда бир бўйрани парда қилиб қўйиб, ортида ибодат қилар, кундузи эса уни тўшаб устига ўтирар эдилар. Буни кўрган саҳобалар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларига қўшилиб намоз ўқий бошладилар. Бора-бора уларнинг сони кўпайиб кетди. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга юзланиб, бундай дедилар: «Эй одамлар! Амаллардан тоқатингизга ярашасини олинг (яъни, нафл ибодатлар ва эзгу амаллар қилишда ўзингизни машаққатга солиб қўйманг, балки қурбингиз етадиганини қилинг). Зеро, сизга малол келмагунича Аллоҳга малол келмайди (яъни, амал қилишдан малолланиб, уни тўхтатиб қўймагунингизча сизга ўша амалнинг савобини беришдан тўхтамайди). Албатта, амаллар орасида Аллоҳ учун энг суюклиси оз бўлса-да давомли бўлганидир» (яъни, ихтиёрий ибодатлар ёки эзгу амаллар орасида Аллоҳ таоло учун энг суюклиси ўзи оз бўлса-да, соҳиби унда бардавом бўлганидир. Чунки у кўп бўлишига қарамай, тўхтаб узилиб қоладиган амалдан яхшироқдир).

Аллоҳ ва Расули учун энг севимли амал қайсилиги борасида бундан бошқа ҳадислар ҳам бор. Жумладан, Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган қуйидаги ҳадисда оз бўлса-да, доимий тарзда амал қилиш тарғиб этилган: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Аллоҳга амалларнинг қайси бири энг суюклидир?» деб сўралди. У зот: «Оз бўлса-да, давомли бўлгани», деб жавоб бердилар» (Имом Бухорий ривояти).

У зот алайҳиссаломнинг амаллари шундай эди. Бунинг далили мана бу ҳадиси шарифдир: «Алқама Нахаий Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амаллари ҳақида сўраб билиш учун Оиша розияллоҳу анҳонинг олдига келди ва: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кунларнинг бирортасини (муайян бир ибодат учун) хослаб олган эдиларми?» деди. У: «Йўқ, у зотнинг амаллари давомли эди, холос. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қурбилари етган ишга сиздан қайси бирингизнинг ҳам қурби етар эди-я?!» деб жавоб берди» (Имом Бухорий ривояти).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир одатлари бор эди. Бирор амалга қўл урсалар, уни пухта бажарар эдилар. Бирор касаллик ёки монелик туфайли кечки вазифаларини бажара олмай қолсалар, кундузи қазосини адо этардилар. У зот алайҳиссалом киши ибодат қиламан деб жисму жонини қийнаб қўйишини, ўзини тоқати етмайдиган ишга мажбурлашини хуш кўрмасдилар. Чунки нафс бундай амалда бардавом бўла олмайди.

Мусулмон киши тоқатига яраша амал қилиши керак. Оз бўлса ҳам бардавом бўлгани яхши. Юқоридаги ҳадислардан англаш мумкинки, киши ўзига ортиқча машаққат келтирадиган амалга қўл урмаслиги керак. Чунки вақти келиб уни ташлаб қўйиши мумкин. Бунинг ўрнига оз бўлса ҳам давомли равишда амал қилиб юриши мақсадга мувофиқдир.

Аллоҳ таоло шариат аҳкомлари ва ибодат амалларини бандаларига машаққат бўлиши, жонга азоб бериши, жисмни ҳалок қилиши учун жорий этмаган. Бу амаллар руҳий сокинлик, саодат ва хотиржамлик, охиратда Аллоҳ ризосининг манбаи бўлиш учун жорий қилинган. Зеро, тоат-ибодат ва эзгу амаллар қалбга сурур бағишлайди, Аллоҳга яқинлаштиради, ошно қилади. Унга муҳаббат ва рағбат билан юзланадиган, Унинг ҳузурида туришни яхши кўрадиган қилиб қўяди. Шунинг учун Аллоҳ таоло Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга: «(Эй Муҳаммад!) Биз Сизга ушбу Қуръонни (дин ишида) машаққат чекишингиз учун нозил қилмадик», деган (Тоҳа сураси, 1-2-оятлар).

Ҳар қандай кишининг нафсига охир-оқибат оғир амаллар малол келиб қолади. Инсон аста-секин уларни тарк этади. Аммо тоқатига яраша ибодат қиладиган кишининг амали ҳам, ажру савоби ҳам бардавом бўлади. Бу унинг ибодатга рағбатли экани, тоат-амаллардан ҳузурланиши ва Аллоҳ таолога юзланишни яхши кўришидан далолат беради. Аллоҳ таоло: «У сизларни (шу дин учун) танлади ва динда сизларга бирор ҳараж (қийинчилик) қилмади» (Ҳаж сураси, 78-оят), «Аллоҳ сизларга енгиллик бўлишини истайди, оғирлик бўлишини хоҳламайди» (Бақара сураси, 185-оят), деган. Шундай экан, мусулмон киши фарз ибодатлардан бошқа бирор амални ўзига қўшимча вазифа қилиб олмоқчи бўлса, шахсий имкониятларидан келиб чиқиб иш тутиши лозим. Шунда Аллоҳнинг суюкли бандаларидан бирига айланади.

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

  1. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз умматларига нисбатан ўта меҳр-шафқатли бўлганлар.
  2. Аллоҳ ва Расули учун энг суюкли амал оз бўлса-да, соҳиби унда бардавом бўлганидир.
  3. Мусулмон киши ибодат қиламан деб ўзини машаққатга солиб қўйиши мақсадга мувофиқ эмас.
  4. Аллоҳ таоло исломни дин сифатида инсонларга машаққат бўлиши учун эмас, балки уларнинг оғирини енгил қилиш учун танлаган.
Алоуддин НEМАТОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходим

Check Also

“САҲИҲУЛ БУХОРИЙ” ИНСОНЛАРНИ ИЛМГА ЧОРЛАЙДИ

“Аллоҳ жалла зикруҳу айтади: “Бандалар орасида Аллоҳдан фақат олимларигина қўрқарлар”[1]. “Лекин уларга фақат олимларнинг ақли …