Home / ЯНГИЛИКЛАР / САХОВАТ, ЭЗГУЛИК ВА ПОКЛИК БАЙРАМИ

САХОВАТ, ЭЗГУЛИК ВА ПОКЛИК БАЙРАМИ

Покланиш, меҳр-оқибат, инсонпарварлик, бағрикенглик, эзгулик ва саховат ойи бўлган муборак Рамазоннинг ҳам сўнгги куни қолди. Ҳайит арафасидаги ушбу қутлуғ паллаларда ҳамманинг кўнглига шундай файзли ва баракотли кунларга етказгани учун Парвардигорга шукроналик туйғуси инган. Барчанинг қалбидан шундай саодатли ойларнинг яна кўпини кўриш умиди жой олган. Қалбларга имон нурини бахш этадиган ушбу улуғ айёмни юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик муҳитида, оилалар бағрида, эл-юрт даврасида кутиб олаётган ҳар бир юртдошимиз бунинг учун Ҳақ таолога чексиз шукрона келтиради.

Жорий йил Ўзбекистон аҳли муборак Рамазонни ўзгача, одатдагидан кўтаринки руҳда кутиб олди. Чунки бу муқаддас ой арафасида халқимиз Халқаро хотин-қизлар кунини нишонлаган бўлса, Рамазон кириб келганидан кейин Наврўз умумхалқ байрамини тантана қилди.

8 март байрами Рамазон ойидаги хайрли тадбирларга тайёргарликнинг дебочаси бўлди, десак янглишмаган бўламиз. Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан онахонларимиз ва опа-сингилларимиз соғлиғини мустаҳкамлаш, иш билан бандлигини таъминлаш, аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш, ижтимоий ҳимоясини кучайтириш вазифалари алоҳида белгиланиши баробарида умуммиллий аҳамиятга эга ғоят муҳим мақсад ҳам баён этилди. Яъни ўғил-қизларимизни жисмонан ва маънан баркамол этиб тарбиялаш, миллий ғурур, Ватанга муҳаббат, умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида вояга етказиш барчамизнинг асосий бурчимиз эканидан келиб чиқиб, ёшлар тарбиясига эътиборни янада кучайтириш зарурлиги таъкидланди. Давлатимиз раҳбари, жумладан, бундай деди: “Биз маънавий тарбия ишларини энди мутлақо янгича усулда олиб боришимиз керак. “Эзгулик — шиоримиз, маърифат — қуролимиз” деган ғоя асосида бу жараённи аввало оиладан, маҳалладан бошлашимиз лозим. Зотан, ҳадиси шарифда айтилганидек, “Ота-она ўз фарзандига яхши тарбиядан бошқа мерос қолдиролмайди”. Муҳтарама опа-сингилларимиз, дуогўй онахонларимизнинг масъулияти айнан ана шу масалаларда яққол намоён бўлади”.

Эзгулик ва маърифат муқаддас динимизнинг асосий тамойилларидан. Шу боис, мазкур чақириқни Рамазон ойига тайёргарликнинг ўзига хос ибтидоси, дейиш мумкин.

Мусулмон дунёси 11 мартдан қалби ва руҳини поклашга киришди. Кимдир саховатпеша бўлиб, одамларга егуликлар улашяпти, ифторликлар ташкил этяпти. Яна кимдир Меҳрибонлик уйларига, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга ёрдам кўрсатяпти. Бундай хайрли ишларни қилаётганлар имкон қадар шахсини сир тутяпти. Яъни бунда риё йўқ. Улар халқимизнинг “Яхшилик қил, дарёга ташла, балиқ билар, балиқ билмаса ҳам Холиқ билар”, “Ўнг қўлинг берганини чап қўлинг билмасин” сингари ҳикматларига риоя қиляпти.

Ҳамюртларимизнинг қалбидаги саховатга янада кўпроқ интилиш ҳисси, Рамазон кайфияти шундай хайрли амалларда кўриниш бераётгани умумий ижтимоий манзарада яққол намоён бўляпти. Маънавий покланиш, сабр-қаноат, хайру саховат фазилатлари зиёда бўладиган моҳи Рамазонни миллий анъана ва қадриятларимизга мос тарзда, юксак савияда ўтказиш, юртимиз мусулмонларининг ибодат амалларини эмин-эркин адо этиши учун барча шарт-шароитлар яратилди. Давлатимиз раҳбарининг Наманган вилоятида ўтказилган ифторликда қатнашгани Ўзбекистон тарихида мисли кўрилмаган воқеа бўлди.

Наврўз умумхалқ байрамига бағишланган тантанали маросимдаги нутқда ҳам юртимизда Рамазон муҳити қарор топганининг аломатини кўрамиз: “Бугун оби раҳмат ёмғирлари билан осмондан ризқу рўз, қут-барака ёғмоқда. Ҳаммамиз бу ҳолатни шукроналик билан қабул қиламиз”.

Ҳа, Рамазон фақат саховат ва покланиш эмас, барака ойи ҳамдир. Бу ойда ислом уммати ибодат, сабр, саховат ва риёзатга бошқа ойлардагига қараганда, каттароқ ва кучлироқ масъулият билан ёндашади. Кундалик ибодатлар баробарида Қуръон тиловати, хайрли амаллар ва эҳсонни кўпайтиради, закот беради. Шу сабабли мусулмонлар Рамазон ойини ўзгача интиқлик билан кутади, уни бошқача тақво билан ўтказади. Бу ойда кўпчилик шу чоққача босиб ўтган ҳаёт йўли тўғрисида кенгроқ мушоҳада қилади. Рамазонда Яратганга қалбини таслим этиб, кундузлари ейиш-ичишдан, турли кўнгилхушликлардан воз кечган инсон иродасини чиниқтириб, тоблаб боради.

Озиқ-овқат ва ичимликдан тийилишда катта ҳикмат бор. Инсон бир парча нонга, бир ҳўплам сувга зор бўлганларнинг аҳволини ич-ичидан ҳис этади. Бу туйғу унда раҳм-шафқат, саховат ва бағрикенглик фазилатларини ривожлантиради. Инсон қўли очиқроқ бўла боради, мискинларга ёрдамини кучайтиришга ҳаракат қилади. Поклик, ибодат ва тақво қалбини юмшатади ва қусурларидан халос бўлишига ёрдам беради. Шу боис, бутун ислом оламида Рамазон ойи орзиқиб кутиладиган, Ҳақ таолога яқинлашиш имконини берадиган муборак ва қувончли палла саналади. У Парвардигорнинг бандаларга улуғ инояти ва улкан ажру савоб неъматидир. Зеро, бу кунлар тан учун неъматлардан тийилиш даври бўлса, қалб учун ором онларини туҳфа этади.

Қуръони каримда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

“Рамазон ойи — одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир. Бас, сизлардан ким бу ойда (ўз яшаш жойида) ҳозир бўлса, рўзасини тутсин. Ким бемор ёки сафарда бўлса, (тута олмаган кунларининг) саноғи бошқа кунлардандир. Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, оғирликни хоҳламайди. Бу — ҳисобни тўлдиришингиз ҳамда ҳидоятга бошлагани учун Аллоҳга такбир (ҳамду сано) айтишингиз учундир. Шoяд шyĸp қилcaлapингиз” (Бақара сураси, 185-оят).

Ҳақ тaoлo Ўзининг aбaдий мўъжизacи, қиёмaтгaчa инcoниятгa ҳидoят бўлaдигaн китoби бўлмиш Қypъoни кapимни нозил қилиш вaқти этиб Paмaзoни шapифни иxтиёp этгaнининг ўзи бy oйнинг фaзилaти нақадар юксак эканини кўрсатади. Pўзa ибoдaтини айни Paмaзoн oйидa адо этишни фapз қилгани эса нyp ycтигa нyp, фaзилaт ycтигa фaзилaтдир. Бу ойнинг биринчи ўн кунлиги — раҳмат, иккинчиси — мағфират, охиргиси — жаҳаннамдан халос бўлиш даври экани пайғамбаримизнинг кўплаб ҳадисларида баён этилган.

Имом Бухорий ва Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан пайғамбаримизнинг қуйидаги сўзлари келтирилган: “Қодир Аллоҳ айтади: “Одам боласининг ҳар қандай иши унинг ўзи учун, фақат рўза мустасно, рўзани Мен учун тутади, унинг ажрини ҳам Ўзим бераман”. Рўза қалқондир, сизлардан бирингиз рўза тутса, ҳар қандай ёмонликдан сақлансин ва овозини баландлатмасин. Кимдир унга ёмон гапирса ё жанжаллашмоқчи бўлса, “Мен рўзадорман!” десин”.

Рамазон нафсни жиловлаш ойидир. Рўза тутган инсон ташқи оламини озода сақлаш, феълини яхшилаш, тили ва кўзини тийишдан ташқари ички дунёсини ҳам поклайди — тубанлик ва разолатга бошловчи ўй-хаёллардан чекинади. Риё қилмайди, дили ва руҳини тарбиялайди. Шундай қилмас экан, унинг рўзаси қуруқ очлик ва ташналик билан ўзига жабр етказишдан бошқа нарса бўлмай қолади. Аллоҳ қалби тоза бўлмаган банданинг озиқ-овқат ва ичимликлардан тийилишига муҳтож эмас.

Бу ой, аввало, қалбни поклаш, феъл-атворни айб ва нуқсонлардан холи қилиш палласидир. Йил давомида йиғилиб қолган хатоларни мулоҳаза қилиб, такрорламаслик йўлини маҳкам тутиш салоҳиятига мана шу ойда эришиш имконияти кўпроқ бўлади. Чунки нафснинг жиловланиши инсонни фақат яхши томонга ўзгартиришга хизмат қилади. Киши бекорчи ўй-хаёллар, олди-қочди гап-сўзлар, беҳуда хатти-ҳаракатлардан тийилиши, ёмон одатларни тарк этиши билан комиллик йўлига ўтади. Соғлом турмуш тарзининг фойдаларини жисму тани ва руҳиятида ҳис этиб, афзалликларига гувоҳ бўлади ва ишонч ҳосил қилади. Буларнинг барчаси шукронани кучайтиради.

Ҳар йили жисм ва руҳни шундай риёзатдан ўтказиш орқали инсоннинг ички дунёси ўзгаради. Бора-бора у фақат Рамазонда эмас, умуман, бутун ҳаёти давомида сахийроқ, раҳмлироқ бўлади. Яъни Рамазон тугаса-да, бу хайрли ишлар якун топмайди. Ийд алфитр байрам қилинганидан кейин ҳам инсон ўй-хаёллари ва хатти-ҳаракатлари назоратини бўшаштирмайди.

Юртимизда Рамазон ойига давлат даражасида эътибор берилади. Ҳар йили бу ойни, Рамазон ҳайитини муносиб ўтказиш тўғрисида Президент қарори қабул қилиниши бу фикрнинг ёрқин далилидир. Бир неча йилдан буён таровиҳ намозлари чоғида қилинадиган хатми Қуръон ҳам гўзал тарзда тартибга солиб келинаётганига гувоҳ бўляпмиз. Мана, намозхонларга қулай бўлиши учун бутун мамлакат бўйлаб таровиҳ намозининг вақти аниқ қилиб белгиланди. Қайси куни Мусҳафи шарифнинг қаеридан қаеригача ўқилиши кўрсатиб берилди. Яъни турли сабабларга кўра, ўзи қатнаб юрган масжидга эмас, бошқасига бориб қолган одам хатмнинг келган жойидан давом этиши борасида ҳеч иккиланмади. Охирида бутун мамлакат Қадр кечасида ёппасига, деярли бирга дуо қилди. Бу одат гўзал анъанага айланиб улгурди, деб бемалол айтиш мумкин. Ҳар йили теле ва радиоканалларимизда айнан ифторлик ва саҳарлик пайтларига мўлжаллаб маърифий кўрсатув ва эшиттиришлар тайёрланади. Қисқаси, рўзадорлар нафақат жисман, балки маънан ўз-ўзини тарбиялаб, такомиллаштириб бориши учун барча чоралар кўрилган.

Виждон эркинлиги ҳақида сўз борар экан, маърифий юксалиш, аждодлар меросини ўрганиш ва тарғиб қилиш борасидаги ишларга тўхталмай илож йўқ. Юртимизда қисқа вақтда Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ҳадис илми мактаби ташкил қилинди. Бухородаги Мир Араб мадрасасига янги ҳаёт бахш этилди. Бу муассасаларнинг барчаси халқимизнинг кўп асрлик илмий-маънавий меросини ўрганиш, диний ва дунёвий жиҳатдан тадқиқ этиш, миллий ва халқаро миқёсда тарғиб қилиш билан бирга, давлатимиз сиёсатининг асосий йўналишларидан бири — жаҳолатга қарши маърифат билан курашишга ҳам хизмат қилади, албатта.

Халқимиз Имом Мотуридий, Имом Бухорий, Бурҳониддин Марғиноний каби ислом илмлари тараққиётида ғоят салмоқли ўрин тутган аждодлари билан ҳам ҳақли равишда фахрланади. “Саҳиҳ ул-Бухорий” ислом оламида Қуръони каримдан кейинги мўътабар манба саналади. Дунё мусулмонларининг катта қисми Имом Мотуридий ақидасини асосий таянч деб билади. Бурҳониддин Марғинонийнинг “Ҳидоя” асари ҳали-ҳануз ислом ҳуқуқшунослигининг бош қўлланмаси бўлиб қолмоқда. Тасаввуфнинг энг йирик намояндалари ҳам биз яшаётган заминдан етишиб чиққан.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг икки Рамазон оралиғидаги фаолияти ҳам самарали кечди. Кўплаб маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилди. “Ислом динида тинчлик”, “Аҳли сунна ва жамоа ақидасига кўра, Аллоҳ ломакондир”, “Мутаассиблик ва динда чуқур кетишнинг хатарлари”, “Ғулувнинг хатарлари” каби рисолалар нашр этилди. Марказ илмий ходимлари “Ҳадис маърифати” рукнида юзга яқин видеодарс тайёрлади. Ҳадислар нотўғри талқин қилинишининг олдини олиш, уларнинг асл мазмун-моҳиятини кенг тарғиб қилиш бўйича 250 га яқин материал тайёрланди.

Илмий тадқиқот йўналишида улуғ аллома ва мутафаккирларимиз қаламига мансуб 22 асар таржима қилиниб, нашрга ҳозирланди. Нажмиддин Кубро, Маҳмуд Замахшарий, Имом Доримий, Абу Лайс Самарқандий, Абул Баракот Насафий, Ҳаким Термизий, Абдухолиқ Ғиждувоний, Бурҳониддин Марғиноний, Юсуф Хос Ҳожиб, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти ва фаолиятига оид “10 ҳақиқат” рукнидаги плакат ва рисолалар нашрга тайёрланди.

Ортда қолаётган муборак ой мана шундай хайрли, ёрқин амаллар туфайли яна ҳам файзли ва баракали бўлди. “Рамазон якунланиб қолганига кўп ачинма, келаси йил у ўн кун олдинроқ келади”, дейдилар. Ойлар султонининг таассуроти, истиқболга тикилган умидли нигоҳлар ҳаммамизни ҳамиша меҳр-оқибат, инсонпарварлик, эзгулик, бағрикенглик ва саховатлилик каби фазилатларга йўлдош қилсин!

Кириб келаётган Рамазон ҳайити барчамизга муборак бўлсин!

Шовосил ЗИЁДОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори
Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси 2024 йил 9 апрель, №70(1131)

Check Also

Тарғибот тадбирлари бошланди

Ўтаётган ҳафтада Самарқанд вилоятидаги маҳалла ва таълим муассасаларида “Жаҳолатга қарши – маърифат” шиори остида кенг …