Home / МАҚОЛАЛАР / ЗАРАФШОН ВОҲАСИ ТАСАВВУФ ТАРИХИГА ОИД «ИРШОДНОМА»ЛАР ТАҲЛИЛИ

ЗАРАФШОН ВОҲАСИ ТАСАВВУФ ТАРИХИГА ОИД «ИРШОДНОМА»ЛАР ТАҲЛИЛИ

Тасаввуф тарихига оид силсилалар муайян категориялар асосида бир неча тармоқларда шаклланган. Тариқат муршиди ўзидан кейин иршод маснадига муносиб шогирдини йиллар давомида тайёрлаб, унинг назарий ва амалий фаолиятини доимий назоратда ушлаб турган. Бу анъана бошқа тариқатларга нисбатан нақшбандияда яққол кўзга ташланади. Муршид шогирдларига тариқат сир-асрорларини сабр-бардош билан ўргатиб, уларни муайян ҳудудга боришини буюрган. Шунингдек, вафотидан олдин ишончини оқлаган, тариқат илмини пухта ўзлаштирган шогирдини ўз ўрнига пир этиб тайин қилган.

«Иршоднома»ларни тадқиқ этиш бўйича хорижий ва ўзбекистонлик олимлар томонидан бир қатор изланишлар олиб борилган.

Хорижлик олимлардан Анке фон Кюгелген [8], А.Д.Кныш [9], Девин Ди Уис [4], Неждат Тосун [13] каби олимлар тасаввуф тарихига оид нодир манбаларни таҳлил қилган.

Ўзбекистонлик олимлардан Б.Аминов [2], Н.Абдулаҳатов [1], О.Жўрабоев [5], К.Каттаев [6, 7] каби олимлар тадқиқотларида бир қатор иршодномалар таржима қилинган. Улар тадқиқот доирасида нашр қилинган мақола ва китобларда ўз аксини топган.

Муршидлар шогирдлари камолга етгач, уларга «Иршод» хати берган. Баъзи иршодлар оддий матн кўринишида бўлса, айримлари муҳр билан тасдиқланган. Баъзи иршодномалар китобларда матн орасида берилган.

Махдуми Аъзам Даҳбедий томонидан шогирди Мавлоно Муҳаммад Лутфуллоҳга берилган иршод хатининг бир қисми «Мавлоно Лутфуллоҳ маноқиби» китобида [10: 45] берилган. “Жаннатмаоб ва камолот иқтисоб тошкандлик, паркатлик, пискатлик, ахсикатлик ва бошқа ерлик биродарлар! Ўз қадрлари ва тавфиқлари билан билиб қўйсинларким, шу пайтларда жаноби диний биродар ва яқин дўст, шариат ва тариқат йўлидаги солик, ҳақиқат ошиёнининг баландпарвоз лочини Мавлоно Лутфуллоҳ ҳисобланади. Чунки у пешқадам ёронлардандир. Ёронлардан тобе бўлиш сўралади, ул зот олдида одоб сақлансин! Чунонки дебдурлар: «Адаб пеши ёри пешқадам аз жумлаи лавозим аст», яъни пешқадам ёрларнинг қошида одоб сақлаш лозим нарсалар жумласидандир. Бас, барча ёронлар, биродарларга вожибдурким, у киши олдида, адабни ўрнига қўйсинлар, яхши суҳбатлар ўтказсинларки, тариқатда бўлмаган одам эшитса таъсирлансин ва тариқатга кирсин! Барча инс ва жин шайтонлари устидан, Аллоҳ улардан асрасин, ғалаба қилсинлар, худди авлиёларнинг азими (Муҳаммад) соллаллоҳу алайҳи васаллам иттифоқ қилиб, кофирлар устидан ғалаба қозонгандек”, деган жумлалар битилган ва охирида «Ал-фақир ал-хақир Аҳмад Косоний» деб ёзилган.

Мавлоно Лутфуллоҳга тегишли бу иршод 1542 йили [10:11] Аҳмад Косоний – Махдуми Аъзам Даҳбедий томонидан берилган. Аҳмад Косоний иршод хатининг бошида «тошкандлик, паркатлик, пискатлик, ахсикатлик ва бошқа ерлик», деб ўз шогирдининг иршодга етгани, пирлик қилишга ижозат берганини тушунтирган. Шогирдини шариат ва тариқатнинг баландпарвоз лочини, деб эътироф этган. Одобни маҳкам ушлаб, суҳбат ташкил этиш уқтирилган. Бунда, ўз навбатида, тариқат ихлосмандлари ва тариқатга кирувчилар сони ортишини таъкидлаган. Бу нодир манба Зарафшон воҳасининг Даҳбед мавзесида ёзилгани ва ўрганилаётган давр бўйича қўлга киритилган илк иршод хати экани аҳамиятлидир.

Бухоро музей-қўриқхонаси фондида Мулло Қози [11] ва Мулла Муҳйиддин хожа [12] га тегишли иршоднома сақланаётгани аниқланди. Иршоднома 1275/1859 йили рамазон ойида ёзилган. Ҳужжатнинг икки ён ҳошиясида «Хожа Абдулкарим Аҳмади», деб ёзилган муҳр (икки марта) урилган. Форс тилидаги матн 23 қатор ва ўлчами 45Х24,5 см.дан иборат. Иршодномада Басмала билан орифлар қалбини мунаввар этган Аллоҳга ҳамду сано ва Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруд ва салавотлар келтирилган. Унда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан Абу Бакр Сиддиққа, ундан Салмон Форсийга, ундан Қосим ибн Муҳаммадга, ундан Жаъфар Содиққа, ундан Боязид Бастомийга, ундан Абулҳасан Харақонийга, ундан Абу Али Фармадийга, ундан Хожа Юсуф Ҳамадонийга, ундан Абдухолиқ Ғиждувонийга, ундан Хожа Ориф Ревгарийга, ундан Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий ва Хожа Али Ромитанийга, ундан Бобо Саммосий ва Амир Кулолга, ундан Хожа Бузург Шоҳ Нақшбандга, ундан Мавлоно Яъқуб Чархийга, ундан Хожа Убайдуллоҳ Аҳрорга, ундан Мавлоно Зоҳидга, ундан Мавлоно Дарвешга, ундан Мавлоно Хожа Имканагийга (ундан Хожа Боқибиллоҳга), ундан Имом Раббоний мужаддиди алфи сонийга, ундан Хожа Муҳаммад Саъид ва Шайх Абдуаҳадга, ундан Мирзо Жон Жононга, ундан Ғулом Али Шоҳга, ундан Шоҳ Аҳмад Саъидга, ундан тариқат маснадига Мулла Қози мушарраф бўлди. Нақшбандийликда шариат ва тариқатга қатъий амал қилган ҳолда истиқомат қилиш таъкидланган.

Мулла Муҳйиддин хожага тегишли иршод хати ҳам нақшбандияга оид манба бўлиб, юқорида берилган иршод матнига яқин. Абу Язид (Боязид), Хожа Муҳаммад (Бобо Саммосий), Баҳоул ҳақ вад дин (Баҳоуддин), Аҳмад Форуқий Сирҳиндий (Имом Раббоний мужаддиди алфи соний) исмлари шу шаклда берилган. Шайх Абдуаҳаддан Мавлоно Обидга, ундан Хожа Муҳаммад Мусохонга, ундан Сиддиққа, ундан Ҳусайнга, ундан Абдусаттор Махдумга, матннинг ушбу жойига келгач, исм ўрнига муҳр урилган, муҳрда: «Мулла Муҳаммад Солиҳ халифа ибн Муҳаммад Расул Суфи», деб ёзилган. Ундан Мулла Муҳйиддин хожага тариқат ижозати етиб келган. Форс тилида 1302/1884 йили ёзилган ҳужжат матни 21 қатор ва ўлчами 60Х43 см.дан иборат.

Шажара.cом сайтидан олинган иршоднома форс тилида битилган. Басмала билан бошланган матн 18 қатордан иборат. Хожа Муҳаммад Мусохон хожадан шогирди Муҳаммад Аминга, у Абдурасул хожага, у Мавлоно Сайид Абдухолиқ хожага, у (ўғли ва шогирди) Ҳасан хожага ёзган иршод хатида тўрт тариқат (нақшбандия, қодирия, суҳравардия, чиштия)га ижозат берилгани баён қилинган. Ҳужжат охирида 1285/1868 йил санаси қайд этилган ва учта муҳр урилган (ёзувини ўқиш имкони бўлмади). Иршоднома [электрон нусхаси] матни форс тилида 21 қатор бўлиб, унинг ўнг ҳошиясида (чап томонига нисбатан) кенгроқ жой қолдирилган ва бир хил тартибда ёзилган. Ҳужжатда иккита муҳр босилган.

Умар хожа Даҳбедий шогирдларига берилган иршод хатида [7:65] ги матн асосида Аҳмад Хожаги Косоний, унинг шогирди Хожа Муҳаммад Амин, унинг шогирди Хожа Муҳаммад Юсуф, унинг шогирди Хожа Ҳидоятуллоҳ, унинг шогирди Бобо Ҳокий, унинг шогирди Одинабой Сидқий, унинг шогирди Хожа Подшоҳ, унинг шогирди Сайид Умархон хожи, унинг шогирди Сайид Аҳмадхон хожи, унинг шогирди Мулла Абдулкарим, унинг шогирди Каттахон хожа Даҳбедийга нақшбандия тариқатига ижозат етиб келган. Бу иршод хатида Махдум Аъзам Даҳбедийнинг ҳам шогирдлари, ҳам авлодлари номи кетма-кетлигини кўриш мумкин. Албатта, ХХ аср 60-йилларига қадар етиб келган мазкур силсила тармоғи Мовароуннаҳр ва Хуросонда ёйилган.

Муҳаммад Ҳусайн шогирди Суфи Бадалга, у (ўғли ва шогирди) Абу Саъид Суфига, у Мулла Ҳасанбой домлага тариқат юритишга ижозат бергани маълум қилинган. Абу Саъид отаси ва устози Муҳаммад Бадал Суфидан тариқат ижозатини олгани аҳамиятлидир. ХIХ аср ўрталари ва ХХ аср бошларига келиб, тариқат силсиласи отадан ўғилга ўтганини кузатиш мумкин. Иршодномалар қиёсий таҳлил қилинганда, ХIХ аср охири ва ХХ аср бошларига тегишли ҳужжат матнларининг бир-бирига ўхшашлиги, қори Убайдуллоҳ ва унинг шогирдларига мансуб ижозатномалар матни шундай хулоса чиқариш имконини беради.

Ичанқалъа музей-қўриқхонаси қўлёзмалар фондидаги иршод хати Ҳожи Ҳабибуллоҳ Бухорий орқали Шайх Худойқулига, ундан Шайх Мулла Ийд Муҳаммадга, ундан Шайх Мулла Идрис Муҳаммадга, ундан Охунда Муҳаммад Ниёзқулига, ундан Жонмуҳаммад Сайидга, ундан Муҳаммад Матлаб Сайидга етган [3], ўлчами 31Х53 см.

Домла Камолиддин ибн Олимбой шогирди Мулло Жўра ибн Муҳаммадёрга берган иршодномаси 1371/1951 йилда ёзилган. Асосий матн 25 қатор ва ўнг ҳошияда ҳам 2 қатор (жами 27 қатор) ёзилган.

(«Бисмиллаҳ…», Аллоҳга ҳамд ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга салавотдан кейин), «Аммо баъд»дан сўнг: “Билгил, эй толиби содиқким, ончи энг аввало, бу зикр асрорлари Ҳазрати Пайғамбар алайҳиссалоту васалламнинг кўнгул заминларига етказилди; ушбу баракали файз сувининг томчиси Он Ҳазратдан Ҳазрати Сиддиқи Акбар розияллоҳу таоло анҳунинг файзли мусаффо кўнгил заминига етказилди. Ушбу файз томчи ундан Ҳазрат Салмон Форсийга, ундан Ҳазрат Имом Муҳаммад Қосимга етказилди. Ундан Ҳазрат Имом Жаъфари Содиққа, ундан Ҳазрат Султон Боязид Бастомийга, ундан Ҳазрати Шайх Абул Ҳасан Харақонийга, ундан Ҳазрати Шайх Абу Али Фармадийга етказилди. Ундан Ҳазрати Хожа Юсуф Ҳамадонийга, ундан Ҳазрати Хожа Абдухолиқ Ғиждувонийга, ундан Ҳазрати Хожа Ориф Ревгарийга, ундан Ҳазрати Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавийга, ундан Ҳазрати Хожа Али Ромитанийга, ундан Ҳазрати Хожа Муҳаммад Бобо Саммосийга, ундан Ҳазрати Сайид Амир Кулолга, ундан Ҳазрати Хожаи Бузург Нақшбандийга, ундан Ҳазрати Мавлоно Яъқуби Чархийга, ундан Ҳазрати Хожа Аҳрори Валига, ундан Ҳазрати Мавлоно Муҳаммад Зоҳидга, ундан Ҳазрати Мавлоно Муҳаммад Дарвишга, ундан Ҳазрати Мавлоно Хожагий Имканагийга, ундан Ҳазрати Хожа Муҳаммад Боқибиллоҳга, ундан Ҳазрати Имом Раббонийга, ундан Ҳазрати Хожа Муҳаммад Саидга, ундан Ҳазрати Хожа Абдулаҳадга, ундан Ҳазрати Мавлоно Обидга, ундан Ҳазрати Мусохон хожа Даҳбедийга, ундан Ҳазрати Халифа Муҳаммад Сиддиқ кўнглига томизилиб, ундан бу маърифат денгизи ва ҳақиқат дарёсидан бу файзли томчи ҳақиқат малагининг қутби ва тариқат доирасининг маркази ва мусулмонлар пешвоси ва соликлар йўлининг яқини, яъни катта бобом Ҳазрати халифа Ҳусайнга етказилди. Ва ул зотдан муршиди комил ва офоқлар пешвоси, маърифат орифи, яъни ўз ўғиллари – Ҳазрати халифа Абдусаттор кўнглининг мунаввар заминига етказилади. Ва ушбу мунаввар томчи ул зотдан ўз ўғиллари Ҳазрати халифа Эшмуҳаммаднинг кўнгил заминига томизилди. Ва ул зотдан ўз ўғиллари Қори Убайдуллоҳнинг кўнгил заминига етказилди. Ва ул зотдан ушбу фақирул-ҳақир ҳамда Аллоҳнинг афв этишидан умидвор камина Мулла Камолиддин ибн Олимбойнинг кўнгил заминига томчилади ҳамда аҳли тариқатга хизматкорлик ва ходимлик даражасига сарафрозликка бағишладилар. Биз ҳам (ўз навбатида) ушбу мунаввар томчини фазилат маоб ва камолот иқтисоб Мулло Жўра бин Муҳаммадёрга тариқат зикрининг таълимига ижозат бердик ва шу шарт биланким, толибларга тариқат таълимини ўргатсинлар ҳамда Набавий шариати (суннати)да истиқомат этиб, муқтадо-пешво пирларга пайровлик этсинлар”. Ҳужжат «Мулла Камолиддин ибн Олимбой. 1326 (1907) йил» деб ёзилган, тухумсимон шаклдаги муҳр билан тасдиқланган. Ҳажми 1,5 х 2 см.

Домла Камолиддин шогирди Абдураҳмон Махдум ибн Абдулазиз хожа (берган иршод хати матни 39 қатордан иборат) ва Шерхон ибн Убайдуллоҳга (иршод матни 29 қатордан иборат) берилган иршод хати Қори Убайдуллоҳ томонидан Домла Камолиддинга берилган иршоднома матни билан бир хил. Икки ҳужжатнинг пастки қисмида Домла Камолиддин муҳри ҳар бирига беш мартадан урилган.

Самарқанд вилояти Ургут туманида яшовчи Нусратуллоҳ ҳожи бобо хонадонида сақланаётган «Иршоднома», хонадон эгасининг айтишича, у бобокалонига тегишли «Диплом», деб ота-боболаридан мерос тарзида Қуръони каримнинг орасида сақлаб келинар экан. Иршоднома сариқ шиқилдоқ қоғозга ёзилган бўлиб, араб ва форс тилларида настаълиқ хатида битилган. Ўлчами 52Х31,5 см бўлиб, ундаги матн 27 қаторни ташкил қилади. Муршидлар номи ёзилган матн усти қизил чизиқ билан белгиланган. Иршоднома нақшбандия тариқатининг Мусохон хожа Даҳбедий тармоғига оид бўлиб, басмала билан бошланган. Аллоҳга ҳамду сано ва Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду саловотлар айтилган. Кейин тариқат нури Пайғамбар алайҳиссалом ва Абу Бакр Сиддиқдан то Мусохон хожа Даҳбедий, Мавлоно Иброҳим Самарқандий, халифа Абдурозиқнинг устози (ва отаси) ва ўзигача ўтиб келган маънавий рухсат келтирилган.

Абдурозиқ халифага устози (ва отаси)дан нақшбандия тариқатини юритишда ижозат берилган. Шариатга амал қилган ҳолда тариқат муршидлари йўлини узвий давом эттириши ва тариқат вазифаларини бекам-кўст адо этиши лозимлиги таъкидланиб, ҳужжат охирида «Аллоҳ энг яхши сақлагувчидир ва У раҳмлилардан кўра раҳмлидир», деган дуо келтирилган. Ҳужжат охирида «Муҳйиддин хожа ибн шайхуш шуюх Абдувалий хожа» деб ёзилган овал шакл (2Х2 см ўлчам)даги муҳр урилган.

Иршоднома ХIХ аср охири ва ХХ аср бошига тегишли. Ҳужжатда сана берилмаган. Ҳужжат халифа Абдурозиқнинг нақшбандия тариқати ижозатномаси бўлиб, унга босилган муҳр ургутлик нақшбандия тариқати муршиди Муҳйиддин хожага тегишли экани маълум бўлди. Бундан ҳужжат муршид вафотидан кейин ёзилгани аён бўлади. Шу аснода кейинги даврларда ҳужжатларнинг сохталаштирилмаслиги учун бўлса керак иршодномалар муршид томонидан тасдиқлаб берилган. Ёки муршид шогирдига тариқат ижозатини бергач, муршид вафотидан кейин иршоднома матни ёзилиб, уни ҳудуд қозилари ёки муфтийлари тасдиқлаган. Ушбу иршодномани тасдиқлаш зарурати замон талаби бўлганидан далолат беради. Бу ерда нақшбандия тариқатида фаолият олиб бораётган бошқа муршид муҳри босилган. Бунда ҳужжатнинг асл эканини исботлаш мақсад қилинган кўринади.

Муҳйиддин шайх ургутлик Эшон Абдувалихоннинг ўғли бўлиб, Эшон Абдувалихон Мавлоно Иброҳим хожа Самарқандийнинг шогирди бўлган. Демак, муҳр эгаси ҳам Абдурозиқ каби нақшбандия таълимотини отасидан олган ва айнан бир устоз билан Мавлоно Иброҳим хожа Самарқандий силсиласига уланган.

Силсила тартиби янглиш келтирилган иршоднома [Шажара.cом сайти] матнига қарайдиган бўлсак, 25 қатордан иборат матн араб, форс ва туркий тильда ёзилган. Абу Бакр Сиддиқдан Хожа Аҳрор Валига қадар етиб келган рухсат, ундан Махдум Аъзам Хожагий Косонийга тариқат рухсати етади. У Хожа Калон Муҳаммад Ислом Жуйборийга, у Хожа Калон Махдум Аъзам Даҳбедийга, у Хожа Ҳошимга, у Хожа Мўминга, у Хожа Авлиёга, у халифа Исмоилга, у Мавлоно Муҳаммади (Имло) Бухорийга, у Эшон Назр хожага, у Ашур Шибирғонийга, у халифа Ҳақбердига, у Муҳаммад Собир хожага, у  Эшон Раҳмат хожага, у Эшон Яъқуб хожага, у Эшон Аюб хожага, у Ҳожи Нўмон хожага, у Тўрақул халифага маънавий рухсат етиб келган. Амр қилиндики, ҳар тобики ҳақиқат ва тариқат йўлига дохил бўлади. Ўтганлар ҳаққига дуойи фотиҳа ўқиб, йўқласин ва суҳбатни тарк этмасин, деб ҳужжат охирида «Нўмон хожа»га тегишли муҳр икки марта урилган. Мазкур иршодномада Хожа Аҳрор Валий Муҳаммад Қозига рухсат берган. Муҳаммад Қози эса Махдум Аъзам Косонийга тариқат ижозатини берган. Хаттот айби билан бўлса керак, силсиладан «Муҳаммад Қози» исми тушиб қолган. Силсилада Имло Бухорий устози Подшоҳ Салим Балхий, унинг устози Хожа Авлиё, унинг устози Хожа Мажнун, Муҳаммад Мўмин, Хожа Ҳошим, Муҳаммад Амин, Хожа (Носириддин) Калон, унинг устози Муҳаммад Ислом Жуйборий ва унинг устози Махдуми Аъзам Даҳбедий экани маълум бўлганди. Шунга кўра, Имло Бухорий Хожа Авлиёнинг икки шогирдидан ижозат олгани маълум бўлди. Яна Хожа Авлиёнинг устози Хожа Мажнун деб берилган, юқорида келган иршодномада бу исм тушиб қолган.

Ушбу иршоднома бошқа ҳужжатларда учрамайдиган ҳолат, яъни нақшбандия-косония тариқатига оид ҳужжат уч тильда ёзилгани билан аҳамиятлидир.

Ҳужжатлар матни Домло Камолга пиру муршиди Қори Убайдуллоҳдан берилган иршодномадан олинган. Тўрт ҳужжат матни, ёзилиш характери бир хил, Қори Убайдуллоҳдан кейинги фарзанди ва шогирдлари иршоднома ёзишда унинг илк иршодномасини эталон сифатида қабул қилган. Қори Убайдуллоҳдан кейинги барча шогирдлар иршоднома ёзишда унинг бирламчи иршодномасидан фойдаланган. Унга тегишли иршоднома матни чиройли, мураккаб сўзлар билан бойитиб ёзилгани ва услуби мукаммаллиги сабабли уни шогирдлари қонуний ёзиш тартиби сифатида қабул қилган.

Иршодномалар бевосита муршиднинг шогирдига берган тариқат ижозатининг ёзма тасдиғидир. Ҳужжатда келган баъзи (масалан: силсила кетма-кетлигида узилиш, муршидлар ўрни алмашиб қолиши, тушиб қолдирилиши ёки янглиш келтирилиши каби) камчиликлар, бирор бир хаттот томонидан ёзил (кўчирил)ганини англатади. Муршид вафотидан кейин ёзилган иршодномалар ҳам учрагани, тариқатда рухсат, аввало, оғзаки, кейинчалик ёзма тасдиқ бўлганини билдиради.

Тасаввуфда кейинги даврларда ёзма иршод хатларнинг кўпайиши – сохта тариқат фаолиятига йўл қўймаслик, устоз-шогирд, яъни пир-муридлик анъаналарини давом эттириш, имкон қадар мумтоз тариқат асосчи (етакчи)ларининг илмий-назарий ва амалий қарашларини сақлаб қолишда муҳим ўрин тутган.

Нақшбандияга оид иршодномалар ишқия, кубровия, мавлавия, суҳравардия, яссавия, қодирия ва чиштия каби тариқатларга нисбатан кўп экани унинг таъсир доираси кенглигини билдиради. Шунингдек, ушбу тариқатда ёзма меросга юқори даражада эътибор берилганидан далолат беради.

Фойдаланилган адабиётлар:

  1. Абдулаҳатов Н., Тўхтабоев И. Тошлоқ тарихидан лавҳалар. – Т.: Янги аср авлоди, 2011. – Б. 220-226.
  2. Аминов Б., Маҳмудов Ф. ХIХ аср кубравия-нақшбандия тариқатига оид «ал-ижоза» – ижозатнома // Ўтмишга назар. 3 жилд, 9-сон. – Тошкент, 2020. – Б. 4-10.
  3. Баён нисбат тариқ Ҳазрат Хожагон Нақшбандия. Қўлёзма. Хоразм Ичанқалъа музей-қўриқхонаси қўлёзмалар фонди. Инв №2130. – 1 варақ.
  4. Девин Ди Уис. Машаихи турк и Хваджаган: переосмысление связей между сўфийскими традициями Ясавия и Накшбандия // Суфизм в Центральной Азии (зарубежные исследования). – СПб: Филологический факультет СПбГУ, 2001.
  5. Жўрабоев О. Ҳазиний тўра (ҳаёти ва ижоди). – Т.: Фан, 2007. – Б. 121-122.
  6. Каттаев К. Домла Камолнинг аълия тариқатида тутган ўрни ҳамда юртимизнинг охирги машҳур муршидлари. – Тошкент: «Қамар-медиа» нашриёти, 2020. – Б. 204.
  7. Каттаев К. Даҳбед ва Махдуми Аъзам. – Самарқанд: Сўғдиёна, 1993.
  8. Кюгельген А. Расцвет Накшбандия-Мужаддидия // Суфизм в Центральной Азии. – СПб, 2001. – С. 275-330.
  9. Кныш А.Д. Мусульманский мистицизм: краткая история. – СПб: ДИЛЯ, 2004. – С.
  10. Муҳаммад Муфтий Оҳангароний. Мавлоно Лутфуллоҳ маноқиби // Форс тилидан Абдуллоҳхўжа Маъруфхўжа ўғли ва Шуҳрат Сирожиддинов. – Тошкент: Имом ал-Бухорий халқаро жамғармаси, 2002. – Б. 45.
  11. Силсилаи Нақшбандия. Қўлёзма. 1275/1859. Бухоро давлат музей-қўриқхонаси қўлёзмалар фонди. Инв № 11475/II. 1-варақ.
  12. Силсилаи нақшбандия. Қўлёзма. 1302/1884. Бухоро давлат музей-қўриқхонаси қўлёзмалар фонди. Инв № 13101/II. 1-варақ.
  13. Tosun N. Türkitan dervişlerinden yadigar. Orta Asya Türkçesiyle Yazılmış Tasavvufi Eserlar. – Istanbul: İnsan yayınları, 2011. – S. 198.
Мехрожиддин АМОНОВ
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), катта илмий ходим

Check Also

ИМОМ БУХОРИЙНИНГ ОТАСИ ҲАҚИДА МАНБАЛАРДА ҚАНДАЙ МАЪЛУМОТЛАР КЕЛТИРИЛГАН?

Имом Бухорийнинг отаси аллома Исмоил катта тижоратчи бўлиб, ўғлига кўп мол-мулкни мерос қилиб қолдирган. У …