Home / МАҚОЛАЛАР / ТИЛГА ЭЪТИБОРСИЗ – ЭЛГА ЭЪТИБОРСИЗ

ТИЛГА ЭЪТИБОРСИЗ – ЭЛГА ЭЪТИБОРСИЗ

Тил инсоннинг энг мукаррам, шу билан бирга, энг хатарли аъзосидир. Агар инсон уни яхшиликка ишлатса, улкан ажр-мукофотга эга бўлади. Борди-ю ёмонликка ишлатса, маломатга қолади. Оқил мўмин ширин сўзли ва очиқ юзли бўлади. Фитна ва ёмонликдан йироқ туради. Тилини ёлғон, ғийбат ва чақимчилик билан одамлар орасида низо келтиришдан сақлайди.

         Қуръони каримда Аллоҳ таоло:

﴿لَا خَيْرَ فِي كَثِيرٍ مِنْ نَجْوَاهُمْ إِلَّا مَنْ أَمَرَ بِصَدَقَةٍ أَوْ مَعْرُوفٍ أَوْ إِصْلَاحٍ بَيْنَ النَّاسِ وَمَنْ يَفْعَلْ ذَلِكَ ابْتِغَاءَ مَرْضَاةِ اللَّهِ فَسَوْفَ نُؤْتِيهِ أَجْرًا عَظِيمًا﴾

Уларнинг кўп шивирлашиб гаплашишларида яхшилик йўқдир. Магар садақа беришга, эзгуликка ёки одамлар ўртасини ислоҳ қилишга буюрган бўлсалар, бу яхшидир. Кимда-ким Аллоҳ ризоси учун шу ишларни қилса, унга улкан мукофот беражакмиз”[1], дейди.

Аллоҳ таоло ҳар бир инсонга унинг сўзини ёзиб бориш учун бир фариштани бириктириб қўйган. Унинг гапирган ҳеч бир сўзи унутилиб кетмайди, ёзиб сақлаб борилади.

Аллоҳ таоло айтади:

﴿مَا يَلْفِظُ مِنْ قَوْلٍ إِلَّا لَدَيْهِ رَقِيبٌ عَتِيدٌ﴾

“У бирор сўзни талаффуз қилса, албатта, унинг олдида ҳозиру нозир бўлган бир кузатувчи (сўзни ёзиб олувчи фаришта) бордир”[2].

Хоҳ жиддий, хоҳ ҳазил қилиб гапирилган ҳар қандай сўзни Роқиб ва Атийд номли икки фаришта ёзиб боради.

Инсоннинг абадий саодатга эришиб жаннатга кириши ёки бахтсиз бўлиб, дўзахга отилишининг ҳам асосий сабабчиларидан бири тилидир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом бундай деганлар: “Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, яхши гап гапирсин ёки жим турсин!” (Имом Бухорий ривояти). Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда эса Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сен узун сукутни лозим тут. Фақат яхшиликни гапир. Чунки, узун сукут сендан шайтонни қувади ва динингнинг ишида ёрдам беради”, деганлар (Ибн Ҳиббон ривояти).

Яна Абу Мусо розияллоҳу анҳудан бундай ривоят қилинади: “Эй Аллоҳнинг Расули, исломда қайси амал афзал?” дейишди. У зот: “Қўли ва тилидан мусулмонлар омонда бўлган кишининг амали”, дедилар” (Имом Бухорий ривояти).

Инсоннинг нажот топишига тақвоси ва чиройли хулқи, ҳалокатга учрашига тилини кераксиз гаплардан ва авратини зинодан сақламаслиги сабаб бўлар экан.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларни жаннатга киритадиган амаллар  ҳақида сўралганларида: “Аллоҳга тақво қилиш ва чиройли хулқ”, дедилар. Дўзахга киритадиган нарса ҳақида сўралганларида эса: “Оғиз ва фарж”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким менга икки жағи ва икки оёғи ўртасидаги нарсани сақлашни кафолатининг берса, мен унга жаннат кафолатини бераман”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).

 Демак, жаннатнинг кафолати тили билан одамларга азият етказмайдиган ва зино қилмасдан фаржини сақлайдиган кишига берилган экан.

Тилнинг аҳамияти шунчалик каттаки, инсон биргина сўзи билан мусулмон бўлиши ёки диндан чиқиши мумкин. Баъзилар сўзига эътибор қилмайди. Ваҳоланки, унинг сўзи кўп машаққат ва динсизликка олиб боради. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Банда бир гапни аниқламай гапириб қўяди-да, шу сабабли дўзахнинг машриқ ва мағриб оралиғидан ҳам узоқроқ жойига тойиб қулайди”, дедилар” (Имом Бухорий ривояти).

Бугунги кунда тил офатидан жамиятда оилалар пароканда бўлаяпти, давлатлар ўртасида низо ва урушлар келиб чиқаяпти, қон тўкилиб, қанчадан қанча инсонлар ҳаётдан кўз юмаяпти. Аслида тил “қамаб қўйиш” учун энг муносиб аъзо ҳисобланади. Аллоҳ таоло инсонга бир тил ва икки қулоқ беришининг ҳикмати ҳам кўп эшитиб, оз гапиришдадир.

Демак, мўмин киши Аллоҳ таоло неъмат қилиб берган тилни фақат яхши сўзларга ва одамлар орасини ислоҳ қилишга ишлатмоғи лозим. Аллоҳ ва Расули қайтарган ғийбат, ёлғон, бўҳтон ва фаҳш сўзлардан тилини тиймоғи керак. Ана шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Тилингизни сақламагунингизча бирортангиз ҳам имоннинг ҳақиқатига ета олмайсиз” деган сўзларига кўра, ҳақиқий имон соҳиби бўлади (Имом Табароний ривояти).

[1] Нисо сураси, 114-оят.
[2] Қоф сураси, 18-оят.
Отабек БАҲРИЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ҲАКИМ ТЕРМИЗИЙНИНГ ҲАДИС ИЛМИДА ТУТГАН ЎРНИ ВА БУ СОҲАГА ОИД АСАРЛАРИ ТАҲЛИЛИ

Ўрта асрларда илм-фан ва ислом маданияти ривожида Мовароуннаҳр ва Хуросондан етишиб чиққан уламолар илмий мероси …