Home / МАҚОЛА / СОФ ИСЛОМ ВА СОХТА ТАРИҚАТЧИЛИК

СОФ ИСЛОМ ВА СОХТА ТАРИҚАТЧИЛИК

Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматини ҳар бир ишда мўътадил бўлган, адолатли уммат эканлигини таърифлаб:

﴿وَكَذَلِكَ جَعَلْنَاكُمْ أُمَّةً وَسَطًا لِتَكُونُوا شُهَدَاءَ عَلَى النَّاسِ﴾

“Шунингдек (яъни ҳақ йўлга ҳидоят қилганимиз каби), сизларни бошқа одамлар устида гувоҳ бўлишингиз ва пайғамбар сизларнинг устингизда гувоҳ бўлиши учун ўрта (адолатли) бир миллат қилдик”[1] дейди.

Яъни бу уммат ўз ақидаларида, амаллари ва ҳукмларида мўътадил бўлган умматдир. Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларини ўз каломи шарифида алоҳида улуғлаб, уларни ҳақ йўл сари ҳидоят қилди ва амалларида мўътадил уммат қилдик, деб таърифлади. Чунки динда чуқур кетиш ҳамда диннинг қатъий бўлмаган аҳкомларида мутаассибона амалда бўлиш тўғри йўлдан адашиш ва ҳалокатнинг омилидир. Уларга шайтон амалларини чиройли кўрсатиб қўйганлиги сабабли турли бидъат, хурофот ва ҳатто ширк амаллар содир бўлади.

Бу ҳолатни салаф авлиёлар, пиру устозларга сиғиниш, уларнинг сўзини ўзининг воқеликдаги ҳолатига тўғри келса-келмаса-да ҳаётига татбиқ қилишда ҳам кузатиш мумкин. Биз бу сўзларимиз билан пиру муршид азизларимизга таъна тоши отишдан йироқмиз. Уларнинг ислом дини ривожи, халқимизнинг миллий ўзлигини шакллантириш учун қилган ва қилаётган хизматлари беқиёсдир. Улар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хулқу сийратларини ўз ҳаётларига татбиқ қилиб, бу сийратни мусулмонларга амалий намоён қилган умматнинг гултожларидир. Бунга тарихдан мисоллар жуда кўп. Сўзимизнинг исботи ўлароқ ҳамда тариқатнинг асл моҳиятини янада яққолроқ намоён қилмоқ учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларидан  келтиришни лозим деб топдик. 

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ كَانَ يَوْمًا بَارِزًا لِلنَّاسِ، إِذْ أَتَاهُ رَجُلٌ يَمْشِي فَقَالَ: يَا رَسُولَ اللَّهِ! مَا الْإِيمَانُ؟ قَالَ: الْإِيمَانُ أَنْ تُؤْمِنَ بِاللَّهِ وَمَلَائِكَتِهِ وَكُتُبِهِ وَرُسُلِهِ وَلِقَائِهِ وَتُؤْمِنَ بِالْبَعْثِ الْآخِرِ. قَالَ: يَا رَسُولَ اللَّهِ مَا الْإِسْلَامُ؟ قَالَ: الْإِسْلَامُ أَنْ تَعْبُدَ اللَّهَ وَلَا تُشْرِكَ بِهِ شَيْئًا وَتُقِيمَ الصَّلَاةَ وَتُؤْتِيَ الزَّكَاةَ الْمَفْرُوضَةَ وَتَصُومَ رَمَضَانَ. قَالَ: يَا رَسُولَ اللَّهِ! مَا الْإِحْسَانُ؟ قَالَ: الْإِحْسَانُ أَنْ تَعْبُدَ اللَّهَ كَأَنَّكَ تَرَاهُ، فَإِنْ لَمْ تَكُنْ تَرَاهُ فَإِنَّهُ يَرَاكَ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни одамлар билан суҳбатлашиб турган эдилар. Бир нотаниш киши келиб: “Эй Расулуллоҳ! Имон нима?” деб сўради. “Имон Аллоҳга, унинг фаришталарига, пайғамбарларининг ҳақ эканлигига, Аллоҳни қиёмат кунида кўришга, ўлгандан кейин тирилишга ишонишингдир”, дедилар. “Эй Расулуллоҳ! Ислом нима?” деди. “Ислом Аллоҳга (ширк келтирмасдан) ибодат қилмоғинг, беш вақт намоз ўқимоғинг, фарз закотни бермоғинг ва Рамазон рўзасини тутмоғингдур”, деб жавоб қилдилар. “Эй Расулуллоҳ! Эҳсон нима?”  деди. “Аллоҳга уни кўриб турганингдек ибодат қилмоғингдир. Агар сен Уни кўрмаётган бўлсанг, У сени кўриб турибди”, дедилар[2].

Дарҳақиқат, барча мусулмонлар имон ва ислом таърифлари берилган ибодатларни адо этади. Аммо мусулмонларнинг ҳаммаси ҳам ўз ибодатларини ҳадис сўнгида келтирилган эҳсон таърифида айтилганидек адо этолмайди. Тариқатнинг моҳияти ва мақсади эса мусулмонларнинг ибодатини мана шу даражага етказишдир.

Шубҳа йўқки, тариқат пешволари сабабли бу дин аҳкомлари, шариат одоблари қон-қонимизга сингиб, бизнинг миллий ўзлигимизга айланганлигини алоҳида эътироф этиш лозим. Бироқ ўзини тариқат соҳиби, ёхуд диннинг асл жонкуяри сифатида кўрсатиб, шариат илмидан бехабар ҳолда тариқатда пешволикни даъво қилаётган, Аллоҳ ва пайғамбарининг буйруғи бир четда қолиб, динда бўлмаган, тоқатдан ташқари амалларни  тарғиб қилаётган кимсаларнинг “тариқат” номи билан иш юритаётгани ҳам кўз юмиб бўлмас ҳолатдир. Зеро, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда сарвари олам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

عن أنس رضي الله عنه قال : قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: «يكون في آخر الزمان عباد جهال و قراء فسقة». رواه البيهقى والحاكم 

 “Охирги замонга келиб жоҳил обидлар[3] ва фосиқ олимлар пайдо бўлади,” деб огоҳлантирганлар.[4]

Асл мақсади дин ривожи, жамият мусаффолигидан бошқа нарса бўлган бундай “пир”ларнинг йўли кесик, охирати хорликдан бошқа нарса эмас.

Аслида шариат аҳкомларини жорий қилиш ёки бирор ибодатни фарз қилиш Аллоҳ таолога ва Унинг изни билан пайғамбарларига хосдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам динда, эътиқодда қай даражада бўлиш лозимлигини  кўрсатиб: “Ишларнинг яхшиси – унинг ўртачасидир”, дедилар[5]. Сарвари олам пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деб турганларида, ўзига тўғри йўлни кўрсатишни сўраб келган муридга тоқатидан ташқари вазифаларни юклаш, таркидунёчиликни тарғиб қилиб, ибодатларга муккасидан кетишга буюриш суннати мутаҳҳарога зид йўлдир.  Ҳолбуки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

عن أنس رضي الله عنه قال : قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: «خَيْرُكُمْ مَنْ لَمْ يَتْرُكْ آخِرَتَهُ لِدُنْياهُ ولا دُنْياهُ لآخِرَتِهِ ولَمْ يَكُنْ كَلاًّ على النَّاسِ».

“Сизларнинг яхшиларингиз дунёсини деб охиратини, охиратини деб дунёсини тарк қилмаганларингиз ҳамда инсонларга юк бўлмаганларингиздир,”[6] деганлар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бу муборак ҳадислари билан мусулмон кишини қандай умргузаронлик қилишини белгилаб берганларидан кейин ҳам таркидунёчиликка тарғиб қилиб, “пирсиз яшашни динсизлик” деб даъво қилаётганлар шариатнинг  қайси далилига суянмоқда?

Дарҳақиқат, ислом дини навқирон, бағрикенг диндир. Аллоҳнинг даргоҳида шоҳ ҳам, гадо ҳам, фақиру дунёдор ҳам, гуноҳсизу гуноҳкор ҳам, олиму жоҳил ҳам, соғлому бемор ҳам нажот излаб, ўз эҳтиёжини  топиш илинжида ибодатга юзланади. Ислом эса уларнинг барчасининг тоқатидаги диндир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

عن أنس بن مالك، عن النبي صلى الله عليه وسلم، قال: يسروا ولا تعسروا، وبشروا، ولا تنفروا.

“Динни бошқаларга енгил қилиб тушунтиринглар, оғирлаштирманглар. Ҳамда диндаги яхшилик башоратларини етказинглар, уларни нафратлантириб қўйманглар,”[7] деб марҳамат қилганлар ва бу динни барча билан баробар баҳам кўриш лозимлигини уқтирадилар.

Баъзан айрим масжидларда жамоадаги тариқат даъвосидаги айрим одамларнинг ўз имомлари устидан шикоят қилишларини эшитиб ҳайрон қоламиз ёки айрим намозхон биродарларнинг бошқаларга “бош кийиминг йўқ, бўйнингда галстук бор экан, сенинг ибодатинг унақа экан, масжидга келма”, “мени ёнимда намоз ўқима”, “сенинг ибодатинг ибодат эмас”, деган сўзларни айтиб, дил оғритганларини ёхуд тасаввуф даъвосидаги айрим кимсаларнинг бошқалар қўлидан, ҳатто онаси, хотини қўлидан таом емаслиги-ю ўз тариқатида бўлмаганларни  “кофир” деб айтишлари кишининг ҳайратини янада оширади.

Ўзларини тариқатга мансублигини даъво қилаётган айрим кимсалар мутаассибликнинг шу қадар чуқур нуқтасига етганки, ҳатто бош кийимсиз намоз ўқийдиганларни, тариқатда бўлмаганларни кофир дейиш даражасига бориб етган[8].

Динда мутаассибона йўл тутиб, фақат мусулмон биродарини айблайдиган, ўзига маъқул бўлмаган иши сабаб уни кофирга чиқарадиган бундай кимсаларнинг масжидга келишидан, ислом арконларини бажариш, ибодат қилишдан мақсади нима? Жамоада бир-бирига нисбатан нафрат уйғотишми? Ёки ўзини дин соҳасида билимдон, тақводор қилиб кўрсатишми? Ёки кимнидир айблаб, жамоада фисқу фасод қўзғашми? Аввало, ибодатдан мақсад Аллоҳ таолонинг розилигини топиш, охират саодатига эришиш экан, демак, бундай кимсалар биринчи навбатда ўз ниятларини, мақсадларини тўғрилаб олиши керак.

Азиз Биродарим! Тариқат, юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, аҳди қатъий, тақвоси мустаҳкам улуғлар йўли. Юқоридаги танқидларимиз эса соф тариқатнинг асл соҳибларига эмас, ёш йигит-қизларни илм-маърифатдан тўсиб, фарз ва суннат ибодатлардан ташқари яна бир қанча вазифаларни юклаб ташлайдиган, қўштирноқ ичидаги тариқатнинг сохта “пирлари”га тегишли.  Соф тариқат ва унинг асл моҳияти ҳамда мақсади алоҳида бир улкан мавзу. Бу мавзуда сўзимизни мухтасар қилсак, чунки киши имоннинг нималигини таърифлаш учун аввало иймонга кирмоғи лозим бўлганидек, тариқат ҳақида холис сўз юритиш учун тасаввуфдан етарли даражада бохабар бўлиш лозим. Бу борадаги тавсиямиз, тариқат истаганлар шариат илмини мукаммал эгаллаган, устозлик мақомидаги улуғларимизга мурожаат қилсалар мақсадга мувофиқ бўлур эди.

[1]Қуръони карим маъноларининг таржимаси. Таржима ва тафсир муаллифи Шайх Абдулазиз Мансур. – Т.: Шарқ., 2004. Бақара сураси.143-оят.
[2] Ҳадис узун бўлгани сабабли мавзуга оид бўлган ўрни олинди. Имом Бухорий. Саҳиҳи Бухорий. Ўзбекистон миллий энциклопедияси Давлат илмий нашриёти. – Т.: 2008. 1-жуз, Имон китоби, 37-боб. 50- ҳадис. – Б.18. ; Ўша асар,  2-жуз, Қуръон тафсири китоби, 2-боб, 4777-ҳадис. – Б. 178. ; Муслим ибн Ҳажжож. Саҳиҳу Муслим. 9-ҳадис. – Б. 87.
[3] Илмсиз ҳолда ибодатга чуқур кетган киши.
[4] Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Ҳоким Нийсобурий – Имом Ҳоким. Мустадракул Ҳоким. Дорул кутубил илмия. Байрут 1990 . 4-жилд. – Б.351. 7883-ҳадис.
[5]  Муборак ибн Муҳаммад ал-Жазарий. “Жомиъу-л-усул фий аҳадийси-р-расул”. “Дору-л-баён” нашриёти. 1972. 10-жуз, – Б 130. Мазкур ҳадисни Имом Байҳақий ҳам мурсал ҳолда “Шуъбу-л-иймон” асарида ривоят қилган.
[6] Али ибн Ҳисомиддин ал-Ҳиндий. “Канзу-л-аъмол”. “Муассасату-р-рисола” нашриёти, Байрут 1989. 3-жуз, -Б 428.
[7] Ал-Кутубу ас-ситта. Имом Бухорий. Саҳиҳул Бухорий. Дорус салом. Риёз 2000. –Б.8. 69-ҳадис.; Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий. Саҳиҳи Бухорий. “Ўзбекистон милий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти. Т.: 2008. 1-жузъ. -Б. 23, 2-жуз, -Б 392.
[8] Эҳсон Илҳо Заҳир. Ал-Барилавийяту – ақоид ва тарих. “Идорату таржимони ал-сунна”. Лоҳур – Покистон 2008. – Б. 55, 69, 135.
Нодир ҚОБИЛОВ
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

МАЪРИФАТЛИ АЁЛНИНГ ТАЪСИРИ АСРЛАРГА ТАТИЙДИ!

Ҳаётда инсоннинг беғараз ёрдамчилари жуда кўп бўлади. Масалан, жазирама иссиқда дарахтнинг сояси ё зилол чашманинг …