Home / МАҚОЛАЛАР / ДУНЁВИЙ ВА ДИНИЙ ҚАДРИЯТЛАРНИНГ МАЪНАВИЙ ТАРБИЯДАГИ УЙҒУНЛИГИ

ДУНЁВИЙ ВА ДИНИЙ ҚАДРИЯТЛАРНИНГ МАЪНАВИЙ ТАРБИЯДАГИ УЙҒУНЛИГИ

Диний ва дунёвий қадриятларда бағрикенглик ғоясига таянган Ўзбекистонда  хилма-хил диний эътиқодга эга бўлган турли миллат вакиллари ҳамжиҳат бўлиб, бир заминда яшаб, меҳнат қилиб келаётган бир вақтда “дунёвийлик” тамойилини тўғри англаш, жамият, давлат ва дин орасидаги муносабатларда мувозанатни сақлаш масаласи ниҳоятда долзарб.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлар тўғрисида”ги  Президент Фармонига мувофиқ  кўп асрлик миллий ва диний қадриятларимизни асраб-авайлаш, дунё илм-фани ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган аждодларимизнинг бебаҳо меросини ўрганиш, унинг асосида ёшларни комил инсон этиб тарбиялаш мақсадида:

– “жаҳолатга қарши маърифат” улуғвор ғоя асосида диннинг асл инсонпарварлик моҳиятини, эзгулик, тинчлик ва инсонийлик каби фазилатлар азалий қадриятларимиз ифодаси эканлигини кенг ёритиш;

– ислом ва жаҳон цивилизациясига бебаҳо ҳисса қўшган аждодларимизнинг бой маданий меросини чуқур ўрганиш асосида ёшларнинг онгу тафаккурини шакллантириш;

– жамиятда миллий ва диний қадриятларимизга ёт бўлган ғояларга нисбатан тоқатсизлик муҳитини шакллантириш;

– диний ва дунёвий билимлар уйғунлигини ривожлантириш асосида таълим сифатини ошириш кабилар соҳанинг устувор йўналишлари сифатида  белгиланди.[1]

Бундан ташқари, 2019 йил 4 сентябрдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги  Президент Қарорига мувофиқ ёш авлодни Ватанга муҳаббат руҳида, илм-маърифатли, интеллектуал баркамол авлод этиб тарбиялаш, унинг диний ва дунёвий қарашларини ривожлантириш устувор вазифа сифатида қўйилган.[2]

Ўзбекистон аҳолисининг 94 фоиздан кўпроғи эътиқод қиладиган Ислом динида ҳам дунёвийлик ва динийлик чегаралари белгиланмаган. Ислом таълимотига кўра, инсонларнинг дини, жони, насаби, ақли ва молига фойда келтирадиган ҳар қандай амал диний жиҳатдан ҳам маъқулланган, савобли иш ҳисобланади. Исломда дунёвийликка динга ёт тушунча сифатида қаралмай, балки, динининг муқаддас манбалари – Қуръони Карим ва Ҳадисларда ҳам инсон бу дунёси учун ҳам ҳаракат қилиши кераклиги уқтирилади. Дунёвий   ва диний қадриятлар инсонлар руҳиятининг ажралмас қисми ҳисобланиб, муштарак тарзида инсоннинг ҳаётга, жамиятга, жамият аъзоларига муносабатини намоён қилади. Дунёвий қадриятлар ижтимоий-руҳий ҳодиса бўлиб, у миллатнинг маданияти, тарихи, тили, дини, урф-одати, анъаналарини, жамиятнинг моддий ва маънавий бойликларини, иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ҳаётнинг барча томонларини қамраб олса, диний қадриятлар диққат марказида инсон ва инсонийлик масаласи асосий ўрин тутади. Диний-дунёвий қадриятлар уйғунлигида тарбия топган шахс жамият, давлат манфаатларига хизмат қилувчи янги-янги инновацион ғоя ва технологияларни кашф этишса, энг сўнгги илм-фан ютуқларини  қўлга киритишса, энг муҳими “портлаш эффекти” сифатида дунёга ўз миллати интеллектини тараннум этишса нур устига аъло нурдир. Зеро, Президент Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда:”Халқимизни рози қилсак, уларнинг оғирини енгил қилсак, уларнинг дарду ташвиши билан яшасак, Яратган ҳам биздан рози бўлади”.[3]

Маънавий тарбия жараёнида дунёвий ва диний қадриятларни уйғунлаштириш ишларини ташкил этиш бевосита тарбиянинг усул ва воситалари орқали амалга оширилади. Тарбиянинг барча йўналишларининг бирлиги:

  • биринчидан, тарбиянинг пировард мақсади ҳар томонлама ривожланган, баркамол шахсни шакллантириш;
  • иккинчидан, барча ижтимоий муносабатларнинг мажмуи бўлган, яхлит ва алоҳида таркибий қисмларга ажратиб бўлмайдиган инсоннинг ягона ижтимоий моҳияти;
  • учинчидан, тарбиянинг бутун тизими учун умумий бўлган принципларнинг бирлиги билан боғлиқ.

Айни вақтда, тарбиянинг ҳар бир йўналиши нисбий мустақилликка эга, ўзига хос жиҳатлари бор ва мураккаб тизимни ташкил қилади. Маънавий тарбия амалий фаолиятнинг “одамларга одамлар томонидан ишлов бериш”га қаратилган нисбатан мустақил ўзига хос тури. Унга тарбиявий фаолиятнинг ҳар қандай йўналишида бўлганидек, бир қатор умумий таркибий унсурлар – тарбия объекти; тарбия субъекти; тарбиянинг мазмуни (мақсади, ғоялари, вазифалари); тарбия воситалари (маънавий ва диний қадриятлар); тарбиянинг принциплари, усул ва шакллари; маънавий тарбияни бошқариш субъектлари – хосдир. Шу билан бирга ушбу фаолият ҳаётнинг турли соҳаларида, ҳар хил ижтимоий институтлар ёрдамида амалга оширилади. Уларнинг мажмуи маънавий тарбия тизимининг ташкилий тарафини, жиҳатини ташкил этади.

Барча унсурлар ўртасидаги тартибга солинган қонуний алоқалар тарбия мақсади асосида маънавий тарбиянинг тузилишини ташкил қилади. Айнан тузилиш туфайли ҳар бир унсур бошқа барча унсурлар билан боғлиқ бўлади, бу эса тизимни ташкил этади.

Умуман олганда, маънавий тарбия тизимини тарбия жараёнининг уч қирраси – унинг мазмуни, методик ва ташкилий томонининг узвий бирлиги сифатида тасаввур қилиш мумкин. Мазмуний томони тарбиявий жараён объектида қандай хусусият ва хоссаларни шакллантириш кераклигини кўрсатади. Методик тараф ушбу вазифалар амалда қандай бажарилишини кўрсатади ва тарбия жараёнида, табақалашган ҳолда, муайян шароитлар, тарбия объектининг хусусиятларидан келиб чиқиб қўлланиладиган воситалар, усуллар ва шаклларни ифодалайди. Ниҳоят ташкилий тараф ким тарбиялаётганлигини кўрсатади, ҳар бири ҳаётнинг муайян соҳасида маънавий тарбияни амалга оширадиган ва ўзига юклатилган махсус функцияларни бажарган тегишли ташкилотлар мавжуд бўлишини тақозо этади. Маънавий тарбия унинг барча жиҳатлари ўзаро боғлиқ ва мувофиқ бўлган тақдирдагина самарали бўлади. Шундай қилиб, маънавий тарбия тизими – ҳар хил ижтимоий институтларнинг ташкилий ва мақсадга қаратилган фаолияти ҳамда улар онгли равишда белгилайдиган, шахсда дунёвий ва диний қадриятларга ижобий муносабатни шаклланишини таъминлайдиган инсонга таъсир кўрсатиш принциплари, воситалари, шакл ва усулларининг мажмуидир.

Дунёвий ва диний қадриятларнинг объектив мезони бир. Зеро, воқеликнинг қандайдир ажралган “аксиологик хоссалари” ҳам, шунингдек, умумий объектив шарт-шароитларнинг мавжудлиги диний қадриятлар ва дунёвий қадриятлар ўзаро алоқасига ички, узвий хусусият бағишлайди. Масалан, аксиологик баҳо инсон маънавий ва жисмоний имкониятлари, ижодий қобилиятларининг баҳосидир. Шу боис бундай баҳо ижтимоий ҳаётнинг ҳар қандай соҳада, жумладан тарбия соҳасида ҳам қўлланилиши мумкин. Аксиологик баҳо нарса ва ҳодисани яхлит қамраб олган ҳолда ўзининг зарурий шарти сифатида уларнинг дунёвий аҳамиятини аниқлашни тақозо этади. Ўз навбатида, ахлоқийлик диний қадриятлар сифатида намоён бўлиш учун шарт-шароитга эга. Бу инсон ҳаёти ва фаолиятининг барча соҳаларини ўз таъсири билан қамраб олувчи дунёвий қадриятлар барча жойда воқелиги, шунингдек шахснинг дунёвий қоидалари ва кўрсатмаларини ўз ҳаётий амалиётида рўёбга чиқаришининг бевосита хусусияти билан боғлиқ. Ушбу икки соҳанинг ички яқинлиги улуғворлик, тубанлик, қаҳрамонлик каби нарса ёки ҳодиса айни вақтда диний қадриятлар ва дунёвий қадриятлар нуқтаи назаридан баҳоланадиган тушунчаларнинг маъно жиҳатидан бирлигида ўз аксини топади. Бироқ ижтимоий ҳаёт ва диний қадриятларда диний қадриятлар ва дунёвий қадриятлар муносабати кўп ҳолларда анча мураккаб ва зиддиятли тарзда ифодаланади. Бунга, хусусан, инсонлар ўртасидаги муносабатларда моҳият ва ҳодиса, мазмун ва шаклнинг мос келмаслиги билан боғлиқ ҳоллар киради. Биз у ёки бу ҳаракатнинг тарбиявий аҳамиятини ижобий баҳолаб баъзан унинг ташқи намоён бўлиш шаклига эътибор бермаймиз. Ёки, инсоннинг хулқини одоб қоидаларига риоя этилиши нуқтаи назаридан баҳолаб, бунда шахс ривожланишининг умумий даражасига эътибор қилмаймиз.

Диний ва дунёвий қадриятлар гўзаллик ва яхшилик уйғунлиги қадрлаш нуқтаи назаридан абстракт-мавҳум, чексиз ҳиссий жараён эмас. Балки қадрлаш меъёрларига эга бўлган аниқ ижтимоий тарихий ҳодисадир. Диний ва дунёвий қадриятлар ҳаёт уйғунлигини қадрлашнинг ўзига хос қадрлаш меъёрлари мавжуддир.

Дунёвий ва диний қадриятлар уйғунлиги ҳақидаги фикрларни профессор Тилаб Маҳмуднинг: “Инсон маънавий оламининг яхлитлиги ва бутунлигига эришмоқ айни саодатдир. Парчаланиш, бўлиниш-нураш аломатидир. Қаерда уйғунлик ва мутаносиблик бўлса, шу ерда ишончли тараққиёт ва гўзал хулқ чечаклари гуллайди. Инсон дилидаги эсанкираш, шубҳа ва гумон маънавий парокандаликка олиб келади”,[4] деган пурмаъно сўзлари билан хулосалаймиз. Диний ва дунёвий қадриятлар уйғунлигидаги меъёрларнинг бузилиши диний ва дунёвий қадриятларнинг қадрсизланишига, яъни одамларнинг ахлоқий ва аксиологик жиҳатдан таназзулга учрашга олиб келади.

[1] Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони, 2018 йил 16 апрел.
[2] Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Диний-маърифий соҳа фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4436 Қарори, 2019 йил 4 сентябр.
[3] Мирзиёев Ш.М. Танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик-ҳар бир раҳбар фаолиятининг кундалик қоидаси бўлиши керак.Тошкент, Ўзбекистон, 2017, – Б 53.
[4] Маҳмуд Тилаб. Комиллик асрорлари: Ҳаётий ҳикматлар. – Тошкент. «Адолат». 2006. – Б 18.
Баҳрамаддин РАЗОВ,
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси

Check Also

МУСТАҚИЛЛИК ЙИЛЛАРИДА ТАСАВВУФ ТАЪЛИМОТИНИНГ ТАДҚИҚ ЭТИЛИШИ

Мустақилликнинг илк йилларида ислом динига қўйилган бир асрлик чеклов [4:252] барҳам топиб, эътиқод эркинлиги учун …