Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / ТАРҒИБОТНИНГ НАВБАТДАГИ БОСҚИЧИ СТАРТ ОЛДИ

ТАРҒИБОТНИНГ НАВБАТДАГИ БОСҚИЧИ СТАРТ ОЛДИ

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ходимлари Самарқанд вилояти шаҳар ва туманларида маънавий-маърифий тадбирларнинг янги босқичини бошлади. Тарғибот учун ижтимоий-маънавий муҳитни янада яхшилаш бўйича алоҳида маҳаллалар танлаб олиниб, “Имом Бухорий мероси – ёт ғояларга қарши” мавзусида ўтказиладиган тадбирларнинг Йўл харитаси тасдиқланди.

Дастлабки тадбирлар Самарқанд давлат университети олимлари, Дин ишлари бўйича қўмитанинг вилоят ҳудудий бошқармаси масъул ходимлари ҳамкорлигида Самарқанд шаҳридаги маҳаллаларда ташкил этилди.

“Галаосиё” МФЙда ўтказилган учрашувда йиғилганларга исломнинг тинчлик, эзгулик, маърифат ва бағрикенглик ғоялари ҳақида кенг тушунча берилди. Ислом дини азалдан инсониятга нафақат мусулмонлар, балки ўзга дин вакилларига ҳам эҳтиром ва бағрикенглик билан муносабатда бўлишни ўргатиб келаётгани, бошқа динлар аҳллари билан тотув яшашга, турли фитна ва адоватларга барҳам беришга чақиргани таъкидланди.

Тадбирда сўзга чиққанлар ғоялар кураши авж олган ҳозирги глобаллашув шароитида диний-экстремистик ташкилотлар ўз ғаразли мақсадларидан келиб чиқиб, ислом таълимотини бир ёқлама, нотўғри талқин қилиш орқали одамларни ҳақ йўлдан адаштириш билан динлараро ва миллатлараро низолар пайдо қилишга уринаётганини қаттиқ қоралади.

“Иброҳимхўжа” МФЙдаги тадбирда тинчликка раҳна солиш, жамият равнақи ва халқ фаровонлигига зиён етказиш, фитна қўзғаш, тоифаларга бўлиниб, ўзаро низолашиш ислом динига умуман ёт экани, Қуръони каримнинг юздан зиёд оятида мусулмонлар тинчликпарварлик, бағрикенглик ва жамиятнинг барча аъзолари билан хушмуомалаликка даъват этилгани қайд қилинди. Чунки исломда инсон қадр-қимматига катта эътибор берилади ва эътиқодидан қатъи назар ҳар бир кишининг ҳаёти, шаъни ва ҳақ-ҳуқуқлари юксак қадрланади.

Тадбирларда юртдошларимиз, айниқса, ёшларимизни турли ахборот хуружларидан сақлаш, жамиятда ижтимоий-ҳуқуқий хатарларнинг олдини олиш ҳамда кучли мафкуравий иммунитетни ҳосил қилишга оид муҳим ва ҳаётий мисоллар билан далилланган илмий ва амалий тавсиялар берилди.

Учрашувлар очиқ суҳбат, қизғин мунозара ва савол-жавоблар асосида ўтди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

“Турк абруси тарихи”

2024 йил 22 май куни соат 10:00 да  Ўтказиш жойи: Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий …