Home / МАҚОЛАЛАР / ИЗН СЎРАШ – НАЗАРНИ ПОКИЗА САҚЛАШ УЧУНДИР

ИЗН СЎРАШ – НАЗАРНИ ПОКИЗА САҚЛАШ УЧУНДИР

Инсон ҳаёти қавм-қариндош, қўни-қўшни, маҳалла-кўй билан чамбарчас боғлиқдир. Табиийки, одамлар орасида борди-келди, хабарлашиш, маслаҳат сўраб бориш каби ўзаро муносабатлар юзага келади.

Инсон бирор хонадонга борганда, киришга изн сўраши исломдаги гўзал одоб-ахлоқ саналади. Аллоҳ таоло айтади:

﴿يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا لَا تَدْخُلُوا بُيُوتًا غَيْرَ بُيُوتِكُمْ حَتَّى تَسْتَأْنِسُوا وَتُسَلِّمُوا عَلَى أَهْلِهَا ذَلِكُمْ خَيْرٌ لَكُمْ لَعَلَّكُمْ تَذَكَّرُونَ﴾

“Эй имон келтирганлар! Ўз уйларингиздан ўзга уйларга то изн сўрамагунингизча ва эгаларига салом бермагунингизча кирмангиз! Мана шу сизлар учун яхшидир. Зора, (бу гапдан) эслатма олсангиз”[1].

Оятда Аллоҳ таоло изнни саломдан ҳам олдин қўйишида катта ҳикмат бор. Ушбy oятгa aмaл қилинca, биpoвнинг xoнaдoнигa изн cўpaб, caлoм бepиб ĸиpилcaгинa, тypли нoқyлaй ҳoлaтлapнинг oлди oлинaди. Изн cўpaмaй ĸиpгaн oдaм yй эгaлapини нoқyлaй ҳoлдa тypгaнлapини ĸўpиб қoлca, гyнoҳ бўлaди. Иĸĸи тoмoн ҳaм ҳижoлaтгa тyшaди. Бaлĸи xycyмaт, ypyш-жaнжaл чиқиши ҳaм мyмĸин. Бaъзи ҳoллapдa yйдa aёл ĸиши ёлғиз бўлиши, ycтигa бeгoнa эpĸaĸ ĸиpиб, opaдa иғвo, бўҳтoн, фитнa чиқиши мyмĸин.

Рибъий ибн Ҳирошдан бундай ривоят қилинади: “Бизга Бану Омирдан бир киши қуйидагиларни айтиб берди. У Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уйда эканларида: “Кирсам майлими?” деб изн сўради. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ходимга: “Чиқиб анави кишига изн сўрашни ўргат. “Ассалому алайкум, кираверайми?” дегин, деб айт”, дедилар. Ҳалиги одам бу гапларни эшитди ва: “Ассалому алайкум, кирсам майлими?” деди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам изн бердилар ва у кирди”[2].

Рухсат сўраш маданиятли кишининг одатидир. Бунга амал қилиш билан инсонлар ўртасидаги турли фитна, хижолатпазлик, тушунмовчиликларнинг  олди олинади. Рухсат сўраш ўзаро ҳурмат-эҳтиром, бир-бирига меҳр-муҳаббатни, юксак инсоний фазилатларни мустаҳкамлайди.

Динимизда бировнинг уйига рухсатсиз кириб, хонадон эгасини хижолатга қўйиш мумкин эмас. Бунинг замирида хонадоннинг сирини, ор-номусини ҳимоя қилиш бор. Бехосдан кириш инсон обрўсини поймол қилади ва турли фитна, можароларга сабаб бўлади. Ҳатто оилаларнинг бузилиб кетишига олиб келади. Шу билан бирга, изн сўраш ва салом бериш шубҳа-гумонни кетказади. Изн сўраш билан зиёратчи ҳурмат ва иззатга сабаб бўлади. Шу сабабли Аллоҳ таоло киришга рухсат бўлмаса, қайтиб кетишни буюрди:

﴿فَإِنْ لَمْ تَجِدُوا فِيهَا أَحَدًا فَلَا تَدْخُلُوهَا حَتَّى يُؤْذَنَ لَكُمْ وَإِنْ قِيلَ لَكُمُ ارْجِعُوا فَارْجِعُوا هُوَ أَزْكَى لَكُمْ وَاللَّهُ بِمَا تَعْمَلُونَ عَلِيمٌ﴾

“Бас, агар у (уй)ларда ҳеч кимни топмасангиз, унда то сизларга изн берилмагунча уларга кирмангиз! Агар сизларга “қайтингиз!” дейилса, қайтиб кетаверингиз! Шу сизлар учун энг покроқ (амалдир). Аллоҳ қилаётган ишларингизни билувчидир”[3].

Ояти каримада изн сўрашнинг адади очиқ айтилмаган. Аммо  ҳадиси шарифларда уч марта изн сўраш баён қилинган. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Изн сўраш уч мартадир. Биринчисида уй эгаси эшитади, иккинчисида ўзини ростлаб олади, учинчисида киришга изн беради ёки рад қилади”, дедилар”[4].

Одоб бўйича уй эгасининг: “Ким у?” деган саволига изн сўровчи исмини аниқ айтиши керак. Жобир розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “У отасининг қарзи хусусида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига боргани ҳақида бундай дейди: “Эшикни қоқдим. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу ким?!” дедилар. “Менман!” дедим. У зот норози оҳангда: “Мен, мен…” дедилар”[5].

Демак, ўзгалар хонадонига борган киши “менман”, “қариндошингизман”, “қўшнингизман”, “ўртоғингизман”, “эшикни очинг”! деб мужмал гапирмасдан, биринчи бўлиб салом бериши, кейин ўз исмини аниқ қилиб айтиши, сўнгра киришга рухсат сўраши лозим экан.

Бировнинг уйига бориш учун муносиб вақт танлаш ҳам одобдир. Ярим тунда, эрта тонгда ёки туш маҳали бориб, уй эгаларини безовта қилмаслик керак. Борганда эшикни қаттиқ урмасдан, бармоқ билан секин тақиллатиш керак. Ҳозир баъзилар бетоқат бўлиб қўнғироқ тугмасини қайта-қайта босишни одат қилган. Келувчи ким бўлишидан қатъий назар, бу ҳолат хонадон эгасини ранжитади.

 Эшикни тақиллатгандан сўнг бир ёнга ўтиб туриш лозим. Чунки  кишининг ҳовли ё хонадонига беихтиёр қараш яхши эмас. Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бировнинг ҳовлисига (ё хонадонига) рухсатсиз қарагани сабабли кўзи ўйиб олинса, бунинг учун хун тўланмайди” дедилар”[6]. Яна Саид ибн Убода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг эшикларига қараб туриб, изн сўрай бошлади. У зот унга: “Сен ундоқ ёки бундоқ тур, изн сўраш назардан сақланиш (яъни, назар-нигоҳни покиза сақлаш) учун жорий қилингандир”, дедилар”[7].

Фарзандлар ота-онанинг хонасига кириш учун изн сўраши ҳам одобдандир. Аллоҳ таоло балоғатга етган фарзандлар у ёқда турсин, ҳатто ёш болаларга ҳам уч ҳолатда изн сўраб киришни буюради:

﴿يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا لِيَسْتَأْذِنْكُمُ الَّذِينَ مَلَكَتْ أَيْمَانُكُمْ وَالَّذِينَ لَمْ يَبْلُغُوا الْحُلُمَ مِنْكُمْ ثَلَاثَ مَرَّاتٍ مِنْ قَبْلِ صَلَاةِ الْفَجْرِ وَحِينَ تَضَعُونَ ثِيَابَكُمْ مِنَ الظَّهِيرَةِ وَمِنْ بَعْدِ صَلَاةِ الْعِشَاءِ ثَلَاثُ عَوْرَاتٍ لَكُمْ لَيْسَ عَلَيْكُمْ وَلَا عَلَيْهِمْ جُنَاحٌ بَعْدَهُنَّ طَوَّافُونَ عَلَيْكُمْ بَعْضُكُمْ عَلَى بَعْضٍ كَذَلِكَ يُبَيِّنُ اللَّهُ لَكُمُ الْآيَاتِ وَاللَّهُ عَلِيمٌ حَكِيمٌ﴾

“Эй мўминлар, қўл остингиздагиларингиз ҳамда балоғатга етмаган (фарзанд)ларингиз уч вақтда (ҳузурингизга кириш учун) сизлардан изн сўрасин. Бомдод намозидан аввал, туш пайти (иссиқдан) кийимларингизни ечган пайтингизда ва хуфтон намозидан кейин. (Бу) уч (вақт) авратларингиз (очиқ бўлиши мумкин бўлган вақтлар)дир. Улар ўша (вақтлар)дан ташқарида (изн сўрамай кирсалар) сизларга ҳам, уларга ҳам гуноҳ йўқдир. (Чунки) улар сизларга, бирингиз бирингизга келиб-кетиб турувчидирсиз. Аллоҳ оятларини сизларга мана шундай баён қилур. Аллоҳ билим ва ҳикмат соҳибидир”[8].

Демак, ёш болалардан ҳам эҳтиёт бўлиб юриш лозим экан. Бу уларнинг тарбиясида муҳим аҳамиятга эга. Алқама розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларига бир одам келиб, “Мен онамнинг ҳузурига кириш учун ҳам изн сўрайманми?” деди. У зот: “Ҳа”, дедилар. “Онамнинг мендан бошқа хизматкори йўқ, ҳар кирганимда изн сўрайманми?” деди. У зот: “Нима, онангни кийимсиз кўрмоқчимисан?” дедилар. Шунда ҳалиги киши: “Йўқ”, деди. “Бўлмаса изн сўрагин-да”, дедилар”[9].

Фарзанд оилада бу муҳим қоидага амал қилишга ўргатилса, гўзал одоб билан тарбия топади.

Юқоридаги одоблардан маълум бўладики, изн сўраш бутун жамият учун муҳим қоида экан. Ҳозирги муаммоларнинг айримлари ана шу одобларни билмаслик ёки уларга амал қилмасликдан келиб чиқаётгани ҳам айни ҳақиқатдир.  Неъматларнинг энг улуғи ҳаловат экан, демак, уни истаган киши шу қоидаларга риоя қилишни ҳам ўзи учун қатъий мажбурият деб билсин. Бу осойишни, ўзаро ҳурмат ва ишончни, ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлайди.

[1] Нур сураси, 27-оят.
[2] Абу Довуд ривояти.
[3] Нур сураси,28-оят.
[4] Абу Довуд ривояти.
[5] Абу Довуд ривояти.
[6] Имом Термизий ривояти.
[7] Абу Довуд ривояти.
[8] Нур сураси, 58-оят.
[9] Имом Молик ривояти.
Отабек БАХРИЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

МАЪРИФАТЛИ АЁЛНИНГ ТАЪСИРИ АСРЛАРГА ТАТИЙДИ!

Ҳаётда инсоннинг беғараз ёрдамчилари жуда кўп бўлади. Масалан, жазирама иссиқда дарахтнинг сояси ё зилол чашманинг …