Home / МАҚОЛАЛАР / ОВҚАТЛАНИШ ОДОБИ

ОВҚАТЛАНИШ ОДОБИ

Ислом дини инсон ҳаётидаги ҳар бир ишга аҳамият қаратган. Шулардан бири овқатланиш одобидир. Бунинг энг олийси  неъматга шукр қилиш ҳисобланади.

 Аллоҳ таоло бу дунёда инсонни турли хил ҳалол таом ва ичимликлар билан ризқлантирган. Бу ризқларнинг доимий ва зиёда бўлиши учун Раззоққа (ризқ берувчига) шукр қилиш бандалик бурчи ҳисобланади. Аллоҳ таоло айтади:

﴿وَإِذْ تَأَذَّنَ رَبُّكُمْ لَئِن شَكَرْتُمْ لَأَزِيدَنَّكُمْ ۖ وَلَئِن كَفَرْتُمْ إِنَّ عَذَابِي لَشَدِيدٌ﴾

Яна Раббингиз эълон қилган (бу сўзлар)ни эслангиз: “Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю, ношукрлик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир”[1].

Аллоҳ таоло Довуд алайҳиссаломнинг оиласини шукр қилишга тарғиб қилиб, бундай дейди:

﴿اعْمَلُوا آَلَ دَاوُودَ شُكْرًا وَقَلِيلٌ مِنْ عِبَادِيَ الشَّكُورُ

(Эй) Довуд оиласи! (Бу неъматларнинг) шукронаси учун амал (ибодат) қилингиз! Бандаларим орасида (Аллоҳга) шукр қилувчи оздир”[2]

Қуръони каримда Сулаймон алайҳиссалом чумолининг сўзини англагани учун келтирган шукронаси ушбу тарзда келтирилган:

﴿وَقَالَ رَبِّ أَوْزِعْنِي أَنْ أَشْكُرَ نِعْمَتَكَ الَّتِي أَنْعَمْتَ عَلَيَّ وَعَلَى وَالِدَيَّ

(Сулаймон) унинг сўзидан кулиб, табассум қилди ва деди: “Эй Раббим! Менга ва ота-онамга инъом этган неъматингга шукр қилишга ва Ўзинг рози бўладиган яхши амалларнигина қилишга мени муваффақ этгин ва мени Ўз фазлинг билан солиҳ бандаларинг қаторига киритгин!”[3]

Демак, инсон ҳаётда ношукр бўлмаслиги ва солиҳ амалларда бардавом бўлиши керак.

Таомланиш одобларини кўриб чиқсак, овқатланишдан олдин ва кейин қўл ювиш керак.

Салмон Форсийдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Таомнинг баракаси таомланишдан олдин ва кейин қўлни ювишдадир”, дедилар[4].

Ейиш ва ичишдан олдин тасмия (Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм) айтилади.

Умар ибн Абу Салама розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қарамоқларидаги бола эдим. Қўлим товоқда изғиб юрарди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: “Ҳой бола! Аллоҳнинг исмини айтгин, ўнг қўлинг билан егин ва олдингдан егин!” дедилар. Шундан буён ана шундай таомланаман”[5].

Бу ёш болага таомланиш одобини таълим беришнинг энг чиройли кўринишидир.

Ўнг қўл билан овқатланишга одатланиш керак.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қачон бирингиз еса, ўнг қўли билан есин. Қачон бирингиз ичса, ўнг қўли билан ичсин. Чунки шайтон чап қўли билан еб, чап қўли билан ичади”, дедилар”[6].

Яна Салама ибн Акваъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида чап қўли билан таом еди. Бас, У зот: “Ўнг қўлинг билан е!” дедилар. У қурби етиб турган бўлса ҳам): “Қодир эмасман”, деди. У зот: “Қодир бўлмагин! Уни кибрдан бошқа нарса манъ қилмади”, дедилар. Ҳалиги одам қўлини оғзига кўтара олмай қолди”[7].

Ушбу ҳадисдан динимизда овқатланиш маданиятига қанчалик аҳамият берилгани ёрқин кўриниб турибди. Қасддан чап қўлда егувчиларнинг оқибати шундай бўлиши мумкин экан.

Жамоат билан бирга таомланганда, меваларни ё шунга ўхшаш бир луқмада иккитадан олиш катта адабсизликдир. Чунки киши бунда шеригининг ҳаққига тажовуз қилган бўлади.

Жабала ибн Суҳаймдан ривоят қилинади: “Мадинада эдик, бошимизга қаҳатчилик тушди. Ибн Зубайр бизга хурмо улашиб турар эди. Абдуллоҳ ибн Умар олдимиздан ўтар экан: “Иккита-иккитадан еманглар. Чунки Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам хурмони иккита-иккитадан ейишдан қайтарганлар. Лекин сизлардан бирор киши биродаридан изн сўраган бўлса, мустасно”, деди”[8].

Одобли инсон таомни айбламайди. Буни оммага ошкор қилиш ошпазнинг кўнглига оғир ботади. Аксинча, мақташ керак. Мақтов ошпазнинг рағбатини оширади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч қачон таомни айбламас эдилар, хоҳласалар, тановул қилар эдилар, кўнгиллари тортмаса, емас эдилар”[9].

Таомга чақирилганда унга жавоб бериш яна бир одобдир.  

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар бирортангиз (зиёфатга) чақирилса,  чақириққа албатта жавоб берсин. Агар рўзадор бўлса, (зиёфат эгаси ҳаққига) дуо қилади. Рўзадор бўлмаса, таомланади”, дедилар[10].

Одобли инсон зиёфатга кетаётиб мезбоннинг изнисиз у ерга чақирилмаган кишини олиб бормайди.

Абу Масъуд Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Ансорлардан Абу Шуайбнинг қассоб ғуломи бор эди. У (ғуломига): “Менга таом тайёрлаб бер, бештанинг бири қилиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни чақираман”, деди. Шундай қилиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни бештанинг бири қилиб чақирди. Уларга яна бир киши эргашди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сен бизни беш кишининг бири қилиб чақирган эдинг. Мана бу киши ҳам бизга эргашиб келди. Хоҳласанг, унга изн берасан, хоҳласанг, киритмайсан”, дедилар. У: “Йўқ, унга изн бердим”, деди”.

Бу одобларнинг барчаси инсонга яхшилик, саодат ва хотиржамлик олиб келади. Уларга нафақат ўзимиз риоя қилишимиз, балки ёшларимизни ҳам ўргатишимиз лозимдир.

[1] Иброҳим сураси, 7-оят.
[2] Сабаъ сураси, 13-оят.
[3] Намл сураси,19-оят.
[4] Имом Термизий ривояти.
[5] Имом Бухорий ривояти.
[6] Имом Муслим ривояти.
[7] Имом Муслим ривояти.
[8] Имом Бухорий ривояти.
[9] Муттафақун алайҳ.
[10] Имом Муслим ривояти.
Отабек БАХРИЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ЎЗБEК ДАВЛАТЧИЛИГИ ТАРИХИНИ ЎРГАНИШДА «НИЗОМ АТ-ТАВОРИХ»НИНГ АҲАМИЯТИ

Ўзбек давлатчилигини бошқарган сомонийлар, салжуқийлар, ануштегинийлар ҳамда мўғулларга қарамлик даври (1220–1370) тарихига оид манбалардан бири …