Home / МАҚОЛАЛАР / МЕҲМОННИ ЭЪЗОЗЛАШ МЎМИННИНГ СИФАТИДИР

МЕҲМОННИ ЭЪЗОЗЛАШ МЎМИННИНГ СИФАТИДИР

Бир ҳадис шарҳи

Ўзбек халқи азалдан меҳмондўстлиги, ширинсўзлиги ва самимияти билан машҳур. Қайси бир хонадонга кирманг, уй соҳиби таниса-танимаса бир пиёла чой таклиф қилади.

Халқ орасида “Меҳмон – отангдек улуғ” деган ҳикматли сўз ҳам бежиз айтилмаган. Бунинг замирида улкан маъно яширинган.

Алломаларимизнинг ҳадис илмига доир асарларини мутолаа қилганда меҳмонни иззат-икром қилиш борасидаги кўплаб ривоятларни учратиш мумкин. Ана шундай ҳадислардан бирини ўрганиб чиқамиз.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, меҳмонини икром қилсин! Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, қўшнисига яхшилик қилсин! Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, яхши сўз айтсин ёки сукут сақласин!” дедилар (Бухорий ва Муслим ривояти).

Ушбу ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом уч нарсадан таълим бермоқдалар.

Аввало, “Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, меҳмонини икром қилсин!” дейилмоқда. Меҳмонга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш Аллоҳ рози бўладиган амаллар қаторига киради. Уни кутишнинг ҳам ўзига яраша одоблари бор. Аввало, меҳмон хабари келганда хонадон озодалигини яна бир кўриб чиқиш, обдастларга сув тўлдириш, янги, тоза сочиқларни тайёрлаш ва у ўтирадиган хонага турли хушбўйликлардан сепиб қўйиш ҳам яхши одатлардандир. Меҳмон келганда, уй эгаси уни табассум билан, Аллоҳ таолонинг меҳмони эканини ҳис қилган ҳолда илтифотли тарзда қарши олиш ҳам гўзал одобдир. Меҳмонга “олинг, дастурхонга қаранг” каби сўзлар айтиб турилади. Унга яхшилик қиламан деб соғлигига зарар етказиб қўйишдан сақланиш учун кўнглига, раъйига қаралади. Таомдан сўнг чиройли суҳбат қурилади, мезбон ва меҳмон ташрифдан хурсанд бўлганини айтиб бир-бирининг кўнглини шод этади. Кетар чоғида меҳмоннинг ортидан бирга чиқиб, яхши гаплар билан кузатиб, яна келиб туриши сўралади. Меҳмон ҳам жавоб ташрифини кутишини билдиради.

Иккинчидан, “Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, қўшнисига яхшилик қилсин!” дейилмоқда. Динимиз қўни-қўшнига яхшилик қилишни буюради. Қўшни қўшнида бир неча ҳақлари бўлиб, улар қуйидагилардир:

  • қўшнига ёмонлик қилинмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ёмонлигидан қўшниси омонда бўлмаган кимса жаннатга кирмайди”, деганлар. Демак, зинҳор озор берилмайди;
  • ўз уйида пиширилган таомдан қўшнига ҳам имкон қадар улашиш керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўзи тўқ бўлиб, қўшниси оч қолган одам мўмин эмас”, деганлар;
  • қўшни билан кўришганда, салом берилиб, гўзал муомала қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Саломни ёйинглар”, деганлар;
  • қўшни бемор бўлса, хабар олинади, қарздор бўлса, ёрдам қилинади, унинг сирлари ошкор этилмайди, озорлардан ҳимояланади, яхши ва ёмон кунларида ёнида турилади ва ҳоказо…

Шунингдек, “Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, яхши сўз айтсин ёки сукут сақласин!” дейилмоқда. Демак, инсон гапирганда фақат яхши сўз айтиши ёки жим туриши керак экан. Баъзиларга эътибор берилса, гапирган гапидан бирор бир яхши сўз топиш амри маҳол. Бу унинг жоҳил эканидан нишонадир.

Ушбу ҳадисдан инсон ўзига шундай хулоса олиш мумкинки, киши ширин сўзли, очиқ юзли ва гапи маъноли бўлишини доимо эътиборда тутиши керак. Зеро, Парвардигорнинг розилиги йўлида айтилган ҳар бир сўз ва амал банданинг ўзи учун фойдалидир.

Машраб ХИДИРОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ЎЗБЕКИСТОНДА ДИНИЙ-МАЪРИФИЙ СОҲАДА ХАЙРИЯ ВА ҲОМИЙЛИК ФАЗИЛАТЛАРИ: “ВАҚФ” ХАЙРИЯ ЖАМОАТ ФОНДИ ФАОЛИЯТИ МИСОЛИДА

Маълумки, хайрия ва ҳомийлик қадриятлари Ўзбекистон тарихининг турли даврларида турли кўринишларда акс этиб, ҳар хил …