Home / МАҚОЛАЛАР / УСТОЗНИНГ ШОГИРДИГА ДЕГАНЛАРИ

УСТОЗНИНГ ШОГИРДИГА ДЕГАНЛАРИ

Ўн биринчи дарс. Ибодат қилиш ва масжидлардаги одоб.

Эй ўғлим! Раббингнинг ибодатини ўтказиб юборма. Зеро У ўз китобида айтади:

﴿وَمَا خَلَقْتُ الْجِنَّ وَالْإِنْسَ إِلَّا لِيَعْبُدُونِ﴾ مَا أُرِيدُ مِنْهُمْ مِنْ رِزْقٍ وَمَا أُرِيدُ أَنْ يُطْعِمُونِ﴾إِنَّ اللَّهَ هُوَ الرَّزَّاقُ ذُو الْقُوَّةِ الْمَتِينُ﴾

“Мен жинлар ва инсонларни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим”. “Мен улардан бирор ризқ истамасман ва улар Мени таомлантиришини ҳам истамасман”. “Зеро, Аллоҳнинг ўзи Раззоқ (ризқ берувчи), қувватли ва Матин (қудратли)дир”.[1]

Эй ўғлим! Фарз намозларини ўз вақтида жамоат билан адо этишга интил. Унинг вақти яқинлашса, таҳоратга шошил. Йўлингда бирортага озор етказма. Сув ишлатганингда исроф қилма. Намоз вақти кириб муаззин азон айтганда қиблага юзланиб суннатларни ўқигин. Сўнг, хотиржамлик ва виқор билан ўтир. Иқомат айтилгач ихлос билан, эътиборли бўлиб жамоат намозини адо эт. Намозда турган пайтингда Раббингга муножот қилувчи ва Унинг ҳузурида турувчи эканингни унутма. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бирортангиз намоз ўқиш учун турса, у Раббисига муножот қилади. Шундай экан, қандай муножот қилаётганига эътибор берсин”[2], дедилар. Намоз ўқиётганингда ташвишли фикрларни ўйлашдан ёки кулимсираб туришдан ўзингни сақла. Қалбингни Аллоҳнинг муножотидан бошқа нарсага машғул қилма.

Эй ўғлим! Фарз намозидан фориғ бўлгач, суннатларини ҳам ўқиб қўй. Сўнг билган дуоларинг билан Аллоҳдан илтижо қилиб, гуноҳларингни кечириши, йўлингни очишини сўра. Албатта, Аллоҳ дуоларни қабул қилувчи Зот.

Эй ўғлим! Агар масжидда ўтирмоқчи бўлсанг, имкон қадар таҳоратли ҳолда бўл. Зеро, масжидлар Аллоҳнинг уйи. Раббингнинг уйига ибодатга тайёр бўлмай киришинг одобдан эмас.

Эй ўғлим! Мусулмон оммаси толиби илмга ҳурмат назари билан қарайди. У тарафидан содир бўладиган ҳар бир майда ишга ҳам эътибор берадилар. Шунинг учун одамларнинг гапи сен ҳақингда бўлмасин. Масжид ичида овозингни баландлатма. Оддий халқ тарафидан бу ишнинг содир этилиши хунук ҳисобланса, толиби илмнинг ҳаракати ундан ҳам ёмонроқдир. Раббингнинг уйида бирорта дўстинг билан хусуматлашиб тортишма. Ибодат қилиш учун келган ҳар бир мусулмонга чиройли муомала кўрсат. Масжидга отланаётган намозхон суннатга мувофиқ кийиниб, ўзини ҳар томонлама поклаб, тозаланиб бориши керак.

Эй ўғлим! Масжидга кетаётганда одоб ва тавозе билан қадам ташлаш, салом берувчиларнинг саломига алик олиш, йўлда мусулмонларга халал берувчи тош, шох-шабба, тикан ва бошқа нарсаларни четга олиб қўйиш ҳам зарур вазифалардандир. Масжидга эртароқ, шошилмай, виқор билан юриб бориш ҳам масжидга боришнинг одобларидандир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одамлар намозга эртароқ боришнинг қандай савоби борлигини билганларида масжидга қараб кимўзарга югурган бўлардилар, хуфтон ва бомдод намозининг савобини билганларида масжидга эмаклаб бўлса ҳам борардилар”, дедилар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Намозга такбири иқомат айтилаётган бўлса, югуриб-ҳовлиқиб келманглар, балки вазминлик билан оҳиста юриб келинглар. Етган жойингиздан (жамоатга қўшилиб) ўқийверинг, етолмаганингизни тўлдириб ўқиб олинг”[3], дедилар.

Эй ўғлим! Оддий одам масжидга кирса, сендан одоб ва камтарликни ўргансин, ёмон хулқни эмас. Насиҳатинг ва кўрсатмаларинг уни тўғри йўлга бошласин.

Эй ўғлим! Аллоҳнинг уйида ёмон одоб сабабидан илмнинг мавқеини туширма. Одамларнинг гап-сўзларини дўстларинг тарафга буриб қўйма. Бирор намозхонда ўзинг ёқтирмайдиган ишни кўрсанг, унга яхшилик ва мулойимлик билан муомала қил. Уни бирорта шаръий масалага йўллаб қўйишни истасанг, қўполлик билан гапирма. Динни чуқур ўрганишдан бездирма. Зеро, Аллоҳ таоло:

﴿وَاللَّهُ يَهْدِي مَنْ يَشَاءُ إِلَى صِرَاطٍ مُسْتَقِيمٍ﴾

“Аллоҳ ўзи хоҳлаган кишиларни тўғри йўлга бошлар”[4], деган.

 [1] Заарият сураси, 56,57,58-оят.
[2] Имом Ҳоким ривояти
[3] Имом Бухорий, Муслим ва Термизий ривоят қилган.
[4] Нур сураси, 46-оят
 Ҳусан МИРЗОАҲМАДОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ЎСМИР ХУЛҚ-АТВОРИ ВА УНИНГ ИЖТИМОИЙ-МАЪНАВИЙ ҲАЁТ БИЛАН БОҒЛИҚ ДЕТЕРМИНАНТЛАРИНИ ЎРГАНИШ

Ўсмир хулқ атвори тушунчасини таҳлил этиш, унинг ижтимоий-фалсафий хусусиятларини  ўрганиш муҳим масала ҳисобланади. Хулқ-атвор, яъни …