Home / МАҚОЛАЛАР / МЎМИНЛАР БАЙЪАТИ

МЎМИНЛАР БАЙЪАТИ

Мусулмон киши ҳар доим ўзини Аллоҳ таоло қайтарган ишлардан тийиб, буюрган ишларни бажаришга ҳаракат қилиб яшаши лозим. Бундай амалларга аҳд қилмоғи уни ислом дини чегарасида тутиб турувчи омил ҳисобланади. Қуйида Имом Бухорий томонидан “Саҳиҳул Бухорий”да келтирилган ана шундай омиллардан бири – мўъминлар байъати ҳақида сўз юритамиз:

6705 – 7055 –

حَدَّثَنَاإِسْمَاعِيلُ حَدَّثَنِيابْنُوَهْبٍعَنْعَمْرٍوعَنْبُكَيْرٍعَنْبُسْرِبْنِسَعِيدٍعَنْجُنَادَةَبْنِأَبِيأُمَيَّةَقَالَ:دَخَلْنَاعَلَىعُبَّادَةِبْنِالصَّامِتِوَهُوَمَرِيضٌ.قُلْنَا:أَصْلَحَكَاللَّهُ،حَدِّثْبِحَدِيثٍيَنْفَعُكَاللَّهُبِهِسَمِعْتَهُمِنْالنَّبِيِّصَلَّىاللَّهُعَلَيْهِوَسَلَّمَ.قَالَ:دَعَانَاالنَّبِيُّصَلَّىاللَّهُعَلَيْهِوَسَلَّمَفَبَايَعْنَاهُ.فَقَالَ:فِيمَاأَخَذَعَلَيْنَاأَنْبَايَعَنَاعَلَىالسَّمْعِوَالطَّاعَةِفِيمَنْشَطِنَاوَمَكْرَهِنَاوَعُسْرِنَاوَيُسْرِنَاوَأَثَرَةًعَلَيْنَاوَأَنْلَانُنَازِعَالْأَمْرَأَهْلَهُإِلَّاأَنْتَرَوْاكُفْرًابَوَاحًاعِنْدَكُمْمِنْاللَّهِفِيهِبُرْهَانٌ

7055-ҳадис. Жунода ибн ибн Абу Умайя ривоят қиладилар: Убода ибн Сомит бетоб эди, биз уни кўргани кириб: Аллоҳ таоло сизга шифо ато этсин! Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган ҳадислардан Аллоҳ сизга манфаатлантирганини айтиб беринг, дедик. Убода ибн Сомит: Жаноб Расулуллоҳ бизни ҳузурларига чақирдилар, биз байъат[1] қилдик. У зот биз амиримизни ёқтирамизми, йўқми, бундан қатъи назар, оғир ва енгил дамларда ҳам унинг фармойишларига қаршилик қилмасликка байъат қилдирдилар. “Лекин – дедилар Жаноб Расулуллоҳ, – унинг очиқдан-очиқ куфр йўлига ўтганлигини кўрсангиз, қўлингизда Аллоҳ таолонинг нозил қилган ҳужжати Қуръони карим мавжуд, шунга биноан иш кўринглар!””

Ҳадиснинг умумий маъноси:

Убода ибн Сомит бетоб эди, биз уни кўргани кириб: Аллоҳ таоло сизга шифо ато этсин! Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган ҳадислардан Аллоҳ сизга манфаатлантирганини айтиб беринг, дедик.

Ислом динида беморни зиёрат қилишнинг алоҳида фазли ва савоби мавжуддир.Жамоат бўлиб бемор кўргани бориш ҳамда унинг ҳаққига дуолар қилиш ҳам ниҳоятда фазилатли ва савобли амаллардан ҳисобланади. Шунинг учун  Жунода ибн ибн Абу Умайя етакчилигида бир гуруҳ мусулмонлар умматнинг олими Убода ибн Сомит бетоб  бўлганда уни зиёратига боради ва уни ҳаққига дуолар қилиб, ўзи ва жамият учун энг манфаатли ҳадислардан бирини айтиб беришни сўрайдилар.

Убода ибн Сомит: Жаноб Расулуллоҳ бизни ҳузурларига чақирдилар ва биз у зотга байъат қилдик.

Саҳобийлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ислом арконларини қоим қилишга, ўғрилик ва зино қилмасликка, ёлғон гувоҳ бермасликка, жанг вақтида душманга орқа ўгириб қочмасликка, ота-онага оқ бўлмасликка ва яна бир қанча солиҳ амалларни бажаришга байъат қилар эди. Ана шундай байъатларнинг Ислом тарихидаги машҳури Ҳудайбия йили – ҳижратнинг олтинчи йили содир бўлган эди ва у ҳақда Қуръони каримда оят нозил бўлган.

“Батаҳқиқ, Аллоҳ мўминлардан дарахт остида сенга байъат қилаётганларида рози бўлди. Бас, уларнинг қалбларидагини билди, уларга сокинликни туширди ва яқин фатҳ ила мукофотлади.”[2] Аллоҳ таолонинг Ўзи муборак каломи Қуръони каримда Ҳудайбияда Пайғамбар алайҳиссаломга байъат қилган бир минг тўрт юз (баъзи манбаларда бир минг беш юз йигирма беш) соҳабаи киромлардан рози эканини эълон қилди. Бу эълон қиёмат кунигача ибодат ва тиловат бўлиб туриши таъминланган. Шунинг учун ҳам мазкур байъатнинг бир номи “Байъатур-Ризвон –Розилик байъати”дир.

Мазкур ҳадисда Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳу ҳам Расулуллоҳга қилган байъатини сўзлаб бермоқда. Убода розияллоҳу анҳу саҳобалар билан бирга, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига у зотнинг чақириқларига биноан бориб, шариатда буюрилганларни бажаришга, ман қилинганлардан қайтишга ваъдалашадилар.

У зот биз амиримизни ёқтирамизми, йўқми, бундан қатъи назар, оғир ва енгил дамларда ҳам унинг фармойишларига қаршилик қилмасликка байъат қилдирдилар.

Шунингдек, Расулуллоҳ ўзларига байъат қилаётган саҳобалардан ўзларидан кейин мусулмонлар жамоаси султонга хоҳ у яхши бўлсин, хоҳ ёмон бўлсин, ҳар доим унга итоат қилишга ваъда беришларини талаб қилдилар. 

Бу ҳадис гўёки бизнинг замонамизда бўлаётган турли фитналардан сақланмоқ учун айтилгандек. Дарҳақиқат, диний экстремизм ва исломофобия ҳамда “оммавий маданият” ва “демократия” ниқоби остидаги турли фитналар авж олган бир даврда ҳар бир мўмин учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳадислари ва кўрсатмаларига амал қилиш нажот йўлидир.

 “Лекин –дедилар Жаноб Расулуллоҳ, – унинг очиқдан-очиқ куфр йўлига ўтганлигини кўрсангиз, қўлингизда Аллоҳ таолонинг нозил қилган ҳужжати Қуръони карим мавжуд, шунга биноан иш кўринглар!””

Мамлакат султони ўз хатти-ҳаракатларида куфрни намоён этса-да, ислом дини арконларини амалдаги ижросига қарши турмаса, мусулмонлар тинчлик ҳукмрон бўлиши учун ҳаракат қилишлари, фитна ва уруш оловини чиқишидан эҳтиёт бўлишлари лозим. Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

“Фитна ўлдиришдан-да каттароқ гуноҳдир.”[3]

“Эй мўминлар, Аллоҳга итоат қилингиз, ва пайғамбарга ҳамда ўзларингиздан бўлган (яъни мусулмон)раҳбарларга бўйсунингиз! Борди-ю бирон нарса ҳақида талашиб қолсангиз, – агар ҳақиқатан Аллоҳга ва охират кунига ишонсангиз – у нарсани Аллоҳга ва пайғамбарига қайтарингиз! Мана шу яхшироқ ва чиройлироқ ечимдир.”[4]

Зеро, жамиятда тинчликнинг ҳукмрон бўлиши, нафақат тараққиёт кафолати, балки ибодатларни мукаммал адо этилиши учун энг муҳим омил саналади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу ҳақдаги кўрсатмалари эса юқорида батафсил айтиб ўтилди.

Ушбу ҳадис орқали ислом динининг юксак маънавиятига гувоҳи бўламиз. Яъни бемор зиёратига борганлар унинг ҳаққига дуо қилиши лозим. Агар бемор олим бўлса дуодан сўнг унинг илмидан фойдаланишга ҳаракат қилиши кераклигини тушунамиз. Шунингдек, бу ҳадисда ёши улуғлар билан муомала одоби, раҳбарга итоат қилиш шариат талаби эканини англаб етамиз.

[1] Байъат ֪– ваъдалашмоқ, сўз бермоқ.
[2]  Фатҳ, 18-оят мазмуни.
[3] Бақара, 217.
[4] Нисо, 59.
Нодир ҚОБИЛОВ
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ОЯТЛАР БИЛАН ҲУКМ ҚИЛМАГАНЛАРНИ КОФИРГА ЧИҚАРИШ МАСАЛАСИДА УЛАМОЛАРНИНГ ҚАРАШЛАРИ

Ислом дини инсонларни илм, ҳамжиҳатлик ва аҳилликка чорлайди. Улар орасида жоҳиллик, фирқаланиш ва ўзаро келишмовчилик …