Home / АЛЛОМАЛАР / АБУ ҲАСАН СAҒОНИЙ ИЛМИЙ ФАОЛИЯТИ (“САҲИҲУЛ БУХОРИЙ”НИНГ “БАҒДОДИЙ” НУСХАСИ КОДИКОЛОГИК ТАВСИФИ)

АБУ ҲАСАН СAҒОНИЙ ИЛМИЙ ФАОЛИЯТИ (“САҲИҲУЛ БУХОРИЙ”НИНГ “БАҒДОДИЙ” НУСХАСИ КОДИКОЛОГИК ТАВСИФИ)

Ислом оламида мовароуннаҳрлик муҳаддис олимларнинг ўрни жуда беқиёсдир. Уларнинг ҳаёти ва илмий мерослари ҳақидаги қимматли маълумотлар ўрта аср араб тилидаги манбаларда келтирилган. Улар ал-Хатиб ал-Бағдодий [8], Нажмиддин Умар ан-Насафий [15], Абу Саъд ас-Самъоний [9], Шамсиддин аз-Заҳабий [18], Ҳожи Халифа [16] асарларини зикр этиш лозим.

Абу Ҳасан Сaғонийнинг илмий мероси кўпгина тадқиқотчилар томонидан тадқиқ қилинган. Улар: Ҳайдарободдаги Синд Университети тадқиқотчиси Мадад Қадрий “Имом Сағоний Лоҳурий ҳаёти ва илмий мероси” [3: 67-80], Риёз Имом Абдураҳмон ибн Файсал университетининг “Тил ва адабиёт” факультети тадқиқотчиси, олима Бандарий бинт Холид ибн Барок Садирий “Тавзиҳу ал-мисли инда ал-Сағоний фи муқаддимату ал-аъбаб ал-захир ва ал-баб ал-фахир” [19: 18], Қоҳира Араб қўлёзмалар тадқиқот институтида “Ал-аздаду лил Сағоний” [20: 193-218], Покистон Араб қўлёзмалар тадқиқот институти тадқиқотчиси Аҳмад Хон “Самаъат муаллифат ас-Сағоний ал-луғавия” [1: 488-518] лар алломанинг тил, луғатшунослик, фиқҳ ва ҳадис илмида тутган ўрни ва асарларининг аҳамиятли жиҳатларини тадқиқотларида ёритиб берган. Юқорида номлари келтирилган тадқиқотчиларнинг илмий тадқиқотлари диққатга сазовордир. Бугунги кунда ҳам дунёнинг турли давлатларида фаолият олиб бораётган олимлар Абу Ҳасан Сaғонийнинг илмий меросини ўз соҳаси доирасида тадқиқ ишлари олиб боришмоқда.

Бу буюк муҳаддисларнинг тасниф қилган саҳиҳ ҳадислари ислом дини таълимотида Қуръони каримдан кейинги муҳим асосий манба ҳисобланади. Бинобарин, ўз мазмун-моҳияти жиҳатидан бу бебаҳо ёдгорликлар умуминсоний маданиятнинг таркибий қисмларидан бири ҳисобланади. Бу муҳим асарларда келтирилган ҳадиси шарифлар инсоният учун, жамият учун улкан аҳамиятга эгадир.

Тилшунос, муҳаддис ва фақиҳ Абу Ҳасан Сaғоний “Шайхул имом”, “Имомул луға” номларига сазовор бўлган. 1181 йил 25 июньда Лаҳурда туғилган. Асли Қурайш қабиласи Ади ибн Каъаб қавмига мансублиги ва халифа Умар розияллоҳу анҳу наслиданлиги учун алломани Адавий ва Умарий номлари билан аташган [18: 23; 282-283; 63]. Унинг тўлиқ исми Абу Ҳасан ибн Муҳаммад ибн Ҳасан ибн Ҳайдар ибн Али ибн Исмоил Адавий Умарий Сaғоний. Алломанинг оиласи Сағониён (Чағониён – Вахш ва Амударёнинг қирғоғида жойлашган Марвнинг қадимий шаҳарларидан бири бўлиб, араблар уни “Сағониён” деб атаган. Чағониён атрофи тоғ билан ўралган, табиати чиройли, халқаро савдо-сотиқ ривожланган марказлардан бўлган.) [14: 53; 155] дан Лаҳурга, кейинчалик Ғазнага кўчиб келган. Абу Ҳасан Сaғоний дастлабки таълимни отасидан олган. Фиқҳ илмини Ғазнадаги уламолардан ўзлаштирган. Ўн йил Макка, Мадина, Яман, Бағдод каби илм марказларида сафарда бўлиб, олимлардан сабоқ олган [13: 63]. Абу Ҳасан Сaғоний ёшлигидан араб тили ва адабиётга ихлоси юқори бўлгани учун грамматика ва луғат илмини чуқурроқ ўзлаштириш мақсадида 1208-1209 йиллар Деҳли, Лаҳур, Жоил (Алигарҳ) ва Ҳижоз шаҳарларига борган. У Ҳижозда беш йил яшаган. Маккада Бурҳониддин Абуфутуҳ Наср Ҳусрий, Яманда Наззам Муҳаммад ибн Ҳасан Марғиноний, Қози Саъдиддин Ҳалаф ибн Муҳаммад Кардарий, Абу Муҳаммад ибн Жавзийдан ҳадис, фиқҳ, грамматика ва аруз илмини ўрганган [18: 23; 441].

Абу Ҳасан Сaғоний Ҳижоздан Аданага келиб Қози Абу Исҳоқ Иброҳим Қурайзий, Ибн Баттол ва унинг ўғли Сулаймон каби устозлардан дарс олган.

1216 йил Бағдодга келган ва замондоши Ёқут Ҳамавий билан кўришган. Абу Ҳасан Сaғоний Бағдодда асосан ҳадис илми билан шуғулланган ва қисқа фурсат (икки йил) ичида машҳурликка эришган. Халифа Носириддиниллаҳ 1220 йил уни Деҳли подшоҳи Элтутмиш саройига элчи сифатида юборган [12: 344; 490].

1227 йили Ҳиндистондан қайтиш вақтида Макка шаҳрига бориб, ҳаж амалини адо этиб, Бағдодга келган. Аллома Бағдодда кўп вақт қолмайди ва Аббосийлар янги халифаси Мустаншир Биллаҳнинг илтимосига биноан Элтутмиш саройига иккинча марта элчи сифатида юборилади. Элтутмиш Абулҳасан Сағонийни илиқ кутиб олади. Деҳли шоҳи Элтутмиш вафотидан кейин қизи малика Розия Султон тахтга ўтиради. Халифа ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида алломани 1236 йили такроран Деҳлига элчи қилиб юборади.

Абу Ҳасан Сағоний Деҳлидан Маккага ва 1240 йили Бағдодга қайтиб келган. У умрининг охирига қадар шу ерда яшаган ва 1252 йил 73 ёшида Бағдодда вафот этган. Алломанинг васиятига биноан ўғли, шогирдлари уни Маккага сўфий Фузайл ибн Иёзнинг ёнига дафн этишган [18: 23; 284].

Абу Ҳасан Сағонийнинг Қози Сулаймон ибн Ҳамза, Солиҳ ибн Абдуллоҳ Кўфий ибн Собаҳ, Ҳофиз Шарифиддин Димятий, Иъзиддин Абуфазл ибн Вазир ибн Аълқамий каби шогирдлари ундан дарс олган ва ҳадис ривоят қилган. Алломанинг шогирди Ҳофиз Домиятий: “Устозим солиҳ, ростгўй, ҳадис, фиқҳ ва тилшунослик илмида имом эди. Абу Ҳасан Сaғонийдан кўп йиллар сабоқ олдим ва ундан ҳадис тингладим. Аллома вафот этганида уни ал-Ҳаромут тоҳирий қабристонига дафн қилдик”, деган [10: 155; 23; 284].

Алломанинг луғат, араб тили, ҳадис илмига оид асарлари мавжуд ва улар бугунги кунда дунё кутубхона фондларида сақланмоқда. Унинг ўн икки жилддан иборат “Мажмаъул баҳрайн” луғат китоби, “ат-Такмила ва аз-зайл ва ас-сила ли китаби тажи луғат ва сиҳаҳул арабия” асари луғатшуносликка оид бўлиб, унга Исмоил ибн Ҳаммод Жавҳарийнинг “Тожул луға” асарига қўшимча олтмиш мингта сўз киритилган. Асар 1970-1979 йиллар Қоҳирада Муҳаммад Абуфазл Иброҳим ва Абдуҳалим Таҳовийлар томонидан тадқиқ қилиниб, нашр этилган. Сағонийнинг “Ал-Убабуз зоҳир ва ал-лубабул фаҳир” йигирма жилддан иборат бўлиб, уни Аббосийлар вазири Ибн Алкамийнинг топшириғига биноан бошлаб, фақат мим ҳарфигача ёзишга улгурган. Бу асарни ёзишда Исмоил ибн Ҳаммод Жавҳарийнинг “Тажул луға” асаридаги луғат услубидан фойдаланиб, сўзларнинг тартибини кетма-кетликда жойлаштирган [11: 155-156]. Асарни Муҳаммад Ҳасан Алу Ясин 1977 йили Бағдодда, Пир Муҳаммад Ҳасан 1994 йили Исломободда нашр қилган. Давоми бор…

ФОЙДАЛАНГАН АДАБИЁТЛАР

  1. Alamul mahtutot van Navadir. – Dubay. – 488-518
  2. https://ru.wikipedia.org/wiki/%D0%9A%D0%BE%D0%B8%D0%BC%D0%B1%D0%B0%D1%82%D1%83%D1%80
  3. Madad Qadri “Life and works of al-Imam al-Saghani al-Lahori” Hydarabad, Sind university research journal c.5, s.67-80, 1966.
  4. №266 Домод Иброҳим Пошо фонди. Б. 238а варақ.
  5. №267 Домод Иброҳим Пошо фонди. Б. 1а варақ.
  6. №268 Домод Иброҳим Пошо фонди. Б-280а варақ.
  7. №269 Домод Иброҳим Пошо фонди. Б. 266б варақ.
  8. Абу Бакр Аҳмад ибн Али Хатиб Ҳофиз Бағдодий. “Тарих Бағдод ав Мадинат ас-Салом”. 14 жилдли. – Байрут: Дарул кутуб ал-илмиййа, 1997.
  9. Абу Саъд Абдукарим ибн Муҳаммад ибн Мансур Самъоний Тамимий. “Ал-Ансоб” 5 жилдли. Абдуллоҳ Умар ал-Борудий таҳрири остида. – Байрут: Дорул фикр,1998.
  10. Абулфидо Зайниддин Қосим ибн Қутлубуғо Судуний “Тожут-тарожим” Дарул қолам матбаа, Байрут.: 1992. – Б. 155. Шамсиддин Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Усмон Заҳабий “Сийра аъламун нубало” Ж.23, – Б. 284
  11. Абулфидо Зайниддин Қосим ибн Қутлубуғо Судуний “Тожут-тарожим” Дарул қолам матбаа, Байрут.: 1992. – Б. 155-156
  12. Ибн Саи “ад-Дур ат-тамин” Б-344, Ибн Фувати “Талхис мажмуа ал-адаб фи муъжамул алқоб” – Б. 490
  13. Муҳаммад Абдулҳай Лакнавий Ҳиндий “ал-Фавоид ал-баҳия фи тарожими ал-ҳанафия” Ҳуқуқул матбаа маҳфуза. – Миср.: 1906 й. Б-5
  14. Муҳаммад Абдулҳай Лакнавий Ҳиндий “ал-Фавоид ал-баҳия фи тарожими ал-ҳанафия” Ҳуқуқул матбаа маҳфуза. – Миср.: 1906 й. Б-5 Абулфидо Зайниддин Қосим ибн Қутлубуғо Судуний “Тожут-тарожим” Дарул қолам матбаа. – Байрут.: 1992. – Б. 155.
  15. Нажмиддин Умар ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ан-Насафий. “Китоб ал-қанд фи зикр уламо Самарқанд” / Назар Муҳаммад ал-Форёбий таҳрири остида. – “ал-Мамлака ал-арабийа ас-Саудийа”: Мактабатул-Кавсар,
  16. Ҳожи Халифа. “Кашф аз-зунун ан асами ал-кутуб ва-л-фунун” 2 жилдли. – Истанбул, 1941-43.
  17. Шамсиддин Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Усмон Заҳабий “Сийра аъламун нубало” Ж.23, – Б. 282-283. Муҳаммад Абдулҳай Лакнавий Ҳиндий “ал-Фавоид ал-баҳия фи тарожими ал-ҳанафия” Ҳуқуқул матбаа маҳфуза, – Миср.: 1906 й. – Б. 63.
  18. Шамсиддин Муҳаммад ибн Аҳмад Заҳабий. “Сийар аълом ан-нубало” 23 жилдли. – Байрут: Муассасат ар-рисола, 1992.
  19. الاضداد للصغانى بين تقاليد الاستشراقية و العربية Majallatu Ma’had al-Mahtutotil arabiyya, c.59, sy.2, 1437/2015 Kahire, s.193-218.
  20. توظيف المثل عند الصاغاني فى مقدمة العباب الزاخر و الباب الفاخر Мажаллатуд диросатил лўғавия 15,sy.3, 1434 Riyad.
И.ДАУРБЕКОВА,
И.ҚУШШАҚОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари

Check Also

САҲЛ ИБН АБДУЛЛОҲ ТУСТАРИЙ – БУЮК МУТАСАВВИФ ОЛИМ

Исломда тасаввуф илми Муҳаммад (а.с.) дан қабул қилиб олингани, тариқатда у кишининг «равишлари  ҳужжат» [5:29] …