Home / МАҚОЛАЛАР / ИМОМ БУХОРИЙНИНГ РИҲЛАТИ

ИМОМ БУХОРИЙНИНГ РИҲЛАТИ

Муҳаддислар илм йўлидаги сафарларга “риҳлат” атамасини ишлатган. Тарихан ҳадис талабидаги сафарлар саҳоба ва тобеинлар давридаёқ бошланган. Улардан айримлари битта ҳадис учун бир ойлик йўлни босиб ўтгани ҳақида ривоятлар ҳам бор. Хусусан, “Саҳиҳул Бухорий”да қуйидаги хабарни ўқиш мумкин: “Жобир ибн Абдуллоҳ биргина ҳадис(ни тинглаш) учун Абдуллоҳ ибн Унайс ҳузурига бир ойлик масофани босиб ўтиб борди”[1].

Аллоҳ таоло Қуръони каримда илм талабида фақиҳ (етук) бўлиш учун сафарларга чиқиш, кейин ўрганганлари асосида ўз жамоасини тарбиялаш, қавмига таълим бериш ҳақида бундай марҳамат қилади:

“Ҳар бир жамоадан бир тоифа бўлсайди. Улар динни чуқур англаб, қайтиб келган вақтларида қавмларини огоҳлантирардилар”[2].

Имом Бухорий даврига келиб, риҳлатлар жуда фаол тус олди. Чунки, ислом дини кенг тарқалиши натижасида муҳаддислар узоқ-узоқ манзилларга тарқалиб кетган эди. Аллома улар ҳузурига бориб, ҳадис тинглаб, ёзиб оларди.

Ўша пайтлари шошиб кетаётган одамни кўрганлар “бу ҳойнаҳой ҳадис толиби бўлса керак” деган ўйга борган. Теварак-атрофидагиларни бундай хаёлга солганларнинг энг улуғи, ҳадис тўплаш учун энг кўп йўл босган аллома, шубҳасиз, Имом Бухорийдир (унинг бир марталик босиб ўтган йўли 13900 километрдан ошгани ҳисоблаб чиқилган).

Бўлажак аллома аввалига ўз замонасида мутадовил, яъни қўлма-қўл бўлиб ўқитилган барча китобларни ўрганиб чиқади ва бухоролик шайхларнинг асарларини тўлиқ ёдлайди. 16 ёшга етганида унинг учун Бухорода таълим оладиган манба қолмайди ва Имом Бухорий ҳам ҳаж ниятида, ҳам илм талаби билан Ҳижоз сафарига чиқади. Бу ҳақда унинг ўзи бундай ёзган: “Ўн олтига кирганимда Ибн Муборак ва Вакиънинг китобларини ёдладим ва Рай аҳлининг сўзларини англадим. Шундан кейин онам ва акам билан ҳаж сафарига чиқдик”[3].

Ибн Ҳажар бу воқеа ҳижратнинг 210 йилига тўғри келишини айтади[4].

Имом Бухорий Маккада Абул Валид Аҳмад ибн Муҳаммад Азрақий, Имом Ҳумайдий, Ҳассон ибн Ҳассон Басрий, Халлод ибн Яҳё ва Абу Абдураҳмон Муқрийдан ҳадис тинглайди. 18 ёшга етганида Мадинага сафар қилиб, Абдулазиз Увайсий, Айюб ибн Сулаймон ибн Билол, Исмоил ибн Абу Увайс ва бошқа муҳаддислардан ҳадис ёзиб олади. Айни шу ёшда “Қазоёс саҳоба ват тобеъийн” (“Саҳоба ва тобеинларга оид масалалар”) асарини ёзади, “Ат-Тарихул кабир” (“Катта тарих”)нинг қораламасини битади. “Ўн саккизга кирганимда “Қазоёс саҳоба ват тобеийн” китобини тасниф этдим. Кейин “Ат-Тарихул кабир”ни ёздим. Бу Мадинаи мунавварада, Набий алайҳиссаломнинг қабрлари ёнида, ойдин кечаларда бўлди”[5].

Аллома ўзининг шоҳ асари бўлмиш “Ал-Жомеъус саҳиҳ” (“Ишончли тўплам”)нинг бўлим ва сарлавҳаларини ҳам Макка ва Мадинада яшаган чоғлари шакллантиришни бошлаган.

Имом Бухорий кейинчалик яна кўплаб машаққатли, лекин сермаҳсул сафарларда бўлади. Ўша кезлари мусулмон мамлакат ҳисобланган ўлка борки, барчасига боради, баъзиларига қайта-қайта қадам ранжида қилади. Масалан, Ҳижозда олти йил турганидан кейин Басрага олти марта сафар қилган. Куфа ва Бағдод сафарлари ҳақида ўзи бундай деган: “Муҳаддислар билан Куфа ва Бағдодга неча марта кирганимни ҳисоблай олмайман”[6].

Устозларига келсак, уларнинг номлари ва яшаган шаҳарларини санаб чиқишнинг ўзи бир китоб ёзишнинг мисолича бўлади – Имом Бухорий жами бир минг саксон шайхдан ҳадис тинглаган. Аслини олганда, оддий инсоннинг мураббийлари тугул, бутун умри давомида таниган-билганлари бунча чиқмайди. Бу ерда эса шайхларнинг ўзи шунча кўпчиликни ташкил қиляпти. “Ат-Тарихус сағир” (“Кичик тарих”) асаридан биламизки, Имом Бухорий саҳоба, тобеин ва табаъ-тобеинларнинг 80 мингдан зиёдини билган. Билганда ҳам фақат номини эмас, туғилган ва вафот этган саналаридан, яшаган ва дафн этилган жойларидан, ҳар бирига тааллуқли ривоятлардан воқиф бўлган.

Хатиб Бағдодий “Тарихи Бағдод” китобида ёзганки, “Имом Бухорий барча юртлардаги муҳаддислар ҳузурига сафар қилди. Хуросон, Жиболда, Ироқ шаҳарларининг барчасида, Ҳижозда, Шомда, Мисрда ва Бағдодда бир неча марта бўлди”. Ибн Ҳажар “Ҳадюс сорий”да бундай деган: “У Маккадан қайтганидан кейин турли диёрлардаги ҳадис машойихлари ҳузурига, сафар қилиш мавжуд ерларнинг ҳаммасига борди. Балхда, Нийсабурда, Райда, Бағдодда, Куфада, Мадинада, Воситда, Дамашқда, Асқалонда, Ҳимсда ва бошқа ерларда бўлди”.

Имом Бухорий ўз ҳаёти ва фаолияти давомида оч ҳам қолар эди. Вақтлар бўлганки, барг ва ўт-ўлан еб кун ўтказишига тўғри келган. Гоҳи кийим сотишгача борган. Умрининг кўп қисмини гўшт тотмай ўтказган. Ҳатто бир марта хасталаниб қолганида, табиб унда гўшт емаслик аломатлари борлигини, бундай касаллик роҳибларда учрашини айтади ва муолажа сифатида гўштли таом буюради, лекин аллома шундан кейин ҳам гўштга қўл теккизмайди[7].

Бу бежиз эмас эди. Яҳё ибн Абу Касир отасининг тилидан айтганидек, “Олтин ва кумушни мерос қилиб қолдиришдан илмни мерос қилиб қолдириш афзалроқ. Солиҳ нафс марваридлардан яхшироқдир. Жисм роҳати билан илмга эришиб бўлмайди”[8]. Шу боис ҳам Имом Бухорий улуғ мартабага эришган, шу сабабли ҳам барча уламолар у ҳақда алоҳида меҳр билан, юраги бошқача жўш уриб гапирган. Хусусан, Аҳмад ибн Ҳанбал “Хуросонда Муҳаммад ибн Исмоил сингариси чиққан эмас”, деган. Имом Муслим эса, алломанинг ўзига “Дунёда сизнинг ўхшашингиз йўқлигига гувоҳлик бераман”, деб айтган.

Аллоҳ таоло келажакда узоқ ўлкалардан бундай алломалар етишиб чиқиши ҳақида хабар бериб, Қуръони каримда бундай марҳамат қилади:

“Ва ҳозирча уларга қўшилмаган бошқаларга ҳам. У қудратлидир, ҳикматлидир”[9].

Саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бу оят ҳақида сўраганда, у зот Салмон Форсий(нинг елкаси)га қўл қўйиб, “Агар имон Сурайё (юлдузи)да бўлганида ҳам манавилардан бўлган кишилар унга етар эди”, деганлар[10].

Имом Бухорий илм йўлида сон-саноқсиз машаққатлар, жумладан, оғир ва мураккаб, баъзан таҳликали сафарлар натижасида етишган мартабаси билан ана шу сўзларнинг гўзал тасдиғига айланган.

[1] Саҳиҳул Бухорий. 1-жилд. – Б.17.
[2] Тавба сураси, 122-оят.
[4] Ҳадюс сорий. – Б. 478.
[5] Сияру аъломин нубало. 12-жилд. – Б. 395.
[6] Ҳадюс сорий. – Б. 478.
[7] Инъомул Борий. 1-жилд. – Б.481.
[9] Жума сураси, 3-оят.
[10] Саҳиҳи Муслим. 2-жилд. – Б. 223.
Мадина МАШРАБХОН,
мустақил тадқиқотчи

Check Also

ЎЗБЕКИСТОН ФАЛСАФА ТАРИХИ РИВОЖИДА НАЖМИДДИН КОМИЛОВ ТАСАВВУФШУНОСЛИК МАКТАБИНИНГ ЎРНИ ВА ИЗДОШЛИК АНЪАНАЛАРИ

Инсоннинг ақлий кашфиёти, интеллектуал салоҳияти юқори даражага етган глобал даврни рақамлашган дунё бошқармоқда. Аммо башарият …