Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Марказда яна бир стипендиат тадқиқот бошлади

Марказда яна бир стипендиат тадқиқот бошлади

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига Имом Бухорий номидаги халқаро стипендия дастурининг навбатдаги совриндори – Россия Федерациясидаги Санкт-Петербург давлат университети шарқшунослик факультети Узоқ Шарқ мамлакатлари тарихи кафедраси доценти Ирина Каткова изланишлар ва илмий амалиёт ўташ учун келди.

Стипендиатни директор Ш.Зиёдов қабул қилиб, Марказдаги илмий тадқиқотларида муваффақият тилади. Ирина хоним самимий қабул учун миннатдорлик изҳор этди ва илмий сафар унинг изланишларида юқори натижалар келтиришига ишонч билдирди. Мулоқот сўнгида россиялик олима Марказ кутубхонасига ўз муаллифлигида чоп этилган адабиётларни совға қилди.

Ирина Каткова қарийб 20 йилдан буён мазкур кафедрада фаолият кўрсатади. Ундан аввал бир неча йил давомида Россия Фанлар академиясининг Шарқ қўлёзмалари институтида катта илмий ходим вазифасида ишлаган. Ислом кодикологияси мутахассиси сифатида сўфийлик ва малай қўлёзмаларига оид бир неча рисола чоп эттирган. Марказдаги амалиёти давомида Нақшбандия тариқатига доир қўлёзмалар ҳақидаги монографияси учун маълумот тўплашни мақсад қилган. Шунингдек, факультетда ўзи ташкил этган ислом архитектура санъати курси тингловчилари учун Самарқанд ва Бухородаги тарихий обидаларнинг меъморий ечимлари борасида ҳам мавзулар кесимида маърузалар тайёрлашни режалаштирмоқда.

Тадқиқотчи Музей ва кутубхона фаолияти билан яқиндан танишди. Унинг Марказдаги илмий амалиёти бир ой давом этади.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Янги лойиҳа бошланди

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ этиш маркази (IRCICA) …