Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / МАРКАЗ ХАЛҚАРО ҲАМКОРЛАРИ СОНИ ОРТМОҚДА

МАРКАЗ ХАЛҚАРО ҲАМКОРЛАРИ СОНИ ОРТМОҚДА

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази билан Қозоғистон Республикаси Фанлар академияси Р.Сулейманов номидаги Шарқшунослик институти ўртасида ўзаро ҳамкорликка оид Англашув меморандуми имзоланди.

Мазкур институт Марказий Осиё давлатларининг шарқшунослик соҳасидаги етакчи илмий марказларидан ҳисобланади. Қозоғистон Республикаси ҳукуматининг тегишли қарори асосида 1996 йилда ташкил этилган бу илм даргоҳининг асосий мақсад ва вазифаси шарқшунослик соҳасида устувор фундаментал ва амалий илмий тадқиқотлар олиб боришдан иборат.

Очиқлик ва ўзаро ҳурмат руҳида ўтган музокаралар натижасида имзоланган Меморандум икки илмий муассаса ўртасида илмий маълумотлар, адабиётлар ва тадқиқот ҳужжатлари алмашиш, қўшма нашрлар чоп этиш, биргаликда уюштириладиган тадқиқотлар ва илмий анжуманларда ўқитувчилар, талабалар ва ходимлар иштирокини таъминлаш, илмий салоҳиятни ошириш учун ўқув курслари ташкил этиш каби йўналишларда ҳамкорликни йўлга қўйиш учун ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

Ҳужжатда биргаликда янги академик курсларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш, қўшдипломли таълимга оид дастурлар яратиш, магистратура ва докторантура стипендиатларини амалий қўллаб-қувватлаш ҳам назарда тутилган.

 

Мазкур институт жорий йилда Марказ билан илмий алоқаларни расмийлаштирган иккинчи илмий муассасадир. Шу билан Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг хорижий ҳамкорлари сони 36 тага етди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Марказ олими – йирик анжуманда

Бугун, 24 апрел куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида “Ислом дини асл манбаларини талқин …