Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Манбаларни ўрганишда ҳамжиҳатлик зарур

Манбаларни ўрганишда ҳамжиҳатлик зарур

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Қозоғистон Фанлар академияси Р.Сулейманов номидаги Шарқшунослик институти билан ҳамкорликда “Марказий Осиё тарихи ва маданиятини ўрганишга оид Ўрта аср ўзбек ва қозоқ манбалари” мавзусида халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди.

Унда Марказ ходимлари, юртимиз олимлари, Самарқанд вилояти илмий жамоатчилиги вакиллари, Қозоғистон, Россия ва Туркиядан тадқиқотчилар иштирок этди.

Тадбир очилишида Марказ директори, тарих фанлари доктори Шовосил Зиёдов ёзма ёдгорликлар Мовароуннаҳрда яшаб ўтган алломалар ҳаёти ва фаолияти, бу минтақа халқлари тарихи ва маданиятини тадқиқ этишда асосий манба эканини таъкидлади. Бунинг юксак аҳамиятини инобатга олган ҳолда Марказий Осиё давлатларида олиб борилаётган илмий изланишларни мувофиқлаштириш бугун ҳар қачонгидан ҳам долзарб эканини қайд этди.

Б.Сулейманов номидаги Шарқшунослик институти Бош директори проф. др. Дукен Масимханули Ўрта Осиё мамлакатларининг, хусусан, Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг илмий интеграциялашув босқичлари, тарихий илдизлари, халқларимизнинг ўзаги бир қадриятлари хусусида тўхталиб, илмий алоқаларни янада мустаҳкамлашни бугунги куннинг муҳим вазифаси сифатида эътироф этди.

Тадбир маърузачилари Марказий Осиё тарихи ва маданиятини ўрганишда минтақа халқларининг этногенезини ёритувчи қўлёзма китоблар, тарихий ҳужжат ва манбалар, уларни тадқиқ этишнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболдаги вазифалар юзасидан атрофлича маълумот берди.

Давра суҳбати иштирокчилари тарихдан сўзловчи нодир манбаларни асл ҳолида сақлаш, лозим бўлса, таъмирлаш ва келгуси авлодларга бус-бутун етказиш баробарида, уларнинг электрон нусхаларидан фойдаланиш бўйича қўлёзма фондларнинг халқаро миқёсдаги яхлит тизимини яратиб, мақсадли алмашувларни йўлга қўйиш заруратини қайд этди.

Тадбир қизғин муҳокама ва савол жавобларга бой бўлди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

«ЎРТА ОСИЁ ҚЎЛЁЗМАЛАРИ КОДИКОЛОГИЯСИ ЭЛEМEНТЛАРИ»

1-2 май, 2024 йил соат 10:00 да Ўтказиш жойи: Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро …