Home / АЛЛОМАЛАР / АЛИ ҚУШЧИ – ИККИНЧИ РЕНЕССАНС ЮТУҚЛАРИНИ ЕВРОПАГА УЗАТГАН МУТАФАККИР

АЛИ ҚУШЧИ – ИККИНЧИ РЕНЕССАНС ЮТУҚЛАРИНИ ЕВРОПАГА УЗАТГАН МУТАФАККИР

Мавлоно Алоуддин Али ибн Муҳаммад Али-Қушчи Самарқандий (1403-1474) нафақат Улуғбек академиясининг кенжа вакили, Мирзо Улуғбек (1394-1449)нинг севимли шогирди, балки мазкур илм даргоҳи ютуқларини Европа ва бутун жаҳонга ёйган мутафаккирдир.

Али Қушчи – иккинчи Шарқ ренессансининг етук математик ва астроном олими, ўз даврининг Батлимуси (Шарқ Птоломейи)[1] деган юксак унвонга сазовор бўлган йирик файласуф аллома.

Алоуддин Мирзо Улуғбек саройида овчи қушларга масъул амалдор – Муҳаммад исмли кишининг фарзанди бўлган. Отасини “Қушчи” аташгани боис уни “Али-Қушчи” дейишган.

Ота-онаси вафот этгач, Алоуддин Мирзо Улуғбек хонадонида тарбияланади. Шу сабабли Улуғбек уни “Зижи жадиди Кўрагоний”[2] асарининг сўзбошида “фарзанди аржуманд” деб тилга олган.

Ёш Алоуддин Улуғбек академияси олимларининг хизматини қилиб юриб, ўзи ҳам илм олишга ҳаракат қилади. 1414 йили Эроннинг Кермон шаҳрига бориб, у ердаги мадрасада уч йил таҳсил олади ва 1017 йили Самарқандга қайтиб келиб, Улуғбекка ўзи ёзган илк мақолани тақдим қилади. Устози “Ойсимон шаклларни ўлчашга оид” номли бу асарни юқори баҳолайди. Алоуддин энди Мирзо Улуғбекдан ташқари, Қозизода Румий, Ғиёсиддин Жамшид сингари алломалардан ҳам сабоқ олади. 1415-1420 йиллари асос солинган Мирзо Улуғбек мадрасасида эса мантиқчи файласуф Тафтазоний (1322-1392), Мавлоно Аҳмад каби олимларнинг шогирдларидан илм ўрганади. Зеҳни кучли бўлгани ҳамма нарсани тез ва мустаҳкам ўзлаштириб боради. Математика ва астрономия асосларини пухта эгаллаб, ҳисоб-китоб юритишда академия олимларига кўмаклашади. Вақт ўтиши билан академиянинг комил ҳуқуқли аъзосига айланади. У тригонометрия, сферик астрономия ва касрлар назариясига оид кашфиётлар қилади.

Али Қушчи Улуғбек мадрасасини ривожлантириш, Улуғбек расадхонасини (1424) қуриш ва фаолиятини йўлга қўйиш, “Зижи жадиди Кўрагоний” жадвалини тузиш жараёнида фаол қатнашади[3]. Маълумки, бу жадвалда самарқандлик астрономлар 38 юлдуз туркумига мансуб бўлган 1018 юлдузнинг аниқ координаталарини белгилаб берган. Унда ёзилганидек, каталог “ҳижрий 841 йил муҳаррам ойининг 1 куни (1437 йилнинг 5 июль) якунига етказилган”[4].

1429 йили расадхона мудири Ғиёсиддин Жамшид Коший (1380-1429) вафот этади. Унинг фаолиятини давом эттириб турган Қозизода Румий (1364-1437) 1437 йили оламдан ўтади. Шундан кейин мудирлик Али Қушчига топширилади.

Али Қушчининг тил билиш салоҳияти ва муомила(муомала) маданиятини яхши билган Мирзо Улуғбек уни 1438 йили Хитойга элчи қилиб юборади. Элчиликда у Хитойнинг табиати, иқлими, аҳолисининг урф-одат ва анъаналари ҳақида форс тилида “Хитойнома”[5] асарини ёзади.

1949 йили Мирзо Улуғбек қатл этилгач, тож-тахт учун курашлар, турли иғво ва фитналар авж олади. Абдулатиф (14201450) ҳам 1450 йил 8 майда ўлдирилади ва тахтга Иброҳим султоннинг ўғли Абдуллоҳ (1433-1451) ўтиради. Ундан кейин 1451 йили ҳокимиятни Мироншоҳнинг ўғли Абу Саид (14241469) қўлга киритади. У Али Қушчига яхши муносабатда бўлиб, ҳомийлик қилади. Али Қушчи Носируддин Тусийнинг “Тажрид” шарҳ ёзиб, Султон Абу Саидга тақдим қилди[6]. Аммо ҳукмдорнинг вафотидан (1469) кейин мамлакатда яна тож-тахт учун кураш бошланади. Мутаассиб уламолар илм-фанга қарши хурофотни кучайтиради. Айримлар академияни шайтон йўлига кирган деб айблашга, расадхонани бузиб ташлашга даъват қила бошлайди. Шу сабабли Али Қушчи академия фаолиятини тўхтатиб, Темурийлар кутубхонасини, Улуғбекнинг асарларини сақлаб қолишга интилади. 1971 йили бир қанча қариндошлари билан Самарқанддан чиқиб кетишга мажбур бўлади. Ўзи билан расадхонада ишланган қўлёзмалар, юлдузли осмон харитаси ва нодир қўлёзмаларини олиб кетади.

Али Қушчи аввал Табриз, сўнг Ҳиротга боради. Айрим манбаларда унга Хожа Аҳрор Вали ёрдамлашгани айтилади, лекин бу маълумот тасдиқланмаган.

Табризда Али Қушчининг қариндошлари яшар эди. (Эҳтимол, улар Мирзо Улуғбек вафотидан кейин Табризга кўчиб кетгандир). Ҳиротга борганида эса, унга Алишер Навоий ёрдам қўлини чўзади, ҳажга бориши учун Ҳусайн Бойқародан ижозат-рухсатнома олиб беради.

Табризда Али Қушчи ҳукмдор Оқ Қуюнли Узун Ҳасаннинг(1453-1479) хизматига киради. Узун Ҳасан Табриз билан Истанбул ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида уни Туркияга, Усмонийлар салтанатининг еттинчи ҳукмдори Султон Муҳаммад II саройига юборади. Али Қушчи Истанбулда иззат-икром билан кутиб олинади. Чунки, унинг шуҳрати Кичик Осиёга ўзидан олдин етиб борган эди. Ҳатто Самарқандда ёзган айрим асарлари турк тилига таржима ҳам қилинган, туркиялик олимлар Али Қушчининг “Астрономия асослари” китобининг арабча ва форсча нусҳаларини ўқиб ўрганар эди.

Манбаларда қайд этилишича, Султон Муҳаммад II Султон Мурод ўғли (1432-1481)нинг ўзи ҳам адолатпарвар, илмпарвар киши бўлган. Саройга йирик олим ва уламоларни йиғиб, уларни нафақа билан таъминлаган. У Ҳорун Ар-Рашид сингари вақти-вақти билан хуфя равишда оддий халқ дардини эшитиш учун одам орасига чиқар экан. У Али Қушчини улуғ олим сифатида қабул қилиб, Истанбулда доимий қолишини сўрайди. Олим ўз рисолаларида бундай ёзади: “Султон мени қабул қилганида камина билан сўзлашиш нияти борлиги яққол кўриниб турарди. У ўзига атаб илми риёзиётдан китоб ёзишимни сўради. Шунда Султонда табиий фанларга қизиқиш борлигини сездим ва қисқа вақтда илми риёзиётдан кичик китоб ёздим”[7].

Али Қушчи Султоннинг таклифни қабул қилади ва қариндошларини олиб келиш учун яна Табризга қайтади. Унинг 200тача қариндоши Истанбулга кўчиб боради. 1472 йили Али Қушчи Аё София мадрасаси бош мударриси, Аё София масжиди бошқарувчиси этиб тайинланади, унга 200 олтин танга миқдорида маош белгиланади.

Бахтиёр ТУРАЕВ,
фалсафа фанлари доктори (DSc), профессор,
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори бош маслаҳатчиси
[1] Лафасов У. Али Қушчи. https://www.academia.edu/41879171/%D0%9B%D0%B0%D1%84%D0%B0%D1%81%D0%BE%D0%B2_%D0%90%D0%BB%D0%B8_%D2%9A%D1%83%D1%88%D1%87%D0%B8_%D1%9E%D0%B7%D0%B1%D0%B5%D0%BA%D1%87%D0%B0
[2] Улугбек Мухаммад Тарагай. Зиджи джадиди Гурагони. Новые Гурагановы астрономические таблицы / (Вступ. статья, перевод, комментарии и указатели Ахмедова А.А.)- Ташкент: Фан, 1994. 456 с
[3] Қаранг: Али Қушчи. Астрономияга оид рисола (И.М.Мўминов таҳрири остида). Т.: Фан, 1968. (И.Мўминов ёзган сўзбоши). Б.5.
[4] Қаранг: Улугбек Мухаммад Тарагай. Зиджи джадиди Гурагони. Новые Гурагановы астрономические таблицы / (Вступ. статья, перевод, комментарии и указатели Ахмедова А.А.)- Ташкент: Фан, 1994. 456 с.
[5]  «Хитойнома». Бу рисолани Али Қушчи 1438 йили Улуғбек томонидан Хитойга элчиликка юборилганидан қайтганидан сўнг форс тилида ёзган. У ўзининг шахсий кузатишларига кўра Хитойнинг иқлими, табиати, хитойликларнинг урф-одатларини баён этган. Ундан ташқари бу асарда математика, география билан бирга олам харитаси ҳам келтирилган. (Аҳмедов А. Али Қушчи. https://www.e-tarix.uz/shaxslar/506-cola.html)
[6] Қодиров Б. Али Қушчи// http://oyina.uz/kiril/generation/139
[7] «Рисола ал-Мухаммадийа фи-л-ҳисоб» («Ҳисоб ҳақида»). Асар арабий имлода ёзилган ҳисобга доир энг нодир асарлардан бўлиб, турк султони Муҳаммад II га бағишланган. Унда ўнлик ва олтмишлик ҳисоблаш тизимларидан арифметика, алгебра, геометрия ва тригонометрия масалалари кўрилади. Асарни муаллифнинг ўзи 1472 йили форсийга ўгирган. Рисоланинг муҳим тарафларидан бири шундаки, унда биринчи марта «мусбат» ва «манфий» иборалари ҳозирги биз қўллаётган маънода ишлатилади. Рисоланинг икки қўлёзмаси Истанбулда Айо Сўфия кутубхонасида ва Лейден университети кутубхонасида сакланади. (Аҳмедов А. Али Қушчи. https://www.e-tarix.uz/shaxslar/506-cola.html). Бу китобни Али Қушчининг ўзи форс тилига таржима қилиб Султон Муҳаммад IIга тақдим қилган.

Check Also

АРБИНЖОН ВА УНГА ЁНДОШ ҚИШЛОҚЛАРДАН ЧИҚҚАН РОВИЙЛАР

Арбинжон шаҳри тарихда “Арбинжон”, “Арбинжони”, “Арбинж”, “Рабинжон” ва “Арабнажн” номлари билан аталган[1]. Аксар араб манбаларида …