Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / ҲАЁТНИ ТУБДАН ЎЗГАРТИРАДИГАН ҚУДРАТ

ҲАЁТНИ ТУБДАН ЎЗГАРТИРАДИГАН ҚУДРАТ

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Туркиянинг 19 май университети ҳамкорлигида “Ислом маданиятининг асоси – ҳадис илми ва замонавий ҳадисшунослик тадқиқотлари” мавзусида халқаро онлайн семинар ўтказилди.

Маҳаллий ва хорижий тадқиқотчилар, диний уламолар ва халқаро илмий-тадқиқот марказлари илмий ходимлари иштирок этган анжуманда 19 май университети ректори, Проф. Др. Явуз Унал мавзу юзасидан маъруза қилди.

Олим ҳадис илмининг ислом маданиятидаги ўрни ҳақидаги сўзни Пайғамбаримиз Муҳаммад (С.А.В.)га илк ваҳий келган ҳолат ва нозил бўлган илоҳий калималар маъноларини изоҳлашдан бошлади. Таъкидланганидек, Набий (С.А.В.)нинг ваҳийларни одамларга тушунарли қилиб етказишлари жараёнида пайдо бўлган ҳадислар ижтимоий маданиятга ижобий таъсир ўтказа бошлаган. Профессор Уналнинг фикрича, ҳужайраси оила бўлмиш ҳар бир жамиятнинг ўзига хос маданий тузилмаси ва эҳтиёжлари таркиби ҳадисларда баён этилган ибодат шартлари ва эътиқодий талаблар воситасида янги кишилик жамиятини шакллантириб борган.

– Маданият одамларни ўзгартиради ва жамиятга мослаштиради. “Ислом маданияти” эса кенг тушунча. У мусулмон жамиятларининг барчасини қамраб олади. Айрим қоидалар асосида маданий жиҳатдан фарқланувчи бу жамиятларнинг умумий хусусияти – бу оятлар ва ҳадислар, – деди олим.

Явуз Унал ҳадиснинг ислом манбаи сифатида одамлар дунёқараши ва хулқ-атворини яхши томонга ўзгартириб юборадиган даражадаги қудратини алоҳида таъкидлаб, ҳаётини оят ва ҳадислар асосида қурган киши уларни шунчаки ёдлаб олган мусулмондан анча афзал бўлишини қайд қилди.

Маърузачи бугун мамлакатимиз халқаро илмий-тадқиқот марказларида ҳадисшунослик бўйича замонавий изланишлар олиб борилаётганидан мамнуният изҳор этиб, исломни асл ҳолида англаш ва софлигини сақлаш йўлидаги саъй-ҳаракатларда ушбу муассасаларга зафарлар тилади.

Семинар қизғин савол-жавоб ва муҳокамалар билан давом этди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

«ЗАРАФШОН ВОҲАСИДА ТАСАВВУФ ТАЪЛИМОТИ ТАРИХИ: НАҚШБАНДИЯ, ЯССАВИЯ, КУБРОВИЯ (XV-XIX АСРЛАР)»

ДИҚҚАТ, ЭЪЛОН! ✅  Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Германиянинг Гамбург университети ҳузуридаги Осиё-Африка тадқиқотлари …