Home / МАҚОЛАЛАР / ЯХШИЛИК ЙЎЛИ

ЯХШИЛИК ЙЎЛИ

Ислом дини дунё ва охиратда инсонларга фойдаси етадиган ҳар бир яхшиликка чорлайди. Мўмин-мусулмонларга яхшилик йўлларини ва Аллоҳнинг азобидан холос этадиган солиҳ амалларнинг асосини ойдинлаштиради. Буларнинг энг олийси мустаҳкам имон бўлса, энг қуйиси йўлдан озор берувчи нарсаларни олиб ташлашдир. Аллоҳ таоло ҳатто тўғри йўл кўрсатиш, насиҳат қилиш, ширин гапириш, очиқ юзли бўлиш каби яхшилик эшикларини очадиган ва ёмонлик эшикларини ёпадиган мисқол оғирлигидаги хайр ишни ҳам зое қилмайди.

Яхшиликнинг мезони Қуръони каримда очиқ баён қилинган. Бунга: “Қандай яхшилик қилсангиз, шубҳасиз, Аллоҳ уни билгувчидир”[1], “Қандай яхши амал қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни билади”[2], “Бас, кимки (дунёда) зарра миқдорида яхшилик қилган бўлса, (қиёмат куни) уни кўрар”[3], “Кимки яхшилик қилса, бас, ўзи учундир”[4] каби оятлар мисол бўлади.

Бу оятлар мўмин киши учун озми-кўпми, ўзи учунми ё бошқалар учунми, фарқи йўқ, ҳар куни риоя қиладиган дастуруламалдир. Солиҳ амал инсонни бу дунёда ҳам охиратда ҳам улуғ даражага кўтаради. Яхшилик аҳамиятига қараб даражаланади. Бунга аниқлик киритувчи ҳадислар бисёрдир. Хусусан, Абу Зарр Жундуб ибн Жунода розияллоҳу анҳу айтади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Қайси амал афзал?” деб сўрадим. “Аллоҳга иймон келтириш ва Унинг йўлида душманга қарши курашиш”, дедилар. “Қандоқ қулни озод қилиш афзал?” дедим. “Баҳоси энг қиммати ва аҳли ҳузурида энг қадрлисини”, дедилар. “Агар қила олмасам-чи?”, дедим. “Ҳунар эгасига ёрдам берасан ёки ҳунарсизга иш ўргатасан”, дедилар. “Буни ҳам қила олмасам-чи?” дедим. “Одамларга ёмонлик қилишни тарк этасан, шунинг ўзи ҳам ўзингга қиладиган садақангдир”, дедилар” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган).

Демак, инсон яхшиликка қодир бўлмаса, жилла қурса бошқаларга азият беришдан тийилиши керак экан. Унинг савоби садақа ва эҳсондан кам бўлмас экан.

Ислом дини инсон аъзоларининг ҳар бири учун садақа қилиш, савоб умидида хайрли иш қилишни ҳар куни таклиф этади. Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Сизлардаги ҳар бир бўғимингиз учун ҳар куни тонг отганда садақа бордир. Ҳар бир тасбеҳингиз (яъни, “Субҳаналлоҳ”, дейишингиз) – садақа. Ҳар бир ҳамдингиз (яъни, “Алҳамдулиллаҳ”, дейишингиз) – садақа. Ҳар бир таҳлилингиз (яъни, “Ла илаҳа иллаллоҳ”, дейишингиз) – садақа. Ҳар бир такбирингиз (яъни, “Аллоҳу акбар”, дейишингиз) – садақа. Яхшиликка буюришингиз ва ёмонликдан қайтаришингиз ҳам садақадир. Зуҳо (чошгоҳ) пайтида ўқиган икки ракат намозингиз буларнинг барчасига кифоя қилади (ўрнини босади)  (Имом Муслим ривоят қилган).

Демак, шариат ҳар бир яхши амални маҳбуб санайди. Аллоҳ таоло бандаларини нимадан қайтарган бўлса, шариат уни қабиҳ санайди, уни қилишни ман этади. Бироқ Аллоҳ йўлида садақа ва инфоқу эҳсон қилиш бошқаларга фойдали бўлгани учун мазкур ҳадисдаги амалларнинг барчасидан афзалдир.

Имом Муслим Абу Зарр розияллоҳу анҳудан бошқа йўл билан бундай ривоят қилган: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Менга умматимнинг яхши ва ёмон амаллари кўрсатилди. Йўлдан азият берувчи нарсалар олиб ташланишини яхши амаллар сирасидан топдим. Масжидга балғамини ташлаб, кўмиб қўйилмаганини ёмон амаллар сирасидан топдим”, дедилар”.

Бу ҳадисда яхши амал билан қабиҳ амал таққосланаяпти. Ўша гўзал амал атроф муҳитни тоза тутиш ва йўлдан азиятни олиб ташлаш бўлса, хунук амал эса ибодат ва одамлар дам оладиган ўринларга ифлос нарсаларни ташлашдан иборатдир.

Отабек БАХРИЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
[1] Бақара сураси, 215-оят.
[2] Бақара сураси, 197-оят.
[3] Залзала сураси, 7-оят.
[4] Жосия сураси, 15-оят.

Check Also

ЎЗБEК ДАВЛАТЧИЛИГИ ТАРИХИНИ ЎРГАНИШДА «НИЗОМ АТ-ТАВОРИХ»НИНГ АҲАМИЯТИ

Ўзбек давлатчилигини бошқарган сомонийлар, салжуқийлар, ануштегинийлар ҳамда мўғулларга қарамлик даври (1220–1370) тарихига оид манбалардан бири …