Home / МАҚОЛАЛАР / Ислом террорни қоралайди ва эзгуликни қўллаб-қувватлайди

Ислом террорни қоралайди ва эзгуликни қўллаб-қувватлайди

Барчамизга маълумки, муқаддас ислом дини бутун башариятни доимо эзгу ишларни қилишга, инсонларни бир-бирлари билан чиройли муомалада бўлишга, гўзал одоб ахлоқ, инсонни маънавий комиллик сари етакловчи энг гўзал диндир. “Ислом” сўзининг луғавий маъноси ҳам тинчлик-осойишталик, инсон ўзини Аллоҳга бўйсундириб, таслим қилиш деган маъноларни ўзида мужассам қилган. Дин инсонларни ҳамжиҳатлик ва иноқликка чорлаб, фирқаларга бўлиниш, миллатчилик ва хунрезликларни қаттиқ қоралайди. Диндан сиёсий мақсадларда фойдаланишга умуман йўл қўйилмаган. Афсуски ҳозирги кунда жаҳонда юз бераётган глобаллашув жараёнида ислом динидан турли ғаразли мақсадларида фойдаланиб келаётган, унинг таълимотларини бузиб ўзлари билганича талқин қилиб Ислом динига доғ тушуриб келаётган, турли миллатлар тинчлигига раҳна солаётган экстремистик оқимларни мисол қилиб келтиришимиз мумкин.

Экстремистик кайфиятидаги оқимларнинг олиб бораётган ишлари аввало мусулмонларни кофирга чиқариш ва ислом дини арконларини инкор қилиш ҳамда одоб-ахлоққа, миллатлараро ва динлараро муносабатларни барқарорлашишига халақит беришдан иборат бўлди. Энг хатарлиси эса, улар ўз ғояларини амалга оширишда Қуръон оятлари ва ҳадисларнинг маъноларини ўз мақсадлари йўлида таъвил қилиб, бошқаларга ҳам шуни уқтиришмоқда.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Албатта, Аллоҳ адолатга, эҳсонга, қариндошларга яхшилик қилишга амр этадир ва фахш мункар ҳамда зулмкорликдан қайтарадир”[1], деб марҳамат қилади. Динимиз ҳар доим аҳилликка, тинчлик осойишталикни сақлашга даъват этади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир жонни ноҳақдан ёки ер юзида фасод қилмаса ҳам ўлдирса, худди ҳамма одамларни ўлдирган бўлади”, дедилар. Бу ҳадисдан ҳам англаш мумкинки, инсон бирон кишини ўлдирмаслиги, ҳатто озор бермаслиги лозимдир.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Уларга: “Ер юзида фасод (бузғунчилик) қилмангиз!” дейилса, улар: “Албатта биз чин ислоҳотчилармиз”, дейдилар. Огоҳ бўлингки, айнан уларнинг ўзлари бузғунчилардир, лекин (буни ўзлари) сезмайдилар”[2].

“Жиҳод” сўзининг луғавий ва истилоҳий маъноларига эътибор қаратсак. “Жиҳод” луғатда “курашмоқ”, “ҳаракат қилмоқ”, “меҳнат қилмоқ”, “бор куч имкониятини сарфламоқ” каби маъноларни билдиради. Истилоҳий маъноси эса: “Аллоҳ таолонинг розилигини истаб, ҳақнинг қарор топиши ва унга риоя этиш учун бор куч ва имкониятини сарфлаш”[3] маъносидадир.

“Жиҳод”сўзи гўёки “террорист”, “экстремист”, “худкушлик” сўзлари билан маънодошдек ишлатиладиган бўлиб қолган. Аслида эса, уларнинг ўртасида осмон билан ерчалик фарқ бор. Аслида эса, Аллоҳ таолонинг розилиги мавжуд ишларда, бор имкониятни сарфлаш, ҳаракат қилиш “жиҳод” эканини англаш лозим.

Шундан келиб чиқадиган бўлсак, мусулмон одам жиҳод қилмоқчи бўлса, ўзининг бор куч-қуввати, ақл-заковати ва моддий имкониятларини Аллоҳнинг йўлида, унинг дини учун сарфлаши керак. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимка “жиҳод” сўзи луғатда уруш, одам ўлдириш маъносини англатмайди. Уруш маъносини англатиш учун араб тилида “қитол” сўзи ишлатилади[4].

Аслида эса, Аллоҳ таолонинг розилиги мавжуд ишларда, бор имкониятини сарфлаш “жиҳод” эканини англаш лозим. Ана шунда бу маънони жамият ҳаётидаги инсонлар ва жамиятга манфаати бўлган ҳар бир ишга нисбатан қўлласа бўлади. Мисол учун энг муҳим нарса “тинчлик ва фаровонлик” масаласини олайлик. Жамиятда ҳеч бир шахс тинчлик ва хотиржамлик бўлмаса, ҳаётда ўз мақсадларига эриша олмайди. У қайси соҳа вакили бўлишидан қатъий назар тинчлик ва фаровонликка эҳтиёжи бор, албатта.

Биз “жиҳод” ни “Аллоҳ таолонинг розилигини истаб, ҳақнинг қарор топиши ва унга риоя этиш учун бор куч ва имкониятни сарфлаш” дедик. Шундан келиб чиқиб, тинчлик қарор топиши ва бардавом бўлиши учун қўлимиздан келгунича тинчлигимизни сақлаш учун ҳаракат қилишимиз ва Аллоҳнинг розилиги учун холис амалга оширишимиз қандай ҳам яхши “жиҳод”[5] бўлади.

Али розияллоҳу анҳу: “Жиҳоднинг энг афзали-яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтаришдир” деганлар. Демак, инсон ўзга бир инсонни яхшиликка буюрса, уни турли ёмонликдан қайтарса, бу ҳам Аллоҳ таоло йўлидаги жиҳод бўлар экан. Демак, экстремистик оқимларнинг “жиҳод” деб одамларни турли қийновлар билан қатл қилиши, бу мутлақо на ислом динига на одамийликка зид бўлган амаллардан ҳисобланар экан.

Хулоса қилиб шуни таъкидлаш мумкинки, диний ақидапарастлик ва мутаассиблик кўринишдаги бундай оқимлар жамият хавфсизлигига, миллий маънавиятимизга, тинчлик осойишталикка таҳдид сифатида намоён бўлмоқда. Жамиятда ҳар бир инсон дунёда юз бераётган турли ҳодисаларга бефарқ бўлмаслик керак. Чунки бефарқлик сабаб, дунёнинг бир четида юз бераётган кўнгилсиз ҳодисалар вақти келиб бошқа тарафларга ҳам таъсир кўрсатиши мумкин.

 

Машраб Хидиров
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
 Фиқҳ шўъбаси раҳбари

[1] Қуръони карим. “Наҳл” сураси 90 оят.

[2] Қуръон карим. Бақара сураси 11-12 оят.

[3] Ҳақиқат ниқобидаги ёлғон. Олимхон Исахон ўғли. Самарқанд: Имом Бухорий халқаро маркази, 2017. –б 10-11

[4] Ҳақиқат ниқобидаги ёлғон. Олимхон Исахон ўғли. Самарқанд: Имом Бухорий халқаро маркази, 2017. –б 10-11.

[5] Ҳақиқат ниқобидаги ёлғон. Олимхон Исахон ўғли. Самарқанд: Имом Бухорий халқаро маркази, 2017. –б 10-11.

Check Also

МЕҲР КЎРСАТГАН МЕҲР КЎРАДИ

  Имом Бухорийнинг устозларидан бири Имом Муҳаммад ибн Салом Байкандийдан қуйидаги ҳадиси муборак ривоят қилинади: …