Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Марказда яна бир стипендиат амалиёт бошлади

Марказда яна бир стипендиат амалиёт бошлади

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига Имом Бухорий номидаги халқаро стипендия дастурининг навбатдаги ғолиби Др. Дерйа Идикурт илмий амалиёт ўташ учун келди.

Хорижлик тадқиқотчи Марказ директори, тарих фанлари доктори Шовосил Зиёдов билан мулоқотда бўлиб, илмий изланишларининг асосий йўналишлари, тадқиқотларининг моҳияти тўғрисида маълумот берди.

Идикурт хоним Туркияда Невшеҳир университетида магистрлик, Қирғизистон-Туркия Манас университетининг тарих факультетида фалсафа доктори илмий даражаларини олган. Кавказ ва Туркистон мусулмонларининг Усмонийлар давридаги ўзаро алоқалари, шунингдек, бу минтақалар аҳолисининг ҳаж зиёратига оид барча жиҳатларни ўрганиб, 2022 йили “Усмонийлар Туркияси-Россия муносабатларида туркистонликлар ҳаж амалининг ўрни” мавзусидаги маърузасини эълон қилган. Аввалроқ Хива, Қўқон, Бухоро ва Самарқанддан борган зиёратчилар учун Истанбул, Адана, Дамашқ ва Маккада ташкил этилган “Ўзбек ложаси” тўғрисида баёнот берганди.

Марказ ҳамда юртимиздаги бошқа илмий муассасалардаги фаолияти давомида Др. Идикурт Истанбулдаги “Ўзбек ложаси”да шайх даражасига эришган асли бухоролик Шайх Сулаймон Афанди илмий меросини тадқиқ қилади.

Др. Зиёдов айни пайтда мустақил тадқиқотчи сифатида фаолият юритаётган Дерйа Идикурт хонимга жамоа номидан бу ердаги илмий изланишларида муваффақият тилаб, амалий ҳамкорликка тайёрлик билдирди.

Туркиялик тадқиқотчининг илмий амалиёти икки ой давом этади.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Семинар мунозаралар майдонига айланди

Бугун, 2 май куни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Маданий мерос агентлиги ҳузуридаги Самарқанд давлат …