Home / МАҚОЛАЛАР / ТАРИХИЙ МАНБАЛАРДА БУЮК ТЕМУР СИЙМОСИНИНГ ЁРИТИЛИШИ

ТАРИХИЙ МАНБАЛАРДА БУЮК ТЕМУР СИЙМОСИНИНГ ЁРИТИЛИШИ

Уни жаҳон миқёсида улкан из қолдирган буюк давлат арбоби ва моҳир саркарда эканлигини тарихий манбалар тасдиқлайди. Муҳтарам Биринчи президентимиз Ислом Каримов ташаббуслари билан 1996 йилнинг Амир Темур йили деб эълон қилиниши ва шу йили буюк бобокалонимиз таваллудининг 660 йиллигининг мамлакатимизда ҳамда ЮНEСКО ташаббуси билан бутун дунё миқёсида кенг нишонланиши, жаҳон аҳлининг бу зотга, унинг улуғвор ишларига билдирган чексиз ҳурмати ва эъзозидир. Темур туркий барлос уруғининг бийларидан бўлмиш Муҳаммад Тарағай ва Бухоро шариат қонунлари шарҳловчисининг қизи Такина Моҳбегимларнинг фарзанди бўлиб, 1336 йилда Шаҳрисабзга яқин Хўжа Илғор қишлоғида таваллуд топган. Унинг тўлиқ исми Соҳибқирон Амир Темур ибн Амир Тарағай ибн Амир Бурқул (1).

Мазкур даврга оид илк манбалардан бири бу фиқҳшунос олим Ғиёсиддин Али ибн ал-Ислом Яздийнинг “Рўзномайи Ғазавоти Ҳиндистон” асари ҳисобланади. Ушбу “Кундалик” ўзида Амир Темурнинг Ҳиндистонга юриши масалаларини қамраб олган бўлиб, у ҳукмдорнинг шахсий топшириғи билан 1399-1403 йиллар оралиғида ёзилган. Бу асардаги махсус бобда Соҳибқироннинг ҳокимиятга келиши, унинг ҳарбий юришлари, хусусан Мўғулистон, Хоразм, Мозандрон, Озарбайжон ерларининг тобе бўлиши масалалари ҳам ёритилади. Амир Темур даврини ёритган яна бир тарихий манба Низомиддин Шомийнинг “Зафарнома” асари ҳисобланади. У сарой тарихчиси сифатида ном чиқарган эди. “Зафарнома” асари бизнинг давримизга қадар икки таҳрирда етиб келган. Ундаги воқеалар 1404 йилгача бўлган воқеаларни қамраб олади. Асар 1937 йилда Ф.Тауэр томонидан Европада илк бор чех тилида чоп этилган (2).

Амир Темурнинг ҳаёт фаолияти, жасорати нафақат ўзбек олимлари томонидан, балки европалик тарихчилар томонидан ҳам катта қизиқиш билан ўрганилди. Хусусан, XIX асрда яшаган франциялик Марсел Брионнинг “Амир Темур” номли китоби 1942 йилда эълон қилинган. У Соҳибқиронни тарихда ўчмас из қолдирган бошқа юртбошиларга таққослайди: “Европалик ёхуд Осиёлик муаррихларнинг солномаларини ўрганар эканмиз, кўз ўнгимизда Темурнинг бошқа фотиҳлар ва салтанатлар асосчиларидан анча мураккаб , зиддиятларга тўла қиёфаси намоён бўлади. У ўз юришларида айрим лаҳзаларида куч ишлатади, раҳм-шафқат ҳам кўрсатади. У Александр Македонский каби ўзи забт этган ўлкалар фани, маданияти санъатининг шайдоси бўлган. У ўзи юритган моҳир сиёсати туфайли уни Испания қироли Филипп II га ва Франция қироли Карл V га  таққослаш мумкин. У Пётр I ва Людовик XIV каби узоқни кўра биладиган давлат арбоби бўлган ва салтанати пойтахтини юксак дид ва нафосат билан бунёд этган(4).

Брионнинг фикрича “Темурнинг пойтахти ва саройларининг ҳашаматли безаклари ажнабий ҳукмдорлар ва элчиларни мафтун этган, Соҳибқирон уларни бой кийимбоши, ялтиуроқ қурол-яроғи, сермаъно ва нафис нутқи билан лол қолдиради. У оқсувар мўйнасидантикилиб, жавоҳирлар билан безатилган телпак кийиб юрар, салла ўрашни амал этмаганди” дея таъкидлаган(5). Ўз навбатида Темур олимлар, уламолар, шоирлар ва санъаткорларни ўз ҳимоясига олар, уларга ғамхўрлик қиларди. Юқорида келтирилган маълумотларга кўра, Марсел Брион Амир темурнинг сиёсий фаолияти билан бирга унинг ташқи кўринишини ҳам ёритган.                                                                                                

    Амир Темурга бағишланган манбалардан яна бири Хофизу Абрўнинг “Зубдат ат-таворих” асари бўлиб, у “дунё яратилганлигидан» то 1427 йилгача бўлган тарихий даврни қамраб олади. У ўз асарида Шомий асари матнларини ҳам киритган. Унда келтирилган маълумотлар бошқа асарларда учрамайди. Масалан, Амир Темурнинг Самарқанд яқинидаги суғориш ишларини амалга оширганлиги ҳамда Соҳибқироннинг сўнгги кунлари ҳақидаги маълумотларни кўришимиз мумкин(6). Шунинг билан бирга Амир Темурнинг ўзи ҳам ҳаёт фаолиятига бағишланган “Темур тузуклари” асарини ёзган. Унда салтанат ишларининг бир қисми сабру тоқат билан бўлгай яна бир қисми эса билиб-билмасликка, кўриб-кўрмасликка солиш билан битур. Тадбирларда огоҳ қилингандан кейин шуни айтиш жоиздирким, қатъийлик, ҳушёрлик, эҳтиёткорлик ва сабр-чидам билан барча ишлар амалга оширилгай, Вассалом(7).

Юқорида келтирилган фикрлардан биз Амир Тарағайнинг юксак ақл соҳиби, қатъиятли инсон эканлигини билишимиз мумкин. Ҳамиша халқ ғамини, юрт ғамини ўйлаб яшаган Соҳибқирон ўлкамизни дунёнинг энг қудратли салтанатига айлантирди. Шунинг учун ҳам унинг номи VII асрдан буён унутилмай, улуғланиб келмоқда. Мустақиллик йилларимизда шўролар даврида қораланган Амир Темур номи тикланди. Бобокалонимизнинг “Адолат ва озодлик –дастурингиз, раҳбарингиз бўлсин” деган доно ўгитларини доимо ёдимизда сақлашимиз, амал қилишимиз керак!

Фойдаланилган адабиётлар:
  1. Қ.Усмонов, М.Содиқов, С.Бурхонова. Ўзбекистон тарихи. –Т.: Иқтисод-молия”, 2016. 152-бет
  2. Б.Ж.Эшов, А.А.Одилов. Ўзбекистон тарихи. –Т. 2016. 7-бет
  3. Марсел Брион. Амир Темур. –Т. 2018. 5-бет
  4. Марсел Брион. Амир Темур. –Т. 2018. 6-бет
  5. Марсел Брион. Амир Темур. –Т. 2018. 80-81-бет
  6. Б.Ж.Эшов, А.А.Одилов. Ўзбекистон тарихи. –Т. 2016. 9-бет

 

Хурсаной СУЛТОНОВА,
Низомий номидаги Тошкент Давлат Педагогика  
университети Тарих факультети  1-босқич талабаси

Check Also

ЎЗБEК ДАВЛАТЧИЛИГИ ТАРИХИНИ ЎРГАНИШДА «НИЗОМ АТ-ТАВОРИХ»НИНГ АҲАМИЯТИ

Ўзбек давлатчилигини бошқарган сомонийлар, салжуқийлар, ануштегинийлар ҳамда мўғулларга қарамлик даври (1220–1370) тарихига оид манбалардан бири …