Home / МАҚОЛАЛАР / ЗАРАФШОН ВОҲАСИДА ТАСАВВУФ СИЛСИЛАЛАРИ (ХV-ХIХ асрлар)

ЗАРАФШОН ВОҲАСИДА ТАСАВВУФ СИЛСИЛАЛАРИ (ХV-ХIХ асрлар)

Зарафшон воҳаси тарихий даврлар давомида шаклланган. Унинг тараққий этиши Зарафшон дарёси ва унинг ирмоқлари билан узвий боғлиқдир. ХV-ХIХ асрларда Зарафшон воҳасида фаолият кўрсатган ишқия, кубровия, нақшбандия, яссавия – суҳравардия, қодирия-неъматуллоҳия, чиштия каби тариқатларга нисбатан кенг ҳудуд бўйлаб ёйилган.

Тариқат силсиласи хулафои рошидун ёки чориёрлардан бири орқали Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга бориб уланади. Силсила билан боғлиқ манбалар, шажара-насабномаларда устоз-шогирдлик силсиласи, насл-насаби турлича кўриниш касб этган. Бу ўз-ўзидан турли муаммоларни юзага чиқаришга олиб келган.

ХV-ХIХ асрларда Зарафшон воҳасида тасаввуф силсилалари бўйича ўзбекистонлик Б.Бабаджанов, С.С.Бухорий, А.Жуманазаров, К.Каттаев, Н.Комилов, М.Кенжабек, Г.Н.Наврўзова, ШСирожиддинов, С. Рафиддинов, Р.А.Тиллабоев, И.Усмонов, Х.Юлдашходжаев, хорижлик Н.Тосун, Девин Ди Уис, Валид Зияд каби олимлар нодир қўлёзма манбалар асосида тадқиқот олиб борган.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан Абу Бакр (632-634), Умар (634-644), Усмон (644-656) ва Али (656-661) орқали тўрт силсила мусулмон дунёси бўйлаб ёйилган ва бундай боғланиш тасаввуф тариқатларининг негизи Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга бориб тақалишидан далолат беради. Манбаларда Абу Бакр Сиддиқ орқали нақшбандия, Умар ибн Хаттобдан суҳравардия-кубровия, Усмондан эса чиштия ва Ҳазрати Алидан қодирия-жаҳрия[1] ва ишқия силсиласи бошланади. Тариқат силсиласи муайян сулукнинг энг ишончли томонларидан бири саналади. Силсила – муайян тариқатнинг ўз шайхи ёки пири орқали Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб борадиган ҳасабномаси, яъни устоз-шогирдлик шажарасидир. Силсилага кирувчи шайхлар тариқат асосларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан нақл қилишда хизмат қилган[2].

А) Ишқия.

Ишқия тариқати Абулҳасан Ишқий (ХIV аср) орқали Мовароуннаҳрга ёйилган. Унинг вафотидан сўнг ўғли Худойқули тариқатга бошчилик қилган. Тадқиқотларда[3] бу фикр янглиш экани аниқланган. Абулҳасан Ишқий ўғли Маҳмуд шайхни ҳазрат Амир Худойқули шайхга топшириб, Маккага кетган[4]. Бундан Худойқули шайх Абулҳасан ишқийнинг ўғли эмас, муридидир.

Ишқия тариқатида пирлик отадан ўғилга ўтганлиги аниқланган. Шу жиҳатдан ҳам яссавияга яқин туради. Ишқия тариқати ҳақидаги илмий изланишлар асосан эпиграфик манбалар асосида амалга оширилган[5]. Генеалогияга бағишланган йирик энциклопедик асарда[6] тасаввуф силсилалари орасида ишқия ҳасаб занжири: Мавлоно Муҳаммади Имло Бухорий, унинг устози Бобо Хизр Абулҳасан Ишқий, унинг устози Муҳаммад Носир Ишқий, унинг устози Абдуллоҳ Ишқий, унинг устози Жалол Ишқий, унинг устози Муҳаммад Поянда Ишқий, унинг устози шайх Ориф Ишқий, унинг устози Ҳаким Ишқий, унинг устози Муҳаммад Содиқ Ишқий Лангарий, унинг устози Абул Ҳасан Хурд Ишқий, унинг устози шайх Муҳаммад Илёс Ишқий, унинг устози Муҳаммад шайх Ишқий[7], унинг устози Худойқули Ишқий, унинг устози Абулҳасан Ишқий, Абу Язид Ишқий, унинг устози Мухториддин Ишқий, унинг устози Қувомиддин Ишқий, унинг устози Нажмиддин Бастомий[8], унинг устози шайх Муҳаммад Шоҳ Бастомий, унинг устози шайх Жамолиддин, унинг устози Азизиддин Бастомий, унинг устози шайх Жамолиддин[9], унинг устози шайх Абдуллоҳ Бастомий, унинг устози шайх Умар, унинг устози шайх Абу Бакр, унинг устози Иброҳим Каттоний, унинг устози шайх Абу Мусо Диноварий, унинг устози Ҳубайра Басрий, унинг устози шайх Абу Хузайфа, унинг устози Султон Иброҳим Адҳам, унинг устози Имом Муҳаммад Боқир, унинг устози Имом Зайнулобидин, унинг устози Имом Ҳусайн[10], унинг устози Ҳазрат Али[11] (к.в) деб келтирилган.

Силсилада номи келган муршидлардан Муҳаммади Имло, Бобо Хизр Абул Ҳасан, Муҳаммад Содиқ Ишқий Лангарий (ваф. 1545), шайх Муҳаммад Илёс (ваф. 1472), Муҳаммад шайх Ишқий (ваф. 1451), Худойқули Ишқий (ваф. 1419), Абулҳасан Ишқийлар Мовароуннаҳрда фаолият олиб борган.

Ишқия тариқатининг Мовароуннаҳрда ёйилишига катта хизмат қилган Абулҳасан Ишқий ва Худойқули шайх Амир Темур даврида яшаган. Шайх Худойқули авлодларининг Зарафшон воҳасидаги фаолиятига оид маълумотлар жуда кам. Тадқиқот давомида аниқланган «Кашфул маҳжуб ва рашфул матлуб»[12] асари тариқат таълимотига нодир манбалардан бири ҳисобланади.

Имло Бухорий (1688-1748) Эрон ҳукмдори Нодиршоҳ (1736-1747) Бухорога (1740) бостириб келганида, урушнинг олдини олиш мақсадида шаҳар уламолари билан бирга элчи бўлиб боради. Кейинчалик Нодиршоҳ Имло Бухорийга ўн икки минг тилла[13] назр қилади.

Имло Бухорий ишқия тариқатидан ташқари нақшбандия, яссавия ва кубровия силсилаларига ҳам уланган.

Б) Нақшбандия.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг силсилаи маънавийлари Абу Бакр Сиддиқ орқали тасаввуф тариқати отаси шайх Юсуф Ҳамадонийгача (1048-1140) етиб келгач, уни муаррихлар «силсилаи Сиддиқия», деб юритишган. Шайх Абдухолиқ Ғиждувонийдан (1103-1179) Баҳоуддин Нақшбандгача (1318-1389) етиб келган силсила «хожагон-нақшбандия», дейилган, Хожа Аҳрор Валийдан (1404-1490) бошлаб «нақшбандия-аҳрория» номини олган. Унинг шогирди Муҳаммад Қози (ваф. 921/1515), унинг шогирди Махдум Аъзам Даҳбедийдан (1461-1542) бошлаб нақшбандия-аҳрория-даҳбед (косон)ия силсиласи шаклланган бўлса, сирҳиндлик Имом Аҳмаддан (1564-1624) бошлаб нақшбандия-мужаддидия силсиласи. Нақшбандийликнинг ХVIII асрнинг охирларига қадар шаклланиб келган силсила (Мусохон хожа Даҳбедий (ваф. 1776) орқали Мовароуннаҳрга кириб келган) тармоғи «нақшбандия-мужаддидия-даҳбедия» номини олади.

Имло Бухорийнинг нақшбандийлик силсиласида устози Подшоҳ Салим Балхий, унинг устози Хожа Авлиё, унинг устози Хожа Мажнун, Муҳаммад Мўмин, Хожа Ҳошим, Муҳаммад Амин, Хожа (Носириддин) Калон, унинг устози Муҳаммад Ислом Жуйборий, Махдуми Аъзам Даҳбедий, Мавлоно Муҳаммад Қози, Хожа Аҳрор Валий, Яъқуб Чархий, Алоуддин Аттор ва Баҳоуддин Нақшбанд орқали[14] Абу Бакр Сиддиққа (р.а.) етган.

Нақшбандия силсиласи Махдуми Аъзам Косоний-Даҳбедийдан Мавлоно Хурд Балхийга, ундан Мулла Поянда Ахсагийга, ундан Охунд Мулла Сатийга, ундан Охунд Суфи Носир Бухорийга, ундан Охунд Мулла Камолга етган.

Самарқанд давлат университети қўлёзмалар фондида инв № 823125 рақамли «Мажмуа»да Мулла Абдураҳмон Ғиждувонийга етиб келган қодирия[15], чиштия[16], нашқбандия[17] силсилалари қайд этилган.

Манбада нақшбандия силсиласи Мулла Абдураҳмон Ғиждувонийнинг устози Хожа Абдушаҳид Бадахшоний, Ниёз шоҳ Аҳмад, Мавлоно Ҳаким шоҳ, Мавлоно Шоҳ Азиматуллоҳ, Мавлоно Шоҳ Иброҳим Мултоний, Шоҳ Калиматуллоҳ Мултоний, Мавлоно Аҳмад, Мавлоно Хожа Муҳаммад, Мавлоно Хожа Шоҳ, Боқибиллоҳ Деҳлавий орқали Баҳоуддин Нақшбанд, Хожа Абдухолиқ Ғиждувоний, Хожа Юсуф Ҳамадоний ва Салмон Форсий воситасида Абу Бакр Сиддиққа (р.а.) уланган.

Зарафшон воҳасида, шунингдек, бутун Мовароуннаҳр, Хуросон, Ҳиндистон ва бошқа Осиё давлатлари ҳамда дунёнинг кўпгина ҳудудларига тарқалган нақшбандия силсиласининг асосий тармоғи Боқибиллоҳ Деҳлавий (1563-1603) орқали Ҳиндистонга борган силсила сирҳиндлик Имом Раббоний номи билан машҳур бўлган тариқат муршиди Аҳмад Сирҳиндийдан таралган. Силсиланинг мазкур тармоғи ҳақида манбалар[18] ва тадқиқотларда[19] ёритилган.

Аҳмад Сирҳиндийдан: Муҳаммад Маъсум (1599-1668) воситасида Ҳожи Ҳабибуллоҳ (ваф. 1699) орқали Бухорога келган; Хожа Муҳаммад Саъид (1597-1660), Шайх Абдулаҳад, Шайх Муҳаммад Обид Жаҳонободий ва Мусохон хожа Даҳбедий орқали Самарқандга келган; Муҳаммад Маъсум, Муҳаммад Сайфиддин, Нурмуҳаммад Бадавоний, Мирзо (Ҳабибуллоҳ) Мазҳар Жони Жонон (1701-1780) (ундан Ғулом Али Шоҳга, ундан Шоҳ Аҳмад Саъидга, ундан Мулла Қози[20]га), Ҳожи Абдулқайюм, шайх Муҳаммад Али Қоратоший, Мир Муҳ(р)иддин шайх ибн Мир Ғиёсиддин ва Худойқул халифа ибн Ҳасанбий воситасида Самарқанд ва Тошкентга ёйилди; Муҳаммад Маъсум, Хожа Муҳаммад Нақшбанд, Муҳаммад Убайдуллоҳ, Хожа Муҳаммад Порсо, Шоҳ Муҳаммад Расо ва Миён Фазл Аҳмад[21] орқали келган силсила Бухоро Манғит ҳукмдор (Амир Шоҳмурод ва Ҳайдар)лар даврида нуфузи баланд бўлган. Миён Фазл Аҳмад орқали қодирия[22] ва чиштия[23] силсиласи Бухорога кириб келади.

Ҳожи Ҳабибуллоҳ Бухорий орқали (Шайх Худойқулига, ундан Шайх Мулла Ийд Муҳаммадга, ундан Шайх Мулла Идрис Муҳаммадга, ундан Охунда Муҳаммад Ниёзқулига, ундан Жонмуҳаммад Сайидга, ундан Муҳаммад Матлаб Сайидга етган[24]) Суфи Наврўз Шаҳрисабзийга, ундан Суфи Оллоҳёрга, ундан Суфи Ғойибнаазар Миёнколийга, ундан Муҳаммад Ислом шайх Каррухийга, ундан Шайх Неъматуллоҳга, ундан Шайх Доруломонга, ундан Шайх Абул Ҳасанга, ундан Шайх Абул Фатҳ (Самарқанда)га келган.

Силсила Мусохон хожа Даҳбедийнинг шогирди Муҳаммад Сиддиқ, унинг шогирди Муҳаммад Ҳусайн орқали нафақат Мовароуннаҳр, балки, Осиё ва Евроосиё мамлакатлари бўйлаб кенг ёйилган. Муҳаммад Ҳусайндан кейинги асосий силсила тармоғи шогирди ва фарзанди Абдусаттор орқали шогирди Мулла Муҳаммад Солиҳ ибн Муҳаммад Расул Суфи 1302/1884 йилда Мулла Муҳйиддин хожага берган иршод хатида[25] мазкур силсила батафсил келтирилган.

Абдусаттордан (ўғли ва шогирди) Эшмуҳаммадга, ундан фарзанди Убайдуллоҳга етган. Бу тармоқ Ҳусайния тармоғи номи билан, яъни нақшбандия-мужаддидия-даҳбедия-ҳусайния, деб юритилган. Бу Муҳаммад Ҳусайндан бошлангани[26] билан изоҳланади.

Муҳаммад Жалолиддиннинг «Мукошифул асрор»[27] асарида Муҳаммад Ҳусайн шогирдлари Бадахшон, Балх, Булғор, Дарвоз, Кашмир, Кобул, Кўлоб, Кўҳистон, Лабируд, Рум, Туркманистон, Хазор, Хитой, Хўжанд, Шероз, Қабадиён, Қозон, Ҳисор, Қизилжар, қадимий Мовароуннаҳрдаги Андижон, Бухоро, Бойсун, Вобканд, Даҳбед, Жиззах, Жўш, Кармана, Каттақўрғон, Марғинон, Миёнкол, Метан, Наманган, Офаринкент, Пискат, Самарқанд, Суғонч, Тошкент, Хоразм, Хузор, Хўқанд, Чуст, Қўнғирот, Ғиждувон каби шаҳар-мавзелардан экан қайд этилган. Бунга кўра бугунги Ўзбекистон заминидаги йигирма тўрт ва Зарафшон воҳасидаги ўн тўртдан ортиқ ҳудуд қамраб олинган.

Зарафшон воҳасида фаолият олиб борган Мулла Абдураҳмон Ғиждувоний ҳаёти ва фаолияти тўғрисидаги дастлабки маълумот, унинг уч силсилага улангани кўрсатади. Нақшбандия силсиласининг Мовароуннаҳрдан Ҳиндистонга бориб, янги тармоқ сифатида қайтиб келиши ҳақидаги янги илмий мулоҳазалар ўртага чиқади. Мовароуннаҳрда нақшбандия-мужаддидия тариқати мутлақ устувор бўлмаганини кўрсатади.

Меҳрожиддин АМОНОВ
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими,
Тарих фанлари бўйича фалсафа доктори PhD
[1] Рисолаи шариф. Қўлёзма, форс тилида. ИБХИТМ манбалар хазинаси инв. №52, 9б варақ.
[2] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Нақшбандия: вазифалар, зикрлар. – Т.: Ҳилол-Нашр, 2019. – Б. 20.
[3] Бузруков М.Ж. Темурийлар даври Самарқанд илмий-маънавий муҳитида тасаввуф намояндаларининг тутган ўрни (ХIV аср охири – ХV асрнинг биринчи ярми). Тарих фан.б.ф.доктори илмий даржасини олиш учун ёзилган диссертацияси. – Самарқанд, 2022. – Б. 115.
[4] Маноқиби ишқия. СамДУ фонди. Қўлёзма инв № № 823483. – 168б варақ.
[5] Аминов Б. Ишқиййа шайхлари генеологияси (ХV-ХVI асрлар эпиграфик ёдгорликлари асосида) // Ўзбекистонда дунёвий ва диний қадриятлар уйғунлиги. – Тошкент: ТошИУ, 2009. – Б. 308-312.
[6] Абд ал-Кадир ибн Мухаммад Амин. Маджма ал-ансаб вал ашджар. Введение, перевод с арабского, персидского и тюркского, комментарии, подготовка факсимиле к изданию Ш.Х. Вахидова, А.К. Муминова, Б.Б. Аминова. – Алматы: Дайк-Пресс, 2005. – С. 40-41.
[7] Носириддин Бухорийда бу исм келтирилмаган.
[8] Абдулқодир ибн Муҳаммад Амин берган ансобда бу исм келтирилмаган.
[9] Абдулқодир ибн Муҳаммад Амин берган ансобда Камолиддин тарзида берилган.
[10] Абдулқодир ибн Муҳаммад Амин ансобида Ҳасан деб берилган.
[11] Абд ал-Кадир ибн Мухаммад Амин. Маджма ал-ансаб вал ашджар. Введение, перевод с арабского, персидского и тюркского, комментарии, подготовка факсимиле к изданию Ш.Х. Вахидова, А.К. Муминова, Б.Б. Аминова. – Алматы: Дайк-Пресс, 2005. – С. 41.
[12] Асар муаллифи Абу Бакр ибн Хожа Ҳожи. 802/1399 йилда ёзилган. Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот қўлёзмалар фонди инв № МР 283/II. – 24а-93б  варақ (Манба ҳақида диссертациянинг 4.2. бўлимига батафсил қаранг).
[13]Мулло Абдулмуталлиб хўжа. Тазкираи Абдулмуталлиб хўжа Фаҳмий. ЎзР ФА ШИ қўлёзмалар фонди. Қўлёзма. Инв № 2331/III. 1277/1860 йилда кўчирилган. 40а варақ.
[14] Носириддин Бухорий. Туҳфатуз зойирин. – Б. 92.
[15] Силсилаи қодирия. Муаллифи номаълум. СамДУ қўлёзмалар фонди. Қўлёзма. инв № 823125/ИИИ. – 145б-147а варақ.
[16] Силсилаи чиштия. Муаллифи номаълум. СамДУ қўлёзмалар фонди. Қўлёзма. инв № 823125/ИВ. – 147а-149а варақ.
[17] Шажараи нақшбандия. Муаллифи номаълум. СамДУ қўлёзмалар фонди. Қўлёзма. инв № 823125/В. – 149б-151а варақ.
[18] Муҳаммад Ҳошим Кишимий. Насиматул қудс мин ҳадоиқул унс. ЎзР ФА ШИ қўлёзмалар фонди инв. №635.; Сайид Муҳаммад ибн Охунд қози Камол. Туҳфатул аҳбоб. ЎзР ФА ШИ қўлёзмалар фонди инв. №3756/I.; Мақсуд Даҳбедий. Равойиҳул қудс. Қўлёзма, форс тили, настаълиқ хатида. 1850 й. Каттаев К. шахсий кутубхонасида. №7.; Мирзо Мақсуд Даҳбедий. Миръотус соликин. Қўлёзма. 1324/1905. ЎзФА ШИ қўлёзмалар фонди. Инв. №530.;
[19] Кюгельген А. Расцвет Накшбандийа-Мужаддидийа // Суфизм в Центральной Азии. – СПб, 2001. 275-330 с; Тосун Н. Тüркитан дервиşлеринден ядигар. Орта Ася Тüркçэсийле Язıлмış Тасаввуфи Эсерлар. – Истанбул. İнсан яйıнларı, 2011. – 198 с; Тосун Н. Бҳаэддıн Накşбенд: Ҳаятı, Гöрüşлерı, Тарикатı. – Истанбул: İнсан яйıнларı, 2002. – 163 с.; Тосун Н. Имам-ı Раббанı Аҳмед Сирҳиндı: Ҳаятı Эсерлари Тасаввуфи Гöрüşлерı. – Истанбул: İнсан яйıнларı, 2005. – 174 с; Тосун Н. Альтıн силсиле. – Истанбул: Мега Басıм, 2016. – 201 с.
[20] Силсилаи нақшбандия. Қўлёзма. 1275/1859. Бухоро давлат музей қўриқхонаси қўлёзмалар фонди. Инв № 11475/II. – Б. 1 варақ.
[21] Силсилаи шариф Ҳазрат Нақшбандия. ИБХИТМ қўлёзмалар фонди. Қўлёзма инв №464/1 1б-2а варақ.
[22] Силсилаи шариф. ИБХИТМ қўлёзмалар фонди. Қўлёзма инв №464/I 2б-3а варақ.
[23] Силсилаи шариф. ИБХИТМ қўлёзмалар фонди. Қўлёзма инв №464/I 3б-4а варақ.
[24] Баён нисбат тариқ Ҳазрат хожагон нақшбандия. Қўлёзма. Хоразм Ичанқалъа музей қўриқхонаси қўлёзмалар фонди. Инв №2130. 31Х53 см. 1 варақ.
[25] Силсилаи нақшбандия. Қўлёзма. 1302/1884. Бухоро давлат музей қўриқхонаси қўлёзмалар фонди. Инв № 13101/II. – Б. 1 варақ.
[26] Каттаев К. Домло Камолнинг аълия тариқатида ўрни ҳамда юртимизнинг охирги машҳур муршидлари [Матн] – Тошкент: «Қамар-медиа» нашриёти, 2020. – Б. 36-37 б.
[27] ЎзРФА ШИ қўлёзмалар фонди. Қўлёзма инв №2085.

Check Also

БУЖАЙРИЙ НИСБАЛИ РОВИЙЛАР СИЛСИЛАСИ

IX-XII асрлар ислом оламида илм-фан ривожининг олтин даври сифатида эътироф этилган. Кўплаб манбаларда айни ўша …