Home / АЛЛОМАЛАР / АБУ РАЙҲОН БEРУНИЙНИНГ ЖАҲОН ЦИВИЛИЗАЦИЯСИГА ҚЎШГАН ҲИССАСИ

АБУ РАЙҲОН БEРУНИЙНИНГ ЖАҲОН ЦИВИЛИЗАЦИЯСИГА ҚЎШГАН ҲИССАСИ

Мовароуннаҳр ва Хоразм юрти IX-XI асрларда ўз бағрида кўплаб қомусий олимларни етиштирди. Шундай буюк олимлардан бири Хоразмлик Абу Райҳон Беруний ҳисобланади. Беруний етук астроном, геолог, фармолог, тарихчи, файласуф, филолог ва шоирдир.У астрономия, геология, гидростатика, ва география соҳасидаги илғор фикрлари билан Коперник, Леонардо да Винчи ва бошқа олимларнинг кашфиётларини кўп жиҳатдан олдиндан пайқаган эди. Олим фалсафа, тарих ва бошқа гуманитар фанлар соҳасида замонасининг илмий савиясидан анча юқори кўтарила олди. Беруний 150 га яқин асар ёзди. Дарий, араб, санскрит, грек ва бошқа тилларни мукаммал билиб олган Беруний бир қатор асарларни ҳам таржима қилди. У араб тилида кўпгина шеърлар битди., ҳажвчиликда маҳорат қозонди ҳамда ҳар хил қиссалар ва араб шоирларининг девонларига шарҳлар ёзиб, Мухтор-ул ашъор тўпламини ҳам тузди.

Беруний 973 йилнинг 4-сентябрида Хоразмда Фир (Кат) шаҳри яқинида туғилди. Унинг ҳақиқий исми Муҳаммад ибн Аҳмад бўлиб, кейинчалик эса олим Абу Райҳон Беруний номи билан танилди. Абу Райҳон сўзи Райҳоннинг отаси демакдир. Олим райҳон ўсимлигини жуда ёқтирар ва муттасил қўлида олиб юрар эди. Беруний эса Кат шаҳрининг ташқарисига олимнинг туғилиб ўсган жойига нисбат эди. Беруний отасидан эрта етим қолади. Тахминан 14-15 ёшларида буюк математик ва астрономик олим Абу Наср ибн Ироққа шогирдликка тушади. Унинг қўлида математика ва астрономия фанларидан чуқур билим олди. Яна у наботот, жуғрофия, ҳикмат, тарих, тилшунослик, адабиёт, вазн илми, фалсафа ва бошқа илмларни ўрганди. Тахминан 18-19-ёшларида Журжония ва Кат шаҳарлари орасидаги Бушканз қишлоғида Қуёшнинг энг тик пайтидаги ҳолатини ўлчади. Шундан сўнг ёш олим ернинг муайян шаклини ясашга киришди ва шу иш асосида ўзигача бўлган барча олимларнинг асарларини пухта ўрганди. Х асрнинг охирларига келиб инсоният тарихида биринчи бор ҳозир бизда жуда маълум ва машҳур глобусни яратди.

Беруний “Астрономия калити ва «Масъуд жадвали»” асарлари билан астрономия фани тараққиётига бебаҳо ҳисса қўшди. Ернинг юмалоқлиги, унинг тортиш қуввати., фаслларнинг ўзгариши ва бошқа масалалар юзасидан чуқур илмий хулосаларга келди, ернинг ва бошқа сайёраларнинг қуёш атрофида айланиши тўғрисидаги фикрга яқинлашди, астрологияни фош қилди. Беруний табиат ҳодисаларни ўрганиш ва унинг сирларини очиш мумкин, бунинг учун факт ва предметларни чуқур ва изчил ўрганиш, предметнинг хусусиятларини билиб олиш, маълумдан номаълумга, яқиндан узоққа қараб бориш лозим деган хулосага келади. Беруний жамият тарихи ва жамият ҳодисаларига ҳам катта аҳамият беради, у ишлаб чиқарувчи куч бўлган меҳнаткашларнинг жамият ҳаётида тутган ролига катта баҳо беради.

Беруний «Миннат эҳсон қилувчининг эҳсонини йўққа чиқаради», «Кичкина нарсани андак ҳисоблама, чунки кичкина нарсанинг ҳам фойдали ўрни бўлади,» «Омма одат қилган нарсага хилофлик қилма», «Сўз билан айтганда –тушунган одамга қамчи ва қилич лозим эмас», «Яхши йўлдан юриш яхшилик аломатидир» каби кўп ҳикматли сўзлар ҳам қолдирган.

Беруний илм йўлидаги ҳамкорликни жуда қадрларди. Шул сабаб ўз давридаги олимлари билан яқин алоқа ўрнатган эди. Масофалар йироқлиги бунга халақит бермас эди. Катдан Беруний ёзган мактублар бошқа турли ўлкалар томон йўл олар эди. У мактубларга баён этилган илмий масалаларга жавоб ва талқинлар узоқ карвон йўлларини ошиб Берунийга талпинарди. Беруний шундай ҳамкорликни ўз замонасининг машҳур математиги ва мунажжими Абулвафо Муҳаммад Бузжоний билан ҳам ўрнатган эди. Бу иккала олимнинг ёзишмаларида ой тутилиши ҳақида қимматли фикрлар ўз аксини топган. Бундан ташқари Беруний Бухоролик машҳур табиб ва олим Абу Али ибн Сино билан ҳам шундай ёзишмалар олиб борган. Бу икки олимнинг ёзишмаларини илмий мусобақа десак ҳам адашмаган бўламиз. Беруний ёзган саволномаларда аксарияти Аристотелнинг физика ҳақидаги қарашлари юзасидан эди. Икки олимнинг хатларини араб тилидан ўзбек тилига Абдуфаттоҳ Расулов ва Мадаминжон Абдураҳмоновлар маҳорат билан таржима қилганлар.

Беруний Муқанна ҳақидаги биринчи асаридан кейин 27-28 ёшларида «Ал-осорул-боқия мин қурунул-ҳолия» («Ўтмиш асрлардан қолган ёдгорликлар») асарини ёзиб уни Гургон ҳукмдори Қобус ибн Вушмагирга тақдим этади. Бу асар олимнинг катта, мустақил ва ғоят муҳим асари эди. Бу асарнинг номини қисқартириб «Ўтмиш ёдгорликлари» ёки “Хронология “ деб юритилган.

Беруний ўзининг «Ўтмиш ёдгорликлар» китобида қадимий шарқ халқлари –араблар, сурияликлар, яҳудийлар, эронийлар, суғдлар, хоразмликлар ва шу замонда яшаган бошқа халқларнинг турмуш қоидалари, урф-одатлари, йил саноқлари, байрам ва маросимлар, хуллас нимаики халқ ҳаётига оид бўлса, шунинг ҳаммасини илмий асосда баён этади. Олим бу халқлар турмушига оид маълумотларни тўғри таҳлил қилади. Ҳақиқатга зид бўлган маълумотларни кескин рад этади. Бу асарни Ўрта Осиё, Эрон, Яқин Шарқ мамлакатларидаги халқлар этнографияси, тарихи, ижтимоий тафаккури бўйича яратган қомусий асар десак адашмаган бўламиз.

Ушбу асарда Қуёшнинг буржлар фалакида бир маротаба айланиб чиқишидан Қуёш йили календари тузилган. Ана шу айланиш муддатида Ой ҳам ўн икки ярим марта ўша доирани айланиб чиқади. Ўн икки марта осмонда янги ой пайдо бўлади. Шундан қамарий (ой) календари вужудга келади. Қуёш йили уч юз олтмиш беш кун бўлади. Ортиб қолган чорак кунлар тўрт йилда бир кун ҳосил қилгач, ўша қўшимча кун тўртинчи йилнинг календарига қўшилади. Бу йил кабисали (қўшимча) йил деб юритилади.

«Ўтмиш ёдгорликлари» да эронийлар, суғдийлар, хоразмийларнинг календарлари тўғрисида берилган хабарлар жуда қизиқарлидир. Уларнинг ҳар бирида ойлар сони 12 та. Ҳар бир ой ўзининг алоҳида номига эга. Ҳар бир ой 30 кундан ташкил топган. Ҳар бир куннинг ҳам ўз номи бор. Бир йил уч юз олтмиш беш ва чорак кундан иборат. Шунинг учун бу халқлар бир ойга беш кун қўшадилар. Бу беш куннинг ҳам ўз номи бор.

Ғарб мамлакатларининг халқлари ҳар бир ойни ўттиз кундан иборат ҳисоблаганлар. Румликлар ҳам йилни ўн икки ой деб ҳисоблаганлар. Яҳудийларда ҳам ойлар сони ўн иккита. Арабларда ҳам ойлар ўн иккитадир. Улар ҳафталарни қўллаганлар. Ҳафта кунларига ном қўйганлар. Ойнинг боши ҳилол кўринган кундан бошланади. Турклар ўз календарларига ҳайвонлар отларини ишлатганлар.

Беруний ўзи билган календарларнинг ҳаммасини жадвалга солди, нисбатлаб уларнинг фарқларини ажратган. Асарда тарихлар моҳияти ва турли халқларда мавжуд бўлган тарих тушунчаси тўғрисида муҳим маълумотлар бор. Асарда бир неча махсус жадваллар бор. Беруний бу жадвалларда турли халқларнинг эътиқодига кўра одам яшай бошлаган давр тарихи, айрим ҳукмдорларнинг ҳукмронлик йиллари тўғрисидаги маълумотлар келтирилади. Ҳукмдорларнинг лақабларини айтади, уларнинг қилган ишлари тўғрисида қисқача хабар беради.

Беруний махсус жадвалда турли мамлакат ҳукмдорларининг қандай аталганларини хабар қилади. Эрон подшоҳлари шаҳаншоҳ ва Кисро деб, Рум подшоҳлари Басили яъни Қайсар, Искандария подшоҳлари Батлимус, деб аталганлар, ҳазр ва ўғиз турклари ўз подшоҳларини Хонувта деганлар. Беруний Хоразм халқининг қадимий маданияти ислом истилочилар томонидан йўқ қилингани тўғрисида маълумот беради. Олим айрим тарихий воқеалар тўғрисида сўзлар экан, ибратомуз хулосалар чиқаради. Асарда Беруний инсон ҳаётига оид хилма-хил маълумотлар келтиради. Шу жумладан олимнинг кишиларнинг жисмоний тузилиши, умрининг узун-қисқалиги тўғрисидаги мулоҳазалари ҳам диққатга сазовордир.Қадимий одамлар йирик, гавдали бўлганлар, Мадиян тоғларида топилган археологик ёдгорликлар шу фикрнинг исботи. Беруний одамнинг узоқ вақт яшаш сабабини биологик ва ирсий омиллар билан боғлайди. Олим бу тўғрисида астрологлар тўқиган уйдирмаларни қатъиян рад этади. Асарда катта ижтимоий аҳамиятга молик воқеалар тўғрисидаги маълумотлар кўп учрайди. Булар пайғамбарлик даъво қилган қилган шахслар, уларнинг тарафдорлари, бу ҳаракатнинг оқибатлари, шундай ҳаракат қатнашчиларининг мафкуравий қарашлари ҳам баён этилган. Бу шахсларга Будосаф, Зардушт, Моний, Беҳофарид, Муқанна каби йўлбошловчиларни мисол келтиради. Асарда «Авесто» ҳақида ҳам қимматли маълумотлар келтирилган. Асарда шунингдек эронликлар, хоразмликлар, суғдлар, римликлар, яҳудийлар, сурияликлар насронийлар, мусулмонларнинг маросим кунлари, ҳайитларига оид маълумотлар ҳам келтирилган. Булар орасида Наврўз ҳақида айтилган гаплар диққатга сазовордир. Беруний дунёвий ишлар учун мўлжалланган ҳайитлар ва диний ҳайитларни фарқ қилади. Наврўз дунёвий ишлар мўлжалланган ҳайитларнинг биринчисидир. Асарнинг охирги боби ой манзиллари хусусидадир.

Беруний Хоразм ҳақида тарихий асар ҳам ёзади. У «Хоразмнинг машҳур зотлари» деб аталади. Аммо бу асарнинг қўлёзма нусхаси бизгача етиб келмаган. Олим Ғазна шаҳрида бир асар яратади. Асарнинг тўла номи «Аҳоли яшайдиган жойлар орасидаги масофаларни аниқлаш учун ўринларнинг чегараларини белгилаш». Буни қисқартириб фанда «Геодезия» дейилган. Асарнинг кириш қисмида Беруний кўнглидаги энг эзгу фикрлари, дарду ҳасратларини баён қилади. Асарда ҳаракатсиз юлдузлар ва Қуёш орқали шаҳарларнинг жойлашган, кенгликларини аниқлаш усулини батафсил баён қилинган. Беруний ҳисоблаган меридиан узунлиги 110275 км деб ёзади. Булгаковнинг таъкидлашича, бу ҳозирги ҳисобдан фақат 620 км фарқ қилади холос. Бу асар геология, география, геодезия ва Ер ҳақидаги бошқа фанлар тараққиётига муҳим ҳисса бўлади.

Берунийнинг Ҳиндистон тарихига доир асари шу кунга қодир ўз қимматини сақлаб келмоқда. Китобнинг дастлабки ўн икки боби ( биринчи бобдан то ўн иккинчи бобга қадар) ҳиндларнинг тангри, дунё ва охират тўғрисидаги тушунчаларига бағишланади. Бу бобларда ҳиндларнинг ақлий ва ҳиссий нарсалар, жон ва унинг моддага алоқаси, руҳлар, маҳшар ва Жаннат тўғрисидаги тасаввурлари : диний йўл-йўриқлари, санамлар, диний китоблари, тўғрисида сўз юритилади. Ўн учинчи боб шеър ва грамматикага бағишланади. Ўн тўртинчи бобда илмий китоблар ҳақида сўз юритади.

Ҳиндларда астрономия ривож топган. Аммо уни илми нужум билан қўшиб юборганлар. Табобат ҳам астрономия қадар қадрланган. Тибга оид китоблар ичида энг мўътабари «Чараки» китобидир. Асарнинг ўн олтинчи бобида ҳиндларнинг ўлчов асбоблари ҳақида қизиқарли маълумотлар келтирилган. Кейинги бобда эса ҳинд ёзуви тўғрисида, аниқ маълумот беради. Берунийнинг ёзишича, ҳиндлар олдин терида ёзишмаганлигини айтади.Улар узунлиги бир газ эни уч бармоқ келадиган япроқларга хат ёзишганлигини айтиб ўтади. Бу хурмо ва наржил дарахтларига ўхшаш бўйи узун , мевали бир дарахтнинг япроқларидир. Мамлакатнинг шимолий ва ўрта қисмида яшовчи ҳиндлар тўз номли дарахт пўстлоғида ёзганлар.Энг қадимий ҳинд ёзувлари унутилиб кетган. Ҳинд ёзуви юнонлардаги сингари чапдан ўнгга қараб ёзилади. Ҳиндларнинг машҳур хатлари сиддҳа матрика деб аталади. Уни Кашмир хати ҳам дейдилар.Турли районларда ўша ёзувнинг бошқача шакллари ишлатилади. Сон белгилари ҳам турлича бўлиб, уларни анка деб дейилади. Бундан ташқари олим асарда ҳиндларнинг географик жойлашуви , океан ва дарёлари, йирик шаҳар, қишлоқлари, ҳайвонот дунёси, ўсимлиги, табиати, иқлими, урф –одатлари, маросимлари, дини, байрамлари ҳақида сўз юритади. Ушбу қомусий асар ўзининг қимматли маълумотлари билан жаҳон олимларининг нигоҳида турибди.

Беруний Шарқ ва Ғарб олимларининг диққат-эътиборини ўзига жалб эта олди, унинг илмий даҳоси юксак баҳоланди. Масалан ,XI аср тарихчиси Абулфазл Байҳақий Европа олимларидан Заҳау, Розен, Сартон, Каррадо-Бон ва бошқалар Берунийни юксак баҳолайди. Каррадо-Бон уни Леонардо да Винчи билан қўяди. Ҳинд олими Ҳамид Раза Берунийни Ҳиндистон тарихини ёритган тенги йўқ олим сифатида таърифлайди. Ушбу таърифлардан кўриниб турибдики, Берунийнинг илмий мероси жаҳон жаҳон цивилизациясига катта таъсир ўтказганини кўришимиз мумкин.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. Азиз Қаюмов «Абу Райҳон Беруний» Тошкент «Ёш гвардия» нашриёти -1987 йил
  2. Натан Маллаев “ Ўзбек адабиёти тарихи “ Тошкент “Kafolat print company” нашриёти – 2021 йил
  3. Насимхон Раҳмонов “Ўзбек адабиёти тарихи” Тошкент “Сано- стандарт нашриёти -2017
Баҳора РАҲИМОВА,
Наманган давлат университетининг 1-курс магистранти

Check Also

АБУ БАКР АҲАВАЙНИЙ – МОҲИР ЖАРРОҲ ВА ФАЙЛАСУФ

Абу Бакр Аҳавайний – Сомонийлар даврида яшаган файласуф ва тиббиёт олими. Бухорода табиблар оиласида туғилган. …