Home / МАҚОЛАЛАР / Саодат сари…

Саодат сари…

Инсоннинг нафақат тани, балки руҳи ҳам давога муҳтож. Сабаби, соғлом баданда ҳаракатга келган нуқсонли руҳ пировардида, жамики ҳужайраларни зарарлайди. Хўш, руҳдаги хасталик аломатлари қандай намоён бўлади? Бу биринчи навбатда, Яратганга ишонмаслик, кибр-у ҳаво, мутаассибона қараш, ўзликдан йироқлашиш, сабрсизлик, ёлғон сўзлаш, ҳасад, иғво, ғийбат ва ҳоказо каби иллатлар воситасида воқеликка кўчади.

Одамзод бу дунёга келар экан тинч ва хотиржам ҳаёт кечиришга интилади. Ширин турмуш кечириш эса энг аввало, одамнинг ақлига, хатти-ҳаракатига, муомаласига боғлиқ. Шунинг учун ҳам фарзанд дунёга келар экан, ота-она чақалоққа яхши тарбия беришга интилади. Катта ҳаёт тажрибасига эга бўлган одамлар насиҳатлари турли қийинчиликларни енгиб ўтишда асқатади. Маёшихлар, қари билганини пари билмас, дея бежиз айтишмаган.

Инсон фазилатлари орасида энг афзали – ота-онага нисбатан меҳр-муҳаббат, ҳурмат-эҳтиром, садоқат туйғуси ҳисобланади. Кимки ота-онасига муҳаббатли бўлса, унинг кўнгли тозалигига ишонмоқ мумкин. Боиси, муҳаббат чечаклари мусаффо жойдагина қулф уриб ўсади.

Ота-онага ширин муомала қилиш, улар билан кенгашиш, панд-насиҳатига қулоқ тутиш амаллари бахт эшикларига калит бўлиб тушишига шак-шубҳа йўқ.

Абу Ҳомид Ғаззолийнинг “Мукошафат-ул қулуб” китобида онага, отага яхшилик кўрсатиш борасида шундай дейилади:
Пайғамбаримиз ҳузурига бир одам келди ва дедики:
– Эй Аллоҳнинг Расули, ҳижрат ва жиҳод учун сиздан рухсат олгани келдим. Аллоҳ йўлида савоб ишлар қилмоқчиман.
Бу гапларни эшитган Аллоҳнинг Расули сўрадилар:
– Онанг, отанг ҳаётмилар?
– Ҳа, иккиси ҳам ҳаёт.
Расулуллоҳ:
– Аллоҳдан ажр олмоқчимисан?
– Ҳа!
Расулуллоҳ:
– Бор, ота-онангнинг олдига, уларнинг кўнглини ол!

Расули акрам (с.а.в.) Аллоҳ наздидаги севимли амал сифатида онага ва отага яхшилик кўрсатиш эканини таъкидлайдилар. Бунинг мазмуни шундаки, ота-она фарзанднинг дунёга келишига сабабчи бўлган инсонлардир. Бинобарин, ота-онага яхшилик қилиш ибодат мақомига мансуб. Агарда киши ота-онасининг ҳурмат-эҳтиромини жойига қўйса, у бениҳоя савобга эга бўлади. Унинг билиб-билмай қилган гуноҳлари кечирилади.

Аллоҳ бандаларини синаш учун уларга ҳою-ҳавас туйғуларини инъом этиб қўйибди. Ҳой-у ҳавасга ҳаддан ташқари берилган инсонлар ҳеч қачон бахтга эриша олмайдилар. Эришган тақдирларида ҳам уларнинг бахти муваққат бўлади. Сабр-қаноатли, нафси ўлик кишилар эса эл орасида юксак ҳурмат қозонадилар.

Одамзод бу дунёга икки маротаба келмайди: бир туғилади, бир ўлади. Бинобарин, инсон роҳат-фароғатда яшаб, ўтмоғи даркор. Инсон ҳаловати бошқаларга эмас, фақат ўзига боғлиқ.

Жаҳолат – инсон умрининг кушандаси. Жаҳл келганида ақл қочади, деб бежиз айтишмаган. Жаҳл эса нафсга боғлиқ ҳаракат. Нафснинг кучайиши ҳаёт гулларини сўлдиради. Албатта, нафссиз банданинг ўзи йўқ. Бироқ нафс меъёридан ошмаслиги зарур.

Одамни йўлдан чиқарадиган нарса нафс ҳисобланади. Нафсига қул бўлган одамларнинг боши ташвиш-у ғамдан чиқмайди. Зотан, инсоннинг соғ юриши учун кўп нарса керак эмас. Ҳаддан ташқари кўп таом ейиш, кўп ухлаш, кўп гапириш, шоҳона ҳашаматга ўчлик ҳислари одамзод қиёфасига таъсир ўтказмасдан қолмайди. Унинг руҳиятида кибр-ҳаво иллатлари пайдо бўлади ва у эл назарига тушмайди. Тарихдан мисоллар келтирсак, Абу Райҳон Беруний, Маҳмуд Замахшарий, Мавлоно Жалолиддин Румий, Мансур Ҳаллож сингари не-не улуғ зотлар мол-у дунёни кўзга илмасдан буюклик мақомига кўтарилганлар.

Абу Ҳомид Ғаззолийнинг “Мукошафат-ул қулуб” китобида ҳой-у ҳаваснинг ниҳоясиз экани тўғрисида шундай дейилади:
Пайғамбаримиз буюрадиларки:
– Эй умматим, сиз учун қўрққанларимнинг энг қўрқинчлиси икки нарсадир:
1. Ҳой-у ҳавас.
2. Ҳавойи нафсга берилмоқ.
Ҳой-у ҳавас охиратни унуттиради. Ҳавойи нафсга берилиш эса кишини тўғри йўлдан адаштиради.
Абу ад-Дардо:

Эй инсонлар, уялмайсизми? Бино қурасиз-да, ичида ўтира қолмайсиз. Яна орзу-ҳаваслар билан машғул бўласиз, охирига етолмайсиз. Дунё молини тўплайсиз-да, қаноат қилиб ея қолмайсиз. Сиздан олдинги қавмлар сиздан зиёдароқ дунёлик тўплагандилар ва сиздай ҳою-ҳаваслар билан овора бўлгандилар. Лекин, шундай кун келдики, дабдабали бинолари мозорликка айланди; орзу-ҳаваслари уларни алдади; тўплаган дунёликлари махв бўлди.

Аллоҳ ҳар бир нарсани ўлчовли қилиб яратган. Одамзоднинг умри унчалик узун эмас. Ўша умрни ҳой-у ҳавас шамолларига совурган киши оқибатда афсус-надомат чекади. Нафс бандани шундай гирдобда чилпарчин қилиб ўйнатадики, бундайларнинг ҳолига вой.

Гуноҳлар ғафлатни, ғафлат қалбнинг “қаттиқ” бўлишини, қалб “қаттиқлиги” Аллоҳдан йироқ бўлишни, Аллоҳ таолодан йироқ бўлиш жаҳаннамни лозим қилади.

Инсоннинг вужуди руҳ билан тирик. Унинг маънавий ҳаёти эса илм биландир. Руҳсиз жасад йўқ бўлганидек, илм бўлмаса қалб ўлади.

Иймони суст бандада ғафлат миқдори кўп бўлади. Ғафлат – Аллоҳ гўзаллигидан баҳра олмаслик, яъни кўнгил кўзларининг ёпиқлигидир. Агарда банда ҳар битта гиёҳ гўзаллигидан маъно туйганида эди, юраги мислсиз шодликларга ғарқ бўлур эди. Саъдий Шерозий шундай дейди:

به جهان خرم از آنم که جهان خرم از اوست
عاشقم بر همه عالم که همه عالم از اوست

Маъноси: Бутун жаҳондан (борлиқдан) шодман, чунки жаҳон Ундан шоддир, Бутун оламга ошиқман, чунки бутун олам Уникидир.

Бу ёруғ дунёнинг мазмуни ишқ-муҳаббатдан иборат. Агарда шу туйғулар бўлмаганида эди дунё тартиботи бузилган бўлур эди. Қуёшнинг тортиш кучи боис, сайёралар мунтазам равишда унинг теграсида айланади. Бинобарин, дунёдаги қонуният парвоналик хусусияти билан изоҳланади. Аммо чин севги билан қалбаки севгининг фарқига бормоқ керак.

Абу Ҳомид Ғаззолий қаламига мансуб “Мукошафат-ул қулуб” китобида ишқ тўғрисида шундай дейилади.

СЕВГИ – бу, инсон табиатининг завқлантирувчи ҳузурбахш лаззатга майл этишидир. Севгининг олий даражаси ИШҚ дейилади. Ошиқлар ўз маъшуқаларининг висолига етишмоқ учун ҳеч нималарини, ҳаттоки жонларини ҳам аямагайлар. Ҳазрат Юсуфни севиб, тилларда достон бўлган Зулайҳо бунинг ёрқин мисолидир. Бебаҳо зебигардонларини Ҳазрат Юсуфга бўлган ишқи йўлида сарф этади. Кимда-ким, “Мен бугун Юсуфни кўрдим!” – деса, унга қимматли маржонлардан бирини берарди.

Яна Лайло ила Мажнун ҳикояси ҳам машҳурдир.
Мажнундан сўрабдилар:
– Исминг нима?
– Лайло!
– Лайло ўлмадими?
– Йўқ. Лайло менинг қалбимда, ўлмади. Мен Лайломан.
Мансур Ҳалложни ўн саккиз кун ҳибс этадилар. Бир кун Имом Шиблий унинг ёнига келиб сўрайди:
– Эй Мансур, севги-муҳаббат нима?
– Бугун сўрама, эртага сўра.
Эртаси кун бўлди, Ҳалложни қатл этгани зиндондан чиқариб, майдонга келтирдилар. Мансур айни шу онда етиб келган Шиблийга шундай садо беради:
– Эй Шиблий, севги-муҳаббатни боши ёнмоқ, оёғи қатл бўлинмоқдир!
Мансурдан сўрмишларки:
– Сен кимсан?
Жавоб бермиш:
– Мен ҲАҚман!
Ана шу сўзи учун у қатл этилганди. Масаланинг изоҳи эса мана бундай:

Мансур шундай бир мартабага юксалгандики, унинг назарида Аллоҳдан бошқа ҳар қандай мавжудот фоний, йўқ бўлишга маҳкум ва ботил эди. Ҳақиқий борлиқ ёлғиз Аллоҳ – Ҳақ эди. Мана шу даражадаги юксак бир мартабага чиқа олган Ҳаллож, ёлғиз Аллоҳнинг бир исми бўлган “ҲАҚ” (МАВЖУД) калимасини билар, ўз исмини ҳам хотирламас эди. Шунинг ўзига айтилган “Сен кимсан?” сўроғига “Анал ҲАҚ”, яъни “Мен ҲАҚман!” жавобини берганди.

Ишқ-муҳаббат икки турли бўлади. Бу банданинг Яратганга муҳаббати бўлиб, илоҳий ишқ ҳисобланади. Илоҳий ишқ боис банда покланади, мақомга етади.

Иккинчиси – банданинг бандага муҳаббати. Бу муҳаббат одамни яшашга, ҳаёт завқини суришга қизиқтиради. Хулоса қилиб айтганда, бу икки тур муҳаббат ҳам битта мақсад теграсида туташади. У ҳам бўлса одам бўлиб туғилгандан қаноат ҳосил қилиш ҳиссиётидир.

Муҳаббат туйғуси – беғубор туйғу. Бу борада енгил фикрламаслик лозим. Афсуски, баъзи йигит-қизлар муҳаббат деб ўйлаб, саробга юз тутадилар. Майда-чуйда ҳаваслар гирдобида қолиб, йўлдан адашадилар. Шунда ҳаёт уларнинг кўзи ўнггида чиройини йўқотади. Чин ишқ инсон кўнглида илдиз отса уни фаришта мақомига чиқаради. Мавлоно Румий айтадики:

ای دوست ای دوست ای دوست ای دوست
جور تو از آنکشم که روی تو نکوست
مردم گویند بهشت خواهی یا دوست
ای بیخبران بهشت با دوست نکوست

Маъноси: Эй дўст, изтиробим (фироқ азобим) шунданки, Сен яхшисан (мукаммалсан), Одамлар сўрайди, дўст хоҳлайсанми ё жаннатними? Эй хабарсизлар Жаннат ҳам дўст билан яхшидир (муккамалдир).

Зотан Румийнинг дўстини жуда кенг маънода тушуниш мумкин. У жаннатни дўстисиз хоҳламайди. Унинг фикрича жаннатни хоҳлаш ҳам бир нафс, унга дўстининг дийдори ҳар нарсадан муҳим, ўзлигини англаган, аслини таниган одамга, Аллоҳ ҳузуридан бошқа юксакроқ макон ва ҳолат йўқ!

Хулоса қилиб айтганда инсон икки дунё саодатига етишиши учун динимизни гўзал амалларини бажо келтириши, ёмон нарсалардан парҳез қилиниши, бадани ва руҳини тарбиялаши, тоза тутиши, илм ва маърифат кетидан бўлишлиги, атрофдагиларга бағрикенглик билан ёндошиши, энг муҳими қалбида борлиқдаги жонли ва жонсиз нарсаларга муҳаббат кўзи билан қарашлиги лозим ҳамда халқига ва одамларга беминнат хизмат қилиши керак.

Наргиза ШОАЛИЕВА,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси
“Ўзбек тили ва мумтоз шарқ адабиёти” кафедраси доценти

Check Also

КЎЧИРИШ АМАЛИЁТИНИНГ ТУБ АҲОЛИ ИЖТИМОИЙ-ИҚТИСОДИЙ ВА МАДАНИЙ ҲАЁТИГА ТАЪСИРИ

Мустамлакачилик истило этилган мамлакат аҳолисига нисбатан зўрлик ҳисобланади. Бинобарин, зўравонлик мустамлакачилик сиёсати сифатида барча метрополияларга …