Home / АЛЛОМАЛАР / ЗАҲИРИДДИН МУҲАММАД БОБУР – ШАРИАТПАНОҲ ҲУКМДОР

ЗАҲИРИДДИН МУҲАММАД БОБУР – ШАРИАТПАНОҲ ҲУКМДОР

XV асрнинг охири ва XVI аср ўзбек мумтоз адабиётининг йирик вакили – буюк шоир, тарихчи, географ, давлат арбоби, истеъдодли саркарда, бобурийлар сулоласи асосчиси, темурий шаҳзода Заҳириддин Муҳаммад Бобур 1483 йил 14 февраль куни Андижонда Фарғона вилояти ҳокими Умаршайх оиласида дунёга келди. Умаршайх Мовароуннаҳр ҳокими Абусаид Мирзонинг ўғли бўлиб, 1455 йилда Самарқандда туғилган, 1494 йили Ахсида ҳаётдан кўз юмган.

Бобур жуда қобилиятли бўлиб, болалигидан ўқитувчи ва мураббийларнинг ҳар бир ўгитини тезда илғаб оларди. Асосий устози Хожа Мавлоно Қози бўлган. Бобур айниқса тарих, илми ҳарб, мусиқа ва адабиётга қаттиқ қизиқарди. Ўқишдан бўш вақтларида ҳарбий машқлар ва ов қилиш сирларини ўзлаштириш билан астойдил шуғулланар эди.

Мирзо Бобурнинг халқчил бўлиш, навкарлар билан ҳамнафас бўлиш, барча қийинчилигу хурсандликларни баҳам кўриш каби хислатлари бобокалонини эслатарди. Мирзо Бобурнинг тўрт ўғли ва уч қизи бўлиб, уларининг учтаси – Муҳаммад Ҳумоюн, Комрон Мирзо ва Гулбаданбегим шоирлик ва адибликни отасидан мерос олган[1].

Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўзининг сермазмун ва баракали ижоди билан жаҳон адабиёти ва маданияти хазинасига улкан ҳисса кўшган буюк сиймолардан биридир. Маълумки, Марказий Осиё халқлари тарихида темурийлар даври маданияти алоҳида ажралиб туради. Ўша кезлари илм-фан ва маданиятнинг турли жабҳалари юксак поғонага кўтарилди. Айнан шу даврда Мирзо Улуғбек, Али Қушчи, Қозизода Румий каби ҳақикий илм даҳолари, Шарафуддин Али Яздий, Мирхонд, Хондамир, Давлатшоҳ Самарқандий сингари шуҳрати жаҳонга таралган олимлар, Абдураҳмон Жомий, Лутфий, Саккокий, Атоий, Алишер Навоийдек улуғ шоирлар етишиб, самарали ижод қилган.

Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг серташвиш ҳаёти ва жўшқин фаолияти сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва маданий жиҳатдан инқирозга учраб, таназзулга юз тутаётган темурийлар салтанатининг сўнгги даврига тўғри келган эди.

Отасининг вафотидан кейин 12 яшар Бобур Фарғона ҳокимиятини бошқара бошлайди. Бу вақтда темурийлар салтанатининг анчагина қисми Шайбонийхон тасарруфига ўтган эди. Бобур Мовароуннаҳр феодал ҳокимларининг ўзаро курашлари натижасида парчаланиб кетган давлатни қайтадан тиклаш вазифасини ўз олдига энг муҳим сиёсий мақсадлардан бири қилиб қўяди. 1495-1496 йилларда Бобур Самарқандни ишғол қилади. Шу аснода укаси Жаҳонгир Мирзо ва тоғаси Али Дўст фитна уюштириб, Андижонни ўз қўлига олади. Бобур Самарқандни тарк этиб, Андижон томон юришга мажбур бўлади ва икки йиллик сарсон-саргардонликлардан сўнггина ота юртини қайтариб олишга муваффақ бўлади.

Бобур яна Самарқандга юриш қилади, лекин 1499-1500 йиллари шайбонийлар билан жангларда мағлубиятга учраб, Тошкентга чекинишга мажбур бўлади. 1501-1502 йилларда гоҳ Жиззах, гоҳ Ўратепа, гоҳ Тошкент, гоҳ Хўжанд атрофларида саргардон бўлади. 1502-1503 йилларда Ўш ва унинг атрофларини эгаллаб олади, аммо Аҳмад Танбалдан енгилади. Тоғаси Султон Маҳмудхон Тошкентдан келиб, Андижонни эгаллайди. Шунда у Султон Маҳмудхон ҳузурида тўрт ой яшайди.

1503-1504 йилларда Шайбонийхон Андижонни босиб олгач, Бобур Ҳиротга бориб, бироз куч тўплайди, Кобулга юриш қилади ва уни эгаллайди.

1507 йили Шайбонийхон Ҳиротни ҳам босиб олгач, Кобулда ўзини подшоҳ деб эълон қилади. Бобурга ўз юртига қайтиб, уни Шайбонийхон қўлидан қайтариб олиш учун катта куч керак эди. Бунга эса кичик-кичик ҳукмдорликларга бўлиниб, ўзаро қирғин-барот урушлар олиб бораётган Ҳиндистонни босиб олиб, уни ягона ҳокимият остида бирлаштириш орқали эришиш мумкинлигини ҳис қилади[2].

Шу тариқа Бобур 1519 йилдан Ҳиндистонни забт этишга киришади. Ниҳоят, 1526 йилнинг баҳорида подшоҳ Султон Иброҳим Лўдий устидан ғалаба қозониб, Ҳиндистонда бобурийлар сулоласига асос солади.

Бобур ўз халқи, она Ватаннинг шону-шуҳрати, келажак авлод, жумладан, ўз фарзандларининг муносиб авлод бўлиб етишиши учун жон фидо қилиб, узоқ сафарларда, бегона юртларда бўлганида ўз юртию ва элини ҳеч унутмайди. Унинг ўз таъбири билан айтганда, келажак авлод соғлом ва жасоратли бўлиши лозим эди. Катта ўғли Хумоюннинг соғайиши учун ўз жонини беришга тайёр бўлади. Табибларнинг даволаш ҳаракатлари фойда бермай, ўғлининг дарди оғирлашавергач, шундай йўл тутишни афзал кўради. Аллоҳга сидқидилдан мурожаат этиб, Ҳумоюннинг ўрнига менинг жонимни ол, ўғлим ҳали ёш, у яшаши керак, дейди. Шунда ўғли соғайиб кетади ва ўзининг аҳволи оғирлаша бориб, икки ой ётиб қолади[3] ва 1530 йилнинг 26 декабрида вафот этади. Бобур дастлаб Жамна дарёсининг чап соҳилидаги Нурафшон боғининг марказий қисмига дафн этилади. 1533 йилда васиятига биноан, хоки Кобулга, “Боғи Бобур”га кўчирилади.

Бобурнинг асосий мақсадларидан бири ягона марказлашган давлат барпо этиш, мамлакатни обод қилиб, эзгу ниятларни рўёбга чиқаришдан иборат эди. Бу Ҳиндистонда амалга ошди. Уч асрдан зиёд вақт давомида барқарор бўлган ва Ҳиндистон тарихида муҳим роль ўйнаган марказлашган давлатнинг вужудга келиши, албатта, Бобур номи билан чамбарчас боғлиқдир. Ўз вақтида Жавоҳарлаъл Неру Бобур шахсияти ҳақида бундай илиқ сўзларни айтган: “Бобур энг донишманд ва дилбар шахслардан бири эди. Унда мазҳабий таассубдан, қолоқлик ва қисқа фикрлиликдан асар ҳам йўқ эди. У бошқа ҳокимлар каби вайрон қилиш, хароб этиш йўлидан бормади. Бобур санъат ва адабиётни қўллаб-қувватлаган кишилардандир”[4].

Буюк ҳинд давлат арбобининг бундай ҳароратли сўзлари Ҳиндистондаги Бобур ва унинг авлодлари фаолиятига берилган ҳаққоний баҳо бўлиш билан бирга, бобурийларнинг мамлакат тарихида тутган ўрни ва ролини ҳам холисона белгилаб беради.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур вафотидан сўнг Ҳиндистонни унинг тўнғич ўғли Ҳумоюн Мирзо (1531-1556), сўнг унинг ўғли Акбаршоҳ (1556-1605). бошқаради. Унинг ҳукмронлиги даврида Ҳиндистон иқтисодий ва маданий жиҳатдан энг юксак даражада ривожланган мамлакатга айланади.

Акбаршоҳдан кейин мамлакатни Жаҳонгир Мирзо (1605-1687), кейин унинг ўғли Шоҳ Жаҳон (1628-1658) идора этиб, ота-боболарининг ишларини давом эттиради. Бу давр Ҳиндистонда илм-фан ва маданият юксалиши, ўлмас архитектура обидалари бунёд этилиши билан характерлидир.

Адабиёт ва тарих, мусиқа ва санъатдан яхши хабардор бўлган, диний таълимотга чин ихлос қўйган Бобур имкон топилди дегунча олиму фозиллар даврасида бўлар, ижод аҳлига, ноёб касб-ҳунар соҳибларига самимий эҳтиром кўрсатиб, ҳомийлик қилар, моддий ва маънавий рағбатлантириб турарди. Чунки ўзи Бобур табиатан ижодкор эди. Йигитлик йилларидан умрининг охиригача самарали ижод билан шуғулланди, ҳеч бир оғир шароит ва вазиятда ҳам ижоддан тўхтамади, натижада ҳар жиҳатдан муҳим бой илмий ва адабий мерос қолдирди.

Бобур 18-19 ёшларида рубоий ва ғазаллар ёза бошлаган. “Топмадим” радифли ғазали ва “Ёд этмас эмиш кишини ғурбатда киши” мисраси билан бошланувчи рубоийси ўша йиллардаги ҳаёти билан боғлиқ.

Ҳиндистон юришлари даврида Бобур “Мубаййин” асарини яратди. Маснавий тарзида ёзилган, ислом ҳуқуқшунослиги ва шариат ақидаларига бағишланган бу асар 2258 байтдан ташкил топган. Валиаҳд Ҳумоюн ва Комрон Мирзога дастуруламал сифатида мўлжалланган “Мубаййин”да имон, намоз, рўза, закот ва ҳажга оид шаръий мезонлар ҳам баён қилинган. Асарнинг айни пайтга қадар топилган 8 та қўлёзмаси мавжуд бўлиб, улар асосида қатор илмий тадқиқотлар олиб борилган. Жумладан, С.Ҳасанов (2000), Т.Сейҳан (2004), Ҳ.Ҳасанов (2011) каби олимлар томонидан ўзбек ва турк тилларидаги нашрлари эълон қилинган.

Бобур Аллоҳнинг каломи бўлган Қуръони карим измига чин мусулмон сифатида қатъий амал қилиб, ҳар қадамида буюк мураббий Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини ўзига дастуруламал билган шариатпаноҳ шоҳ бўлган.

Бобур қаламига мансуб “Хатти Бобурий”, шунингдек, мусиқа санъати ва илми ҳарбга бағишланган қатор рисолалари ҳам бўлган. Аммо кейинги асарлар матнлари ҳануз топилган эмас. “Хатти Бобурий”да муаллиф араб алифбосини таҳрир қилиб, ёзувни соддалаштириш ва осонлаштириш мақсадида уни туркий тил ва талаффуз мезонларига мослаштирган.

Хулоса қилиб айтганда Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўз даврининг буюк шоири, иқтидорли саркардаси,  тарихчи ва дин пешвоси сифатида танилган улуғ сиймолардан бири бўлган. Унинг ҳаёти ва илмий мероси бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ.

[1] Ражабов Н. Маънавият сарчашмалари. Фан – Т.: 1999. Б.64.
[2] Ўзбек адабиёти. Ўқитувчи. Т.:1997. Б.22.
[3] Ражабов Н. Маънавият сарчашмалари. Фан – Т.: 1999. Б.66.
[4] Ражабов Н. Маънавият сарчашмалари. Фан – Т.: 1999. Б.4.
Тоҳир ЭВАДУЛЛАЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
илмий ходими

Check Also

АРБИНЖОН ВА УНГА ЁНДОШ ҚИШЛОҚЛАРДАН ЧИҚҚАН РОВИЙЛАР

Арбинжон шаҳри тарихда “Арбинжон”, “Арбинжони”, “Арбинж”, “Рабинжон” ва “Арабнажн” номлари билан аталган[1]. Аксар араб манбаларида …